Саломатлик ва ҳуқуқ

Саломатлик ва ҳуқуқ

МАЖБУРИЙ ТИББИЙ СУҒУРТА НИМА?

Амалиётда тиббий суғуртанинг мажбурий ва ихтиёрий турлари мавжуд.
Хўш, уларнинг фарқи нимада?

Ихтиёрий тиббий суғуртада ҳар бир шахс қайси компания билан шартнома тузиши ва унда қандай хизматлар рўйхати кўрсатилишини ўзи ҳал қилади.

Мажбурий тиббий суғурта эса давлат томонидан шу амалиёт орқали фуқароларнинг бепул тиббий ёрдам олишлари учун яратиладиган чора-тадбирлар тизимидир. Бунда суғурталовчининг маблағлари бўлиш-бўлмаслигидан қатъи назар, суғурталанганларнинг ҳуқуқларига риоя этилиши кафолатланади. Харажатларни қоплаш учун маблағ тўланган бадаллардан олинади, давлат бюджети маблағлари бунга сарфланмайди.
Аксарият мамлакатларда суғурта компаниялари чекланган миқдордаги хизматларни ўз ичига олган стандарт ёки индивидуал усулни таклиф қилишади. Харажатлар мижознинг полис бўйича тўловлари билан қопланади. Хусусан, Канадада аҳолининг 100 фоизи, Японияда 98, Россияда 93, Қозоғистонда 97 фоизи мажбурий суғурта тизими билан қамраб олинган.
Кўпинча ихтиёрий тиббий суғуртанинг нархи аҳолининг кам даромадли қатламлари учун қимматлик қилиши мумкин. Ривожланган мамлакатлар ўз фуқароларининг соғлиғига ғамхўрлик қилиб, соғлиқни сақлаш тизимига мажбурий тиббий суғуртани киритадилар. Бунда кам даромадли ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларининг суғурта тўловлари давлат томонидан қопланиши назарда тутилган. Таъкидлаш керакки, республикамизда бу борада қонунчилик базаси етарли шакллантирилмаган. Фикримизча, мажбурий тиббий суғурта фуқаролар, иш берувчилар ва давлат ўртасидаги ижтимоий шерикликка асосланган бўлиши, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами эса давлат томонидан суғурталаниши лозим.
Мажбурий тиббий суғуртанинг асосий мақсадларидан бири тиббий хизматлардан фойдаланишда барчага бир хил имконият яратиб беришдир. Унинг жорий этилиши тиббий хизматлар сифатини янада яхшилашга олиб келади. Содда қилиб айтганда, фуқаро соғлиғи ёмонлашиб қолган ҳолларда тиббий хизматлар учун бирданига катта миқдордаги маблағни тўлай олмаслик хавфининг олдини олиш учун мажбурий тиббий суғуртадан фойдаланилади.
Шунингдек, бу амалиётнинг жорий этилиши тиббий хизматлар нархининг арзонлашишига олиб келиб, фуқароларга мақбул нархларда исталган тиббиёт муассасасида сифатли тиббий хизмат турларидан фойдаланиш имконини беради. Ўз навбатида, мажбурий тиббий суғуртада иштирок этаётган фуқаролар соғлом пайтларида ҳам тўловларни (суғурта мукофоти) олишлари мумкин бўлади.
Я. ЗУЛПИХОРОВ,
Тошлоқ тумани адлия бўлими бошлиғи.