Афв этиш – инсонпарварлик акти

Афв этиш – инсонпарварлик акти

Афв этиш маҳкумни жазодан тўлиқ ёки қисман озод этадиган ёки суд томонидан тайинланган жазони бошқа енгилроқ жазо билан алмаштирадиган ёхуд судланганликни олиб ташлайдиган инсонпарварлик акти ҳисобланади.

Афв этиш муайян маҳкумга нисбатан индивидуал тартибда амалга оширилади ҳамда уни оқлайдиган ва у томонидан жиноят содир этганлик фактини бартараф қиладиган ҳолат ҳисобланмайди.

Афв этиш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Фармон қабул қилиш орқали амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 майдаги ПФ-5439-сонли Фармони билан Ўзбекистон Республикасида афв этишни амалга ошириш тартиби белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз ихтиёрига кўра исталган маҳкумни ёки жазони ўтаб бўлган шахсни афв этиши мумкин.

Афв этиш Ўзбекистон Республикаси судлари томонидан ҳукм қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан қўлланилади.

Афв этиш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

асосий ва ижро этилмаган қўшимча жазодан тўлиқ ёки қисман озод қилиш;

жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш;

умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини ёки жазонинг ўталмаган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштириш;

судланганликни олиб ташлаш.

Афв этиш тўғрисидаги илтимосномаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланган Комиссия томонидан амалга оширилади ва унинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш хизматининг Фуқаролик, афв этиш ва сиёсий бошпана бериш масалалари бўйича шўъбаси Комиссиянинг ишчи органи ҳисобланади.

Комиссия таркибига Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, шунингдек, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда “Нуроний” жамғармаси вакиллари киритилади.

Комиссия таркибига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, шунингдек, бошқа давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари ҳамда бошқа шахслар ҳам киритилиши мумкин.

Афв этиш тўғрисидаги илтимоснома маҳкум ёки жазони ўтаб бўлган шахс, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан афв этиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳуқуқи берилган шахс (орган)лар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ёзма шаклда берилади.

Агар илтимоснома қонун ҳужжатлари билан афв этиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳуқуқи берилган шахс (орган) томонидан берилган бўлса, маҳкумнинг ёзма розилиги олиниши шарт. Бундай ҳолатда афв этиш тўғрисидаги илтимоснома ваколатли органларга маҳкумнинг розилигини олиш, тегишли материалларни белгиланган тартибда расмийлаштириш учун юборилади. Афв этиш тўғрисидаги илтимоснома маҳкумнинг ёзма розилиги ва қонун талабларига мувофиқ расмийлаштирилган бошқа материаллар билан бирга Шўъбага юборилади.

Афв этиш тўғрисидаги илтимоснома суд ҳукми қонуний кучга киргандан кейин қуйидаги муддатларда берилиши мумкин:

а) умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган шахс томонидан у тайинланган жазонинг йигирма беш йилини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин, агар жазони ўташ даврида маҳкум қатъий тузалиш йўлига ўтган, белгиланган тартибни бузганлик учун интизомий жазо олмаган, меҳнат ва ўқишга нисбатан виждонан муносабатда бўлаётган, тарбиявий тадбирлар ўтказишда фаол иштирок этаётган тақдирда эса, тайинланган жазонинг йигирма йилини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин;

б) узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган шахс томонидан у тайинланган жазо муддатининг йигирма йилини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин, агар жазони ўташ даврида маҳкум қатъий тузалиш йўлига ўтган, белгиланган тартибни бузганлик учун интизомий жазо олмаган, меҳнат ва ўқишга нисбатан виждонан муносабатда бўлаётган, тарбиявий тадбирлар ўтказишда фаол иштирок этаётган тақдирда эса, тайинланган жазонинг ўн беш йилини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин;

в) бошқа жазога ҳукм этилган шахс томонидан ўталган (ижро этилган) жазо муддати (ҳажми)дан қатъи назар, “г” бандда кўрсатилган шахслар бундан мустасно;

г) илгари амнистия акти асосида жиноий жавобгарликдан озод этилган, шартли ҳукм қилинган, муддатидан илгари шартли равишда, амнистия акти ва афв этиш асосида жазодан озод қилинган, шунингдек, ўзига нисбатан енгилроқ жазо билан алмаштириш қўлланилган ҳамда яна қасддан жиноят содир этган шахс, худди шунингдек, ўта хавфли рецидивист томонидан у тайинланган жазо муддатининг камида учдан бир қисмини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин, “а” ва “б” бандларда кўрсатилган шахслар бундан мустасно.

Афв этиш тўғрисидаги илтимоснома Шўъбага:

а) жазони ижро этиш муассасасининг маъмурияти ёки ҳукмни ижро этувчи бошқа орган орқали;

б) судланганликни олиб ташлаш бўйича афв этиш тўғрисидаги илтимоснома берилган ҳолларда мустақил равишда юборилади.

Тегишли органлар афв этиш тўғрисидаги илтимосномани олган кундан бошлаб ўн кун давомида:

афв этиш тўғрисидаги илтимосномани келиб тушган материаллар билан бирга ўрганади ва ҳар бир маҳкум бўйича мазкур органлар раҳбарларининг ўринбосарлари томонидан тасдиқланадиган умумлаштирилган маълумотнома-жадвал тайёрлайди;

илтимосномани умумлаштирилган маълумотнома-жадвал ва бошқа материаллар билан бирга Шўъбага юборади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси ва Давлат хавфсизлик хизмати бир ой давомида Шўъбага мазкур органлар раҳбарлари ўринбосарлари томонидан тасдиқланадиган маҳкумни афв этиш мумкинлиги масаласи юзасидан хулоса тақдим этади. Хулосада маҳкумнинг шахси ва содир этилган жиноятнинг ҳолатлари тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, маҳкумга нисбатан қабул қилинган суд қарорларининг мазмуни кўрсатилади.

Афв этиш тўғрисидаги илтимоснома ва тайёрланган тегишли материаллар Шўъба томонидан Комиссия мажлисида кўриб чиқиш учун киритилади.

Афв этиш тўғрисидаги илтимосномани Комиссия томонидан кўриб чиқиш муддати илтимоснома келиб тушган кундан бошлаб уч ойдан ошмаслиги лозим.

Афв этиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда Комиссия томонидан қуйидагилар эътиборга олинади:

а) содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси;

б) жазони ўташ ёки ижро этиш вақтида маҳкумнинг хулқ-атвори (тузалиши);

в) ўталган (ижро этилган) жазо муддати (ҳажми);

г) маҳкумга нисбатан муқаддам амнистия акти, афв этиш қўлланилганлиги ёки жазодан муддатидан илгари шартли озод этилганлиги, жазонинг енгилроқ жазо билан алмаштирилганлиги;

д) жиноят оқибатида етказилган зарарнинг қопланганлиги;

е) маҳкумнинг шахси, соғлиғи ҳолати, судланганлиги, оилавий аҳволи ва ёши;

ж) Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси ва Давлат хавфсизлик хизматининг хулосалари;

з) Комиссия илтимосномани кўриб чиқиш учун муҳим деб ҳисоблаган бошқа ҳолатлар.

Афв этиш тўғрисидаги илтимоснома ижобий кўриб чиқилганда, Комиссия Ўзбекистон Республикаси Президентига таклиф киритади.

Фаррух Абдураимов,

Фарғона вилоят судининг

жиноят ишлари бўйича судьяси

Шоҳбозжон Йўлдошалиев,

Жиноят ишлари бўйича

Фарғона туман судининг

судъя ёрдамчиси