ҲАР БИР ОИЛАНИНГ ДАРОМАД МАНБАИ БЎЛАДИ

ҲАР БИР ОИЛАНИНГ  ДАРОМАД МАНБАИ БЎЛАДИ

Шу кунларда вилоятимизда ғалла ва эртаки экинлар ҳосилидан бўшайдиган ерда такрорий экин экиш ҳисобига ҳар бир оиланинг даромад
манбаига эга бўлиши таъминланмоқда.

Айни жараёнда вилоят миқёсида 100 минг 208 гектар ерда такрорий экин экиш режалаштирилган бўлиб, натижада 300 минг нафар ҳамюртимизга ер ажратиб берилади. Булар:
19 минг 267 нафар “Темир дафтар”га киритилганларга 4 минг 817 гектар;
20 минг 443 нафар “Ёшлар дафтари” рўйхатидагиларга 4 минг 89 гектар;
17 минг 68 нафар “Аёллар дафтари”дагиларга 4 минг 268 гектар.
Шу тариқа вилоятда 132 мингдан зиёд расмий ишсизларга салкам 39 минг гектар ер майдони ажратиб берилмоқда.

Белгиланган режа асосида Ёзёвон туманида 18,5 минг нафардан ортиқ ҳамюртимизга 5,7 минг гектардан кўпроқ ер бириктириляпти.
— Ғалладан бўшаган 8 гектар ер “Истиқлол” МФЙда истиқомат қилувчи “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”га киритилган ҳамқишлоқларимизга 0,25 гектардан тақсимлаб берилди, — дейди Ёзёвон туманидаги “Ёз агро-стар” фермер хўжалиги раҳбари Аброр Солиев. – Фермер хўжалиги ҳисобидан ер майдони тракторда ҳайдалиб, экин экишга тайёрланди. Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш бўлими Кенгаши томонидан уруғлик етказиб берилмоқда. Уруғлик пули ҳосил даромадидан қопланади.
“Истиқлол” МФЙда яшовчи Ҳабибулло Ҳусанов “Ёшлар дафтари”га киритилган. У ўзига ажратилган ерда такрорий экин сифатида мош экиш тараддудида. Дастлабки ҳисоб-китобига кўра, 5 млн. сўм даромад олади. Мош пояси оила чорваси учун қўшимча озуқа.
“Янгиобод” МФЙ туман марказидан 40 км олисда жойлашган. Ҳудуддаги “Муҳаммадазиз иқболи” фермер хўжалиги томонидан 17 нафар ишсизга 4,25 гектар ер майдони такрорий экин учун ажратиб берилди. Ҳозирги кунда ушбу ерда шоли экиляпти.
Таъкидлаш ўринлики, эзгу ташаббус доирасида Ёзёвон туманида 8,5 мингдан зиёд расмий ишсиз бўлган оила вакиллари иш билан таъминланди.
Ботир МАДИЁРОВ.