ЎЗИНИ ОҚЛАМАГАН ШИРКАТ ёки унинг вориси ҳақида

ЎЗИНИ ОҚЛАМАГАН ШИРКАТ ёки унинг вориси ҳақида

Дарҳақиқат, вилоятимизда фаолият кўрсатаётган 301 та ширкатнинг аксарияти ҳам оғир аҳволда. Мавжуд муаммоларнинг аксарияти мулк-
дорларнинг ойлик хизмат ҳақини ўз вақтида ёки умуман тўламасликларига бориб тақалади. Бу, уларнинг интизомсизликлари ёки ширкатдан норози эканликларидан далолат. Норозилик эса, ўз навбатида, бу ташкилот томонидан амалга оширилаётган ишлардан бехабар бўлганлик натижасида келиб чиқмоқда.
Ростини айтганда, хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатларга муносабатлари аксар ҳолларда салбийдир. Бунинг эса объектив сабаблари бор. Биринчиси ва асосийси — ширкатларнинг мулкдорларни рози қилмасликларида, яъни кўрсатилаётган хизматлардан қониқмасликда.
— Ширкатга умуман зарурат йўқ, деб ҳисоблайман, — дейди Фарғона шаҳридаги Ойбек номли мавзеда яшовчи Д. Гузель, — ўтган йилнинг ёзигача “Фарғона маҳлиё коммунал плюс” ширкатига ҳар ойда 40 минг сўмдан тўлаб келганман. Уйимиз ертўласида канализация қувури ёрилиб, таъмир талаб этилганида, пул тўплай бошлашди. Ҳар ким имкониятидан келиб чиқиб пул берди. Мен аввалига 20 минг сўм бердим, янаги сафар аниқ суммани сўраб келишганидан ке-
йин эса ширкатга бўлган ишончим бутунлай йўқолди. Мана, тўловни тўхтатганимга ҳам бир йил бўлибди.
Аксарият мулкдорларнинг наздида ширкат истеъмолчилардан фақатгина пул йиғиш билан овора, бошқача қилиб айтганда, ўз молиявий манфаати ҳақида қайғуради, холос. Бундайларни “тинчлантириш” учун Аҳмад Яссавий номли мавзеда жойлашган “Фарғона нақшин-жаҳон” ширкати ғазначиси Муҳаббатхон Султонованинг ойлик маоши 800 минг сўм эканлигини қайд этиш ўринли. Бу ширкатда раис ва ғазначи ишлайди, холос. Чилангар, сантехник, электрик эса зарур бўлган ҳоллардагина ёлланади, чунки уларни доимий ишга қабул қилиб, ойлик маош тўлашнинг иложи йўқ: ширкатнинг банкдан қарзи бор.
Ўз навбатида, кўплаб мулкдорлар ширкатдан қарздор. Хусусан, Саид Аҳмад кўчасида яшовчи Ф.Давлатованинг ширкатдан 768 минг сўм, Г. Стучалованинг эса икки миллион сўмга яқин қарзи бор. Бундай қарздорлар анчагина. Бироқ уларга таъсир ўтказиш воситаси ёки қарз ундириш механизми мавжуд эмас. “Фарғона нақшин-жаҳон” ширкати раиси Дилфуза Назимова қарздорликни суд орқали ундириб олиш пайига тушган. Гарчи судга ҳужжат сифатида тақдим қилиниши мумкин бўлган ширкат ва мулкдор ўртасидаги шартнома тузиш амалиёти бир неча йил олдин бекор қилинган бўлса-да.
Ширкатнинг ширкатдан фарқи бор. Фарғона шаҳрида 113 та шундай ташкилот бўлса, улар орасида намунали иш юритаётганлар ҳам йўқ эмас. “Қарс икки қўлдан чиқади”, деганларидек, ширкатларнинг оғир аҳволга тушиб қолишларига, бир томондан, уларнинг масъулиятсизлиги, баъзан инсофсизлиги, иккинчи томондан эса мулкдорларнинг тўловни ўз вақтида амалга оширмаётганлигига олиб келган.
— Ўзга чора йўқ, — дейди Дилфуза Назимова. — Тушунтиришлар наф бермаса, нима қилайлик? Банкдан қарз олганмиз, уни фоизи билан қайтаришимиз керак.
— “Ширкатнинг фойдаси йўқ”, деб ўйлайдиганлар кўп, — дейди Абдулла Қодирий МФЙ ҳудудида жойлашган “Фарғона коммунал сервис” ширкати назоратчиси Диёра Юлдашева. – Илгари мен ҳам шу хаёлда эдим. Иқтисодиёт коллежини битирганман, ширкатга яқинда ишга кирдим. Мулкдорлардан “Ширкат нима қилибди?”, деган саволни тез-тез эшитиб тураман. Ҳақиқатан ҳам ширкат иши кўринмайди, боз устига баъзилар вазиятни тушунишни хоҳлашмайди ҳам. Уларнинг бу саволга батафсил жавоб олишлари учун яқинда 59-уйда яшовчилар билан мажлис ўтказдик.
Маҳаллада иккита ширкат бор. Уларнинг бири — “Фарғона коммунал сервис” 17 та 4-5 қаватли уйга хизмат кўрсатади. Идораси Абдулла Қодирий кўчасидаги 67-уйнинг ертўласида жойлашган бўлса-да, тоза, шинам ва файзли. Бу ширкатнинг муаммолари ҳам мулкдорларнинг тўловни ўз вақтида амалга оширмаётганликлари билан боғлиқ. Ахир ўйлаб кўринг, биргина 45-уйда яшовчи хонадон соҳибларининг 2020 йил бошига умумий қарзи 18 миллион сўмдан ортиқ! Лекин молиявий қийинчиликка қарамай, ширкат ҳозир 51-уйда мукаммал таъмирлаш ишларини олиб боряпти.
— Мулкдорлар тўловга ўта бепарво, талаб-
лари эса бир дунё, — дейди ширкат раиси Илҳомжон Бекмирзаев. — Улар айни пайтда мажбуриятлари ҳам борлигини унутишаётган кўринади. Тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилмаслиги ҳақиқатдан қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда. Одамлар қийналиб қолишмасин деб, тўловни уй-жой фойдали майдонининг ҳар бир квадрат метри ҳисобига 400 сўм қилиб белгилаганмиз. Шундай бўлса-да, аҳоли кўрсатилаётган хизмат ҳақини ўз вақтида тўлаётгани йўқ.
Натижада ширкатнинг ўзи қарздорга айланган. Масалан, ўтган йили шартномага асосан “Водий санитария” МЧЖ 17 та уйнинг 97 та подъездида дезинфекция ўтказган, лекин ширкат ҳануз хизмат ҳақини тўламаган.
Раиснинг гапларига қараганда, илгари ширкатда чилангар, сантехник, электрик бор эди, лекин пандемия туфайли карантин эълон қилинган даврда тўловлар кескин пастлаб кетиб, штатларни қисқартиришга тўғри келди. Озод этилган ходимлардан бири: “Бир йиллик маошимни олганим йўқ”, деб Ўзбекистон Рес-
публикаси Президентининг Фарғона вилоятидаги Халқ қабулхонасига арз қилибди. У ҳақ, албатта, лекин тушум тузук бўлмаса, ширкат нима қилсин? Тўловларни мулкдорларнинг ҳеч бўлмаганда 70-80 фоизи ўз вақтида амалга оширганида ҳам аҳвол ўнгланарди. Молиявий аҳволнинг чатоқлиги боис ҳам мутахассисларни ишдан озод этишга тўғри келди.
Айтинг-чи, қайси истеъмолчи чилангар, сантехник, электрик банд бўлмаган ширкатга ишонч билан қарайди? Бу мутахассисларнинг хизмати керак бўлганида одамлар ширкатга мурожаат қилмай, уларни ўзлари топишади.
У ёки бу ишни бажариш учун ширкатлар тижорат банкларидан 14-16 фоиз асосида кредит олишга мажбур. Қарзни қайтаришнинг йўли эса битта – тенг ҳуқуқли иштирокчилар бўлмиш хусусий уй-жой мулкдорлари томонидан ширкатга тўловни ўз вақтида амалга ошириш. Лекин амалда бундай бўлмаяпти.
Энди бевосита мулкдорларга дахлдор янгилик ҳақида. Вақт ширкатлар ўзларини оқламаганликларини кўрсатяпти. Шунинг учун ҳам уларнинг ўрнига аввал фаолият кўрсатган уй-жойларни эксплуатация қилиш идораси турдаги ташкилот зарурати туғилмоқда.
— Фарғона шаҳрининг “Шодиёна” МФЙда тажриба тариқасида “Мусаффо ҳаёт” МЧЖ иш бошлаб, у тўртта – “Шодиёна”, “Машъал”, “Ифтихор” ва “Соҳибқирон Темур” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатади, — дейди вилоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармасининг етакчи мутахассиси Акрамжон Алижонов. — Мавжуд бешта ширкат ўрнида ишлайдиган бу корхонага чилангар, сантехник, электрик-
лардан ташқари лифтга хизмат кўрсатувчи мутахассислар ҳам жалб этилмоқда. “Мусаффо ҳаёт” кечаю-кундуз фаолият кўрсатиб, навбатчи гуруҳ сутканинг исталган вақтида тезкор хизмат кўрсатади. Авария содир бўлганида, масалан, ертўладаги сув қувури ёрилганида корхона диспетчерига мурожаат қилиб, навбатчи гуруҳни чақириш мумкин бўлади.
Хулласини айтганда, бундай корхона фаолияти хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига қараганда анча самарали бўлади, чунки у талаб даражасидаги моддий-техника базасига эга, банд бўлган ходимлар эса малакали мутахассислар ҳисобланади. Шуни қўшимча қилиб айтиш керакки, корхона мулкдорларнинг белгиланган тариф бўйича тўловларни ўз вақтида бирдек тўлаган тақдирдагина самарали фаолият юрита олади. Бундан иккала томон манфаатдор эканлигини унутмаслик керак.

Тамара ТОШМАТОВА.