Қишлоқ хўжалиги: истиқбол ва самара

Қишлоқ хўжалиги: истиқбол ва самара

Ҳар гектар ердан 105 центнер ҳосил олган фермер

маҳалладаги кам таъминланган оилалар ва битирувчи ёшларга такрорий экин учун 8 гектар ер ажратиб берди

Фурқат туманида 6730 гектар ерга такрорий экин экиш режалаштирилган бўлиб, бу 18,5 минг нафар аҳолини иш билан таъминлаш имконини беради. Булар “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” рўйхатига киритилганлар ҳамда мактаб битирувчиларидир.

— 45 гектар майдонда парваришланган ғалланинг ҳар гектаридан 105 центнердан ҳосил оляпмиз, — дейди Фурқат туманидаги “Нурафшон водий” фермер хўжалиги раҳбари, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Улуғбек Ўринов. — Дастлабки ҳисоб-китобларимизга қараганда, фермер хўжалигимиз ихтиё-рида 200 тоннадан ортиқ дон қолади.
Фермер ғалладан бўшаган 8 гектар ерни юқори унумли техника ёрдамида ҳайдатиб, такрорий экин экиш учун ҳудуддаги кам таъминланган оилалар ва ёшларга ажратиб берди.
Тумандаги “Ойбек Темиров” фермер хўжалиги раҳбари Қурбонали Темиров ҳам 44 гектар ердаги ғалладан мўл ҳосил етиштирди. Айни пайтда хўжаликнинг ғалладан бўшаган 6 гектар ерига мош экилди. Маҳалладошларига ёрдам тариқасида мош уруғини ҳам фермер хўжалиги ҳисобидан олиб берди.
— Турмуш ўртоғим вафот этган, — дейди “Ғунча” МФЙда истиқомат қилувчи Нодира Мелибоева. – Қарамоғимда икки нафар фарзандим борлиги учун “Аёллар дафтари”га киритилганман. Фермер томонидан берилган 0,25 сотих ерга мош экдим. Мошдан ўртача 650-700 кг ҳосил олиб, 4 миллион сўм даромад топишни режалаштиряпман. Пояси оиламиз чорваси учун қўшимча озуқа бўлади.
Ботир МАДИЁРОВ.
Суратларни Шерзод ҚОРАБОЕВ олган.