Вилоят ҳокимининг қабули

Вилоят ҳокимининг қабули

МУАММОЛАРГА ЕЧИМ
ТОПИШ – ХАЛҚИМИЗНИ ҲАЁТДАН РОЗИ ҚИЛАДИ

Бағдод. 20 июнь куни Бағдод туманидаги “Конизар” МФЙда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг жисмоний ва юридик
шахслар мурожаатлари бўйича оммавий сайёр қабули бўлиб ўтди.
Сайёр қабулда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан келган 50 нафардан ортиқ фуқаролар иштирок этди. Уй-жой, моддий ёрдам, ишга жойлашиш, соғлиғини тиклаш, йўлларни асфальтлаш, контракт тўловида ёрдам каби масалаларнинг аксарияти шу жойнинг ўзида ҳал этилди.
Назирахон Юсуфжонова Бағдод туманидан Риштон тумани Тўда қишлоғига келин бўлиб тушган. Сотиб олган хонадонининг кадастр ҳужжатлари чала. Саккиз ойлик чақалоғи парвариши учун моддий ёрдам олиш учун эса уй-жой ҳужжатлари зарур. Мурожаатдан сўнг муаммоларига ечим топилганидан хурсанд. Мутасаддилар эртагаёқ унинг хонадонига боришларини айтишди.
– Ўзим чеварман. Пандемия даврида жамғарган маблағимни ишлатиб қўйдим. Ногирон фарзандимни даволатишда муаммога дуч келдим, – дейди Қўқон шаҳридан келган мурожаатчи Марҳабохон Неъматова. – Ҳоким қабулидан сўнг вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси моддий кўмак ва замонавий тикув машинаси олишимга ёрдамлашадиган бўлишди.
Фарғона шаҳар “Сурхтепа” МФЙ “Ҳайрат” кўчасида истиқомат қилувчи Рустамжон Мамажонов олдинги сайёр қабулда маҳалла кўчасини асфальтлаш муаммосини айтган эди.
– Мурожаатимдан кейин икки ой ичида маҳалламиз кўчасига асфальт ётқизилди. Электр тармоғи янгиланиб, кўча чироқларини ҳам ўрнатиб беришди, – дейди Рустамжон. – Ўзим Марғилон шаҳридаги тез тиббий ёрдам бўлимида ҳайдовчи бўлиб ишлайман. Аҳоли мурожаатлари беэътибор қолдирилмаётганидан хурсандмиз. Вилоят ҳокимига, соғлиқни сақлаш, прокуратура ходимларига, йўлсозларга ташаккурномаларни топширдим, маҳалла аҳлининг миннатдорчилигини етказдим.
Сайёр қабул сўнгида вилоят ҳокими барча ташкилот ва муассасалар раҳбарларидан мурожаатлардан келиб чиқиб берилган топшириқларга масъулият билан ёндашишни талаб қилди.
– Ҳаёт давом этаркан, муаммолар юз кўрсатаверади. Ўз вақтида, тезкорлик билан уларга ечим топиш, ҳал этиш халқимизнинг ҳаётдан розилигига сабаб бўлади, – деди ҳоким.

Фарғона. 21 июнь куни Фарғона шаҳридаги “Тадбиркорлар уйи”да вилоят ҳокимининг навбатдаги қабули бўлиб ўтди. Бу гал тўртта сектор раҳбарлари ишбилармонлик ва тадбиркорлик фаолиятида муаммо ва тўсиқларга дуч келаётган фуқароларнинг мурожаатларини тингладилар.
Қабулда 80 га яқин тадбиркорлар иштирок этиб, улар томонидан “Эко дўкон” ташкил этиш, чорвачиликни ривожлантириш, ўқув маркази, савдо комплекси, ошхона, спорт майдони учун ер майдони ажратиш, кредит олиш каби кўплаб масалаларда мурожаатлар қилинди. Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимият ва идоралар томонидан тадбиркорлар фаолиятига тўсиқлар билан боғлиқ масалалар ҳам кўтарилди.
– Ўзбекистон туманида чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалигимиз бор, – дейди Аҳроржон Тойиров. – Ҳозирги кунда 400 бошдан ортиқ наслли қорамоллар парваришланяпти. Қабулда вилоятимизда фаолият юритаётган пахтачилик ва ғаллачилик кластерлари қошида чорвачилик комп-лексларини ташкил қилиш таклифимни айтдим. Ўйлайманки, масъуллар бунга эътибор қаратишади ва халқимиз истеъмоли учун бирмунча арзон ва сифатли гўшт етиштиришга эришилади.
Олтиариқ туманидаги “Муслима малика нурли келажак” ОК раҳбари Азизбек Бозоров ва Бешариқ туманидаги “Тотли нон” МЧЖ раҳбари Эркинжон Ҳайдаровларнинг мурожаати нон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар учун белгиланган ун фонди миқдорини ошириш ҳақида, фарғоналик фуқаро Шавкет Аблязимов шахмат-шашка спорт мактаби ташкил этиш масаласида, Ҳусан Атабаев эса жорий йилда ўтказилиши режалаштирилаётган қўл жанги бўйича мусобақаларни ўтказишга стадион ҳамда ринг ажратилишида ёрдам сўраб мурожаат қилишган.
Қабул давомида ҳар бир мурожаат масалага тааллуқли бўлган мутасаддилар иштирокида кўриб чиқилди. Сектор бошлиқлари, ташкилот-муассасалар раҳбарлари томонидан уларни ҳал этиш бўйича саъй-ҳаракатлар бошланди.
– Ҳар бир мурожаат ортида муаммо ётади. Келгусида ҳам шу сингари тўсиқлар пайдо бўлмаслиги учун мутасаддилар эътиборлироқ бўлишлари зарур. Халқпарвар, саховатли тадбиркорларимиз кўп, уларга шароит яратиш, ҳар жиҳатдан кўмаклашиш бизнинг асосий вазифамиздир, – деди вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, қабулни якунлар экан.
Ҳаётжон Бойбобоев.