Бугуннинг гапи

Маънавият – энг муҳим ва ҳамма шуғулланиши керак
бўлган масала

Маънавият миллатни тараққиётга етак-ловчи, давлатнинг қудратини оширувчи муҳим омил саналади. Зеро, инсоннинг жамиятдаги ўрни унинг моддий бойлик-лари билан эмас, балки юксак маънавий қиёфаси билан белгиланади. Қушнинг парвозини унинг қўш қанотисиз тасаввур қилиш қийин бўлганидек, одамзотнинг иқболини, жамиятнинг истиқболини ҳам икки қанот – маънавият ва маърифатсиз англаш мушкул.

Бугунги глобаллашув даврида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш давлат сиёсати даражасида кун тартибига чиқди. Президентимизнинг жорий йил 26 мартда қабул қилинган “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишда устувор йўналишлар ва долзарб вазифаларни белгилаб бергани билан аҳамиятлидир.
Маънавият масаласи барча учун дахлдор. Хўш, вилоятимизда маънавий-маърифий ишлар тизимида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
— “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғояси асосида жамиятда узлуксиз маънавий-маърифий тарбия ва ташвиқот ишларини ташкил этишнинг 7 та асосий йўналишларини белгилаб олган ҳолда таъсирчан, креатив ва инновацион услублар орқали тарғибот ишлари олиб борилмоқда, — дейди Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Хурсаной Исломова. — Вилоят Маънавият ва маърифат кенгашига 50 нафар соҳанинг етук мутахассислари, олимлар, ижодкор зиёлилар, вилоятдаги мавжуд бошқарма, корхона, ташкилот ва муассаса раҳбарлари, шаҳар ва туман ҳокимлари киритилиб, таркиби қайта тасдиқланди. Ҳар бир умумтаълим муассасасида ижтимоий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозими жорий этилди.
12 та шаҳар ва туман марказларида Қўштепа тумани мисолида “Маънавият ва маърифат маскан”лари барпо этилиши режалаштирилган. 65 та бошқарма ва ташкилотлар ҳамда ҳудудий бўлинмалар томонидан маънавий-маърифий соҳадаги фаолиятни мувофиқлаштиришга қаратилган икки томонлама “йўл харита”лари ишлаб чиқилиб, ижроси таъминланмоқда. Вилоятдаги умумий ўрта таълим муассасалари директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарларини туман-шаҳар Маънавият ва маърифат маркази бўлинмалари раҳбарларининг тавсиясига асосан лавозимга тайинлаш бўйича вилоят халқ таълими бошқармаси билан келишув йўлга қўйилди. Шу кунга қадар 39 та мактабларнинг директор ўринбосари лавозимларига номзод кадрлар тавсия этилди.
Ҳар бир ҳудудда маънавий-маърифий соҳада илғор тажрибалар бор. Шаҳар ва туманлар ўртасида “Энг намунали туман” кўрик-танловида иштирок этиш учун вилоят ҳокимлиги билан келишилган ҳолда Бувайда тумани танлаб олинди ва Республика Маънавият ва маърифат кенгашига тавсия этилган. Ҳар ҳафтанинг жума кунлари барча бошқарма, идора ва корхоналарда “Маърифат соатлари”ни ўтказиш йўлга қўйилган. Маҳаллаларда “Ҳар бир нуроний — беш нафар ёшга мураббий” тамойили асосида ҳар бир маҳалладан 5 нафардан маънавий кўмакка муҳтож, уюшмаган, ишсиз ёшларни 1 нафар нуронийга бириктириш бўйича янги тизим яратилди. Бундан ташқари, “Бир зиёли —
бир маҳаллага маънавий ҳомий” тамойили асосида 1 минг 41 та маҳаллага вилоятдаги олий таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчилар, ёзувчи, шоир, таниқли санъаткор ва зиёлиларни бириктириб, маънавий-маърифий, тарғибот ишларини “маҳаллабай” тарзда ташкил этиш чоралари кўрилмоқда.
Ёшлар ўртасида китобхонликни оммалаштириш, китоб ўқишга бўлган қизиқишларини ошириш, бу борадаги тарғибот ишларини кучайтириш муҳим вазифалардан саналади. Ўтган давр мобайнида мингдан ортиқ китоб кўргазмалари ташкил этилди, бундан ташқари 166 та турли танловлар ўтказилди. Маҳалла фуқаролар йиғинларида янги ташкил этилган кутубхоналар, ҳарбий қисмлар, ИИБ, меҳрибонлик уйлари, мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактабларининг китоб фондини бойитиш мақсадида Маънавият ва маърифат маркази Фарғона вилоят бўлими томонидан 12 мингдан зиёд китоблар бепул тарқатилди. Шунингдек, кам таъминланган, серфарзанд оилалар хонадонларида китоб жавонлари янги адабиётлар билан тўлдирилди. 210 та “Маҳалла кутубхоналари” ташкил этилиб, 126 та кўчма кутубхоналар фаолият олиб бормоқда.
Ҳудудларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббуси доирасида турли тарғибот тадбирлари, учрашувлар, мулоқотлар ўтказиб келинмоқда. Айни кунларда “Маънавият фестивали” ва унинг доирасидаги тадбирлар юқори савияда ташкил этиляпти.
Афсуски, айрим ташкилотлар ва бошқармалар маънавият масаласига бефарқлик билан муносабатда бўлмоқда. Маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш, унинг янги тизимини яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар қоғозда акс этган, холос. Амалий ишлардан дарак йўқ. Туман ва шаҳар Маънавият ва маърифат кенгашлари йиғилишларида кўрилаётган ва муҳокама этилаётган масалалар чуқур таҳлил этилмаган ҳамда камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилмаган.
Президентимиз шу йилнинг 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида бу борада аниқ вазифаларни белгилаб берди. Маънавият – энг муҳим ва ҳамма шуғулланиши керак бўлган масала ҳисобланади. Ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Шундай экан, маънавият масаласига ҳеч кимнинг лоқайд ва бефарқ бўлишига ҳаққи йўқ.
Маъсуджон Сулаймонов.