Қилмиш-қидирмиш

Ер сотган озодликдан маҳрум қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан 2017 йилнинг 1 декабридан бошлаб инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарининг иштирокчиларига ер майдонлари бериш бошланган.

Бироқ айрим мансабдор шахслар бундай имконият ва имтиёздан фойдаланиб, моддий манфаат топиш илинжида қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўяётгани, афсуски, учраб турибди. Шундай кимсалардан бири М.Д. ҳокимлик мансабдор шахси бўлгани ҳолда кичик саноат зонасидан ер майдони ажратишни сўраб мурожаат қилган “N” хусусий корхонаси раҳбари Б.Қ.дан ”чой-чақа” ундирмоқчи бўлди.
Аслида ер ажратиб бериш М.Д.нинг хизмат вазифасига кирмаса-да, у қонун билан белгилаб қўйилган мансаб ваколат доирасидан четга чиқди. Суҳбат чоғида хусусий корхона раҳбарига “холис хизмати”нинг харажатлари борлигини яшириб ўтирмади. Шунингдек, туманда фаолият олиб бораётган экспортёрнинг дебитор қарздорлигини сўндиришда юзага келган фарқни ёпиш учун ёрдам беришни ваъда қилди. Аммо у текин даромад топишни хомхаёл қилган эди.
2020 йил 1 октябрь куни ўтказилган тезкор тадбирда М.Д. олдин келишилганидек, кўп миқдордаги — 20.000 АҚШ долларини қўл остидаги ходими М.Б. орқали қонунга хилоф равишда олган вақтида далилий ашё билан ушланди.
Мазкур ҳолат бўйича фуқаро М.Д.га нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 206-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди. Суд томонидан у 3 йил моддий ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ҳамда 4 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилинди.

У.АХУНОВ,
Республика Бош
прокуратураси 11-бошқарма бошлиғи
ўринбосари.
У. АКБАРОВ,
Фарғона вилоят
прокуратураси 11-бўлим бошлиғи.