ҒАЛЛА — 2021

ҒАЛЛА — 2021

Икки туман ғаллакорларининг меҳнат зафари

Бешариқ ва Бувайда туманлари дон сотиш шартнома
режасини вилоятда биринчи бўлиб бажарди

Бешариқ тумани ғаллакорлари 3 та дон кластерлари билан 21098 тонна дон етиштириш юзасидан имзоланган шартномага кўра, 189 та фермер хўжаликларида 9 минг 45 гектар ерда бошоқли дон етиштиришди. Қабул пунктларига етказиб берилган ғалла салмоғи 22 минг 400 тоннадан, ҳар гектар ердан олинган ўртача ҳосилдорлик 60 центнердан ошди.

“Қосимбой келажаги”, “Иномжон Абдумаликов”, “Турдиев Ҳамзали Турдиевич” дон кластерлари, “Ғофуржон Набиев”, “Толибжон Маҳмудов”, “Фарҳод Худойбердиев”, “Абдурашид Умаров”, “Иномжон Абдумаликов” каби фермер хўжаликларида ҳосилдорлик 85-90 центнерни ташкил этди.
Туманда ғалла ўрим-йиғими қизғин давом этмоқда. Ҳали ҳосили йиғиштириб олинмаган 4000 гектар ғалла майдони бор. Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, бу йил фермерларнинг ўзига 20 000 тоннадан ортиқ буғдой қолиши кутиляпти. Бу ғаллакорлар меҳнатининг самарасидир.
Бувайдалик фермерлар қабул пунктларига 18 минг 175 тонна дон етказиб берди. Мавсумда тумандаги 196 та фермер хўжаликлари саъй-ҳаракати билан 7 минг 305 гектар майдондаги бошоқли дон экинлари агротехник талаблар асосида парваришланди.
Ғалла ўрим-йиғимини тизимли ташкил этиш учун 28 та ўрим-йиғим отрядлари ташкил этилди. Ўрим комбайнлари, ғалла ташиш механизмлари ҳосилни пешма-пеш қабул пунктларига етказиб беряпти.
Тумандаги “Нури бахт”, “Истиқлол”, “Баҳромжон-Аҳроржон — 2020”, “Имомали Қосимович”, “Қиловтепа тонги”, “Алиқулова Анорхон Одиловна”, “Ҳожимурод Муҳаммадқодир пахтакор”, “Комилжон Мелибоев”, “Сардорбек Асадбек файз” сингари фермер хўжаликларида ҳар гектар ердан ўртача 65-70 центнердан ҳосил йиғиштириб олинди.
— Ғалла ҳосили ҳар қачонгиданда мўл бўлди, — дейди Бувайда туманидаги ”Ёрқинжон — Тоҳиржон” фермер хўжалиги раҳбари Саъдулла Абдуназаров. — Бу йил 47 гектар майдонда дон етиштирдик. Ҳар гектар ердан 100 центнердан ҳосил оляпмиз. Шу кунга қадар 60 тоннадан ортиқ дон сотдик, яна 176 тонна уруғлик ғалла етказиб берамиз. Меҳнатимизга яраша даромад оляпмиз, янги техникалар харид қилдик, ишчи-хизматчилар учун замонавий дала шийпони қурдик.
Қувасойлик миришкор фермерлар ҳам 900 тоннадан зиёд сара дон етиштириб, пешқадам ғаллакорлар сафидан жой олди.
Айни кунда вилоятимизда 99 минг 500 гектар майдондаги бошоқли дон экинларини ўриб-йиғиб олиш қизғин давом этмоқда.

Расулжон Камолов.
Муқимжон Қодиров
олган суратлар.