“Депутат ва ёшлар” учрашуви: ХАЛҚ ВАКИЛИ ФАОЛ БЎЛИШГА МАЖБУР

“Депутат ва ёшлар” учрашуви: ХАЛҚ ВАКИЛИ ФАОЛ  БЎЛИШГА МАЖБУР

“Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида ташкил этилган фестиваль доирасида Учкўприк туманида “Депутат ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Дониёр Ғаниев ва Расул Кушербаев билан очиқ мулоқот тарзида ўтказилган учрашувда мамлакатимизнинг 138 та олий таълим муассасаларидан келган 200 нафарга яқин талабалар қатнашди.
— Яқин вақт ичида депутатлар портали ишга тушиб, унинг мобиль иловаси орқали ҳар бир сайловчи ўз ҳудудидан сайланган депутатга электрон тарзда савол йўллаш имконига эга бўлади, — деди Дониёр Ғаниев. — Ўз навбатида, ҳар бир депутат ўзи сайланган ҳудуддаги Халқ қабулхоналарига уланиб, мурожаатларни ўрганиб боришига шароит яратилади. Депутат фаолияти бўйича баҳолаш тизими жорий этилади.
Шу йилнинг декабрь ойидан бошлаб Қонунчилик палатаси йиғилишларини телевидение орқали онлайн тарзда эфирга узатиб бориш режалаштирилмоқда. Демак, бундан буён ҳар бир депутат фаол бўлишга мажбур. Чунки қонун лойиҳалари муҳокамаси жараёнига тайёр бўлмаган депутатни барча кўриб туради. Керак бўлса, бунинг учун сайловчилари унга эътироз билдириши мумкин.
— Бир юзу эллик нафар депутат бирдек фаол бўлса, “қовун тушириш” камаяди, баҳс-мунозараларда яккаланиб қолиш ҳолатларига барҳам берилади, — дейишди бугунги кунда энг фаол, машҳур бўлган депутатлар.
Учрашувда депутатга мурожаат қилишнинг ҳам тартиби борлиги тушунтирилиб, бу борада маҳаллий ҳокимлик идоралари яхши ишламаётгани, ҳамюртларимизда ҳуқуқий маданият етишмаслиги афсус билан таъкидланди.
Юзма-юз мулоқотда талаба ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар юзасидан депутатларга мурожаат қилиб, қизғин баҳс-мунозарага киришишди.
Ўз мухбиримиз.