Ёшлар фестивали кундалиги

Ёшлар фестивали кундалиги

ФАРҒОНАДА ЁШЛИК, ЖЎШҚИНЛИК ВА ШИЖОАТ БАЙРАМИ

Жорий йилнинг 18-20 июнь кунлари вилоятимизда “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида
республика “Ёшлар фестивали” бўлиб ўтди.

Шижоат, ташаббускорлик ва гўзаллик акс этган байрам йигит-қизларни эзгу мақсадларга руҳлантирди.
Унга республикамизнинг барча олий ўқув юртларидан талабалар, фестиваль доирасидаги лойиҳаларда эса вилоятимизнинг 30 мингдан ортиқ йигит-қизлари иштирок этдилар.
Фарғона давлат университети фестивалнинг бир нечта лойиҳаларига мезбонлик қилди. Иштирокчилар олийгоҳнинг минтақада ягона “Гендер тенглик тадқиқотлари маркази” ва “Болажон инновацион маркази” фаолияти билан танишишди. “Ёшлар — янги Ўзбекистон, янги Ренессанс бунёдкорлари” мавзусидаги илмий-амалий анжуман, “Етакчилар форуми” лойиҳасида уларнинг фикр-мулоҳазалари, мамлакат истиқболига қаратилган ташаббуслари тингланди.
Фестиваль иштирокчилари вилоятимизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳат қилишди. Марғилон шаҳри ва Риштон туманидаги Ҳунармандлар марказлари, “Bahodir Log’on textile”, “Vodiy shoess” хусусий корхоналари, Фарғона шаҳридаги Корея — Ўзбекистон халқаро университетида бўлдилар.
Фестивалнинг Қўқон ҳудудидаги тантанаси ҳам кўтаринки кайфиятда ўтказилди. Қатнашчилар Қўқон университети, “Меҳригиё” корхонаси фаолияти билан яқиндан танишишди.
Оммавий юриш марафонида миллий тимсоллар акси туширилган кийимларда давлатимиз байроғини баланд кўтарган иштирокчи ўғил-қизлар Фарғона шаҳридаги Университет кўчасидан вилоят Театр-концерт саройига қадар юриб бордилар.
Саройнинг очиқ майдонида ташкил этилган ёшлар кўргазмаларида истеъдодли ўғил-қизлар имкониятлари намойиш этилди. Қушлар кўргазмаси, спорт ўйинлари, интеллектуал баҳслар бўлиб ўтган ҳудудлар, ёш дўппичилар, ёш кулоллар майдонлари, айниқса, гавжум бўлди.
“Ёш ижодкорлар” анжуманида мустақиллик мушоираси ўтказилиб, бир гуруҳ ёш иқтидорли ижодкорлар вилоят ҳокимлиги томонидан тақдирланди.
Фестиваль якуни Ислом Каримов номидаги вилоят
Театр-концерт саройининг очиқ майдонида катта шодиёна сифатида нишонланди. Унда сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров мустақиллигимизнинг 30 йиллиги олдидан бўлиб ўтаётган “Ёшлар фестивали” билан барчани қутлади ва фарғоналик ёшларни барча жабҳада намуна бўлишига ишонч билдирди.
— Ёшларимизни биргаликда катта куч бўлиб, давлатимиз раҳбари истаганларидек, Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш учун курашишга чорлаб қоламан, — деди вилоят раҳбари.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи лойиҳаларида фаол иштирок этган етакчи жамоалар, турли йўналишларда ўз истеъдодини намойиш этиб келаётган ёшларга вилоят ҳокимининг диплом ва қимматбаҳо совғалари тантанали топширилди.
Таниқли санъаткорлар, эстрада юлдузлари иштирокидаги гала-концерт минглаб фарғоналиклар, шаҳримиз меҳмонлари, ёшларга завқ-шавқ бағишлади.
“Ёшлар фестивали, Фарғона-2021” ёзуви туширилган улкан ҳаво шари кўкка учирилди, тинч юрт осмонида мушаклар ёғдуси порлади.
Уч кун давом этган Фарғона фестивали юракларга жўшқинлик улашган ёшлик байрами сифатида хотираларга мухрланди.
Дилнавоз ҚЎЛДОШЕВА.
Элёр ОЛИМОВ олган суратлар.