Мавзуга қайтиб

Мавзуга  қайтиб

КЕЧИКТИРИБ БЎЛМАС МАСАЛА ёки мактаб ҳожатхоналарининг
абгор ҳолати ҳақида

Мамлакатимизда таълим тизимини сифат жиҳатидан янгилаш, малакали ва замонавий билимга эга кадрларни тайёрлаш, халқ таълими соҳасига ахборот-коммуникация технологиялари ва инновацион лойиҳаларни жорий этиш каби йўналишларда бир қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Бу ислоҳотлар самараси ўлароқ, кейинги йилларда вилоятимиздаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари томонидан турли халқаро танловлар, фан олимпиадаларида фахрли ўринлар забт этилмоқда, илғор таълим тизимига эга хорижий давлатлардан ташриф буюрган экспертлар соҳага юқори баҳо беришмоқда. Лекин…

Вилоятимиз умумтаълим мактабларида бино-иншоотлар, синф хоналари ва ўқув жиҳозлари ҳозирги замон талаби даражасидами? Модомики, бугунги кун ўқитувчисидан замонавий билим бериш, жаҳонга бўйлашиш талаб этилаётган экан, уларга яратилган шароитлар қай даражада?
Бу муқаддас даргоҳга қанча эътибор қаратсак, муаллиму ўқувчилар учун қанча шароит яратсак кам. Зеро, ҳукуматимиз томонидан бу масалага алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Бироқ барча таълим муассасаларида ҳам аҳвол талаб даражасида эмаслиги бор гап. Тизимга мамлакат миқёсида катта миқдорда маблағ ажратилаётган бир вақтда айрим мактабларнинг ёрдамга муҳтожлиги, хусусан, мактаб бинолари, ҳожатхоналар абгорлиги кишини ўйлантириб қўяди.
Газетамизнинг шу йил 8 ян-варь сонида Қувасой шаҳрида баъзи мактаблардаги ҳожатхоналарнинг аҳволи ҳақида мақола чоп этилган эди. Хусусан, 9 ва 27-мактаблар танқид остига олинганди. Мактаблар мутасаддилари билан боғландик, қурилиш ишлари бошлангани, янги ўқув йилига тайёр бўлишини айтишди.
Фарғона тумани, Чимён қиш-
лоғидаги 14-мактаб 1975 йили қурилган. 1100 нафар ўқувчи ўқийди. Охирги марта 2005 йили жорий таъмирдан чиқарилган. PISA дастурини ўрганиш бўйича таянч мактаб саналади. Лекин ҳожатхона таъмирталаб аҳволда, эшиклар қийшайган, қўл ювиш жойи йўқ…
Тумандаги “Янги боғ” МФЙда жойлашган 27-мактабда спорт зали, ошхона, лаборатория хоналари йўқлигини қандай баҳолаш мумкин? Ичимлик сув тармоғи ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Мактабга кираверишда “ярқ” этиб кўринадиган ҳожатхонанинг аҳволи эса хароб.
Фарғона шаҳридаги 30-мактабда 1700 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Юздан ошиқ педагог меҳнат қиладиган таълим даргоҳида мақтагулик натижаларга эришилган. Мисол учун, бу йил мактаб ўқувчилари – Муслима Абдураҳимова, Раҳмонберди Ҳакимовлар синхрон сузиш ҳамда спорт гимнастикаси бўйича республика чемпио-
ни бўлишди ва муддатидан аввал талабалар сафидан жой олишди.
– Муаммоларни бартараф қилишга уринамиз, лекин баъзилари учун маблағ, кўмак керак, – дейди 43 йилдан буён шу ерда меҳнат қилаётган директор Сарбарой Маҳмудова.
Мактаб ҳожатхонаси, чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани биноси ачинарли аҳволда. Директор опа “гап эшитиб қолиши, тез фурсатда бартараф этиши”ни айтса-да, суратга олдик.
Фарғона шаҳар, “Хўжамағиз” МФЙда жойлашган 18-мактабда ҳам ҳавас қилгулик ҳолатга дуч келмадик. Ҳашар йўли билан таъмирлаш-бўяш ишлари бажарилганини айтмаса, қурилганидан буён капитал таъмирланмаган. Директорнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Шоҳиста Ибрагимованинг айтишича, юқори ташкилотларга кўп бора мурожаат қилишганига қарамай, ечимини кутаётган муаммолар талайгина.
Дарвозадан кираверишга “жойлашиб олган” мактаб ҳожатхонасига беихтиёр назар ташлаймиз. Гарчи тозалаб-супуриб қўйилган бўлса-да, тор ва димиқ, замон талабига жавоб бермайди, ювиниш мосламалари йўқ.
– Канализация тармоғи шундоқ ёнимиздан, йўлнинг нариги тарафидан ўтган, – дейди директор ўринбосари Ш.Ибрагимова. – Шу тармоққа уланиш кўп муаммоларга ечим бўларди. Мактабда тадбирлар ўтказиш учун зал ҳам йўқ. Қишлоғимиздаги тадбиркорлар қўлларидан келганича ёрдам бериб келишади. Ана шундай ҳомийлар мадади билан мактаб ҳудудининг бир қисми девор билан ўралди. Спорт зали ва баъзи синфхоналарнинг дераза-ромлари эски, ёрилиб-чатнаб кетган, алмаштириш зарур.
Ҳожатхона ва маиший бинолар муаммоси вилоятимизнинг аксарият мактабларида мавжуд. Йиллар давомида тўпланиб қолган бошқа масалалар ҳам ўз ечимини кутмоқда.

– Вилоятимиз-
даги 971 та мактабнинг ярмидан кўпи – 522 тасида ҳожатхоналарни таъмирлаш ва реконструкция қилиш (шундан 90 тасини янгидан қуриш) зарурлиги аниқланди, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг қурилиш масала-
лари бўйича ўринбосари Рус-тамжон Холиқназаров. – Ана шу таъмирталаб мактаб ҳожатхоналарига турли ташкилот ва корхоналар ҳомий сифатида бириктирилиб, бугунги кунга қадар 23 тасида қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланди. Таъмирлаш ишларига шу мактабларни битириб чиққан ва тадбиркорлик билан шуғулланаётган фуқароларни кенг жалб қилиш, шунингдек, синфдошлар ҳаракатини фаол йўлга қўйиш режалаштирилди.
Таъкидлаш керакки, амалга оширилаётган ишлар вилоят ҳокимлиги назоратида бўлиб, мунтазам равишда муҳокама этиб борилмоқда. Бошқарманинг шаҳар, туманларга бириктирилган вакиллари томонидан кунлик мониторинг олиб борилиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари жадаллаштирилмоқда.
Келажак – ёшлар қўлида. Зеро, бугун ёш, навниҳол ўғил-қизларимизга берилаётган ҳар бир имконият, кичик эътибор ҳам уларнинг юксак марраларни забт этишига, жаҳон миқёсида ўз сўзини баралла айтишига омил бўлади. Шундай экан, келажак эгалари бўлган ёшлар тақдирига бефарқ бўлмасдан, уларнинг муносиб таълим-тарбия олишларига замин яратиш, хусусан, ҳожатхоналарни талаб даражасида қуриб-таъмирлаш ва жиҳозлаш кечиктириб бўлмас долзарб вазифа эканлигини унутмаслигимиз керак.

Ҳаётжон БОЙБОБОЕВ.
Суратларни
Элёр Олимов олган.