Яхшидир аччиқ ҳақиқат

Яхшидир аччиқ ҳақиқат

“ФАРFОНАЧА” ЕКСПОРТ  фермерларни сарсон қилиб, асаббузарликларга сабаб бўлмоқда

Марғилон туманлараро иқтисодий судига Қўштепа туман давлат солиқ инспекциясидан даъво ариза келиб тушди. Унда даъвогар тумандаги “Турдимат” фермер хўжалигига нисбатан 1.086.853.774 сўм молиявий жарима қўллашни сўраган. Ҳақли савол туғилади: хўш, мазкур жарима қандай асосга кўра ҳисобланган?

Қўштепа тумани давлат солиқ инспекциясининг даъво аризасида ёзилишича, боғдорчиликка ихтисослашган “Tурдимат” фермер хўжалиги ва Россиянинг “Оддиссей групп” МЧЖ билан тузилган экспорт шартномаси бўйича 2020 йил 1 октябрь ҳолатига 349,299 АҚШ доллари миқдорида муддати ўтган дебиторлик қарздорлик вужудга келган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги “Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари мониторингини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 283-сонли қарори билан тасдиқланган “Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 24-бандига асосан, экспорт контракти бўйича тушум тушиши ёки товарларни қайта олиб кириш муддати товарларга нисбатан – “экспорт” божхона режими бўйича божхона юк декларацияси расмийлаштирилган санадан ва хизматларга (ишларга) нисбатан — бажарилган ишларни қабул қилиш далолатномаси имзоланган санадан бошлаб 180 кундан ошиб кетмаслиги керак.
Низомнинг 27-бандига мувофиқ эса чет элдан хорижий валютадаги тушум тушиши кечиктирилишига йўл қўйган экспорт қилувчилар, 180 кунгача кечикканда — тушмаган валюта маблағлари
ёки “эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимида расмийлаштирилмаган товарлар, шунингдек, бажарилмаган ишлар ёки кўрсатилмаган хизматлар суммасининг 10 фоизига тенг миқдорда, 180 кундан 365 кунгача кечикканда — 20 фоизга тенг миқдорда қўшимча, 365 кундан ортиқ кечикканда —70 фоизга тенг миқдорда қўшимча жарима тўлайдилар.
Қўштепа туман ДСИ ана шу низом талабларидан келиб чиқиб, жавобгарга нисбатан хорижий ҳамкор билан вужудга келган дебитор қарздорликнинг 10 ва 20 фоизи миқдорида, жами 1,086,853,774 сўм молиявий жарима қўллашни сўраган.
Маълумки, шу йилнинг 21 апрель куни Президентимизнинг тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш, уларни зарур молиявий ва инфратузилмавий ресурслар билан таъминлаш мақсадида “Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорда 2021 йил 1 май ҳолатига шаклланган ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш тўхтатилиши ва дебитор қарздорлик вужудга келиш муддатлари 2021 йил 1 майдан бош-лаб янгидан ҳисобланиши белгилаб қўйилган. Ана шу асосга таянган суд Қўштепа туман ДСИнинг даъвосини рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.
Бу – масаланинг иқтисодий судда кўрилган ҳолати. Аммо муаммонинг асл илдизи бошқа ёқда эканлиги аниқ. Гап шундаки, 2019 йилнинг тўртинчи чорагида Қўштепа туман ҳокимининг собиқ биринчи ўринбосари Бахтиёр Таниқулов “Tурдимат” фермер хўжалиги муҳрини олиб кетади-ю, маълум муддат ўтгандан сўнг қайтариб беради. Ўшанда ҳоким ўринбосари ва ҳокимлик вакиллари фермернинг номидан экспорт шартномаларини имзолаб, муҳр босишган. Мақсад туманнинг экспорт режасини бажариш бўлган. Аслида эса фермернинг имзоси чекилган шартномасидан фойдаланиб, экспортни бошқа тадбиркорлар амалга оширган. Хорижий ҳамкор экспорт қилинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг ҳақини ўз вақтида тўламагач, фермер хўжалиги зиммасида 349,299,1 АҚШ доллари миқдоридаги муддати ўтган дебитор қарздорлик пайдо бўлган. Буни асос қилиб олган солиқчилар эса иқтисодий суддан хўжаликка молиявий жарима қўллашни сўрашган. Умуман олганда, шу тариқа тумандаги 16 та фермер хўжа-
ликлари зиммасида 2,977,907 АҚШ доллари миқдорида ана шундай нореал қарздорлик юзага келган.
— Мен ҳеч қандай экспорт қилмаганман. Қўштепа туман ҳокимининг собиқ ўринбосари Бахтиёр Таниқулов мен сингари жуда кўп фермерларнинг муҳрини олиб кетиб, шундай иш қилган экан. Жабрдийда фермерлар Қўштепа туман прокуратурасига мурожаат қилдик, — дея судда кўрсатма берди фермер хўжалиги раҳбари М.Тожиматов.
Дарҳақиқат, тумандаги “Tурдимат”, “Нуриддин Улуғ ери”, “Қизилтепа” ва “Умарбек” каби фермер хўжаликларининг мурожаатига асосан 2021 йилнинг 21 январь куни туман прокуратураси Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми “а,б” бандлари ва 228-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатган. Аммо…
Бундай ҳолатлар фақатгина Қўштепада эмас, вилоятнинг бошқа туманларида ҳам содир этилган. 2019 йилнинг баҳор ойларида Тошлоқ тумани ҳокимлиги вакили Алижон Абдувоҳидов “Файзли юрт кўрки” фермер хўжалигига нисбатан ана шундай ноҳақлик қилган. 2020 йил 1 октябрь ҳолатига фермернинг гарданида 1,167,676 АҚШ доллари миқдорида дебитор қарздорлик вужудга келган. Қўштепалик ҳамкасблари сингари чаққонлик қилган Тошлоқ туман ДСИ масъуллари хўжаликка 3 миллиард 630 миллион 707 минг сўм миқдорида молиявий жарима қўллаш юзасидан судга даъво ариза киритган.
Суд жараёнида Тошлоқ туман ҳокимлиги масъулларининг қилмишлари фош бўлди. Шу боис, Марғилон туманлараро иқтисодий суди “Файзли юрт кўрки” фермер хўжалиги номидан имзоланган экспорт шартномасининг қалбакилаштирилганлиги ҳолатига ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан хусусий ажрим чиқариб, Тошлоқ туман прокуратурасига юборди. Натижада айни ҳолат бўйича тегишли жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади: хўш, фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш ўрнига уларни миллиардлаб қарзга йўлиқтириш, сарсону саргардон қилишнинг кимга кераги бор? Фарғона вилоятида нега экспортга оид ҳукумат топшириғини бажаришда сохтакорлик қилинмоқда? Ёки бу экспорт қилишнинг “фарғонача” усулими?

Таҳририятдан: “Фарғона ҳақиқати” газетасининг 2021 йил 9 февраль кунги сонида “Қува тумани сектор раҳбарларидан қолган муаммоларни ким ҳал этади?!” сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган. Мақолада худди Қўштепа ва Тошлоқда бўлгани каби Қува туманида ўнлаб фермер хўжалик-
лари номидан амалга оширилган сохта экспорт учун сарсону саргардон бўлаётган фермерлар дарди ёзилган эди. Афсуски, орадан шунча вақт ўтганига қарамай қувалик фермерларнинг муаммоси ҳал этилгани йўқ.
Аслида фермерлар номидан қилинган сохта экспорт муаммоси билан боғлиқ ҳолатлар вилоятимизнинг деярли барча туманларида учрайди. Ишонамизки, ушбу масала ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан назоратга олинади ва муаммони ҳал этиш чоралари кўрилади.
Биз бу мавзуга яна қайтамиз.

Алишер МАДАМИНОВ,
Фарғона вилоят суди раисининг ўринбосари.
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист.