ОНАМ ва МЕН

ОНАМ  ва МЕН

I
Кўзимда адашди ёмғирлар,
Адашди кўзимда осмон ҳам.
Жонингдан битта сўз қарз олиб,
“Онажон!”, дедим жим, беҳашам.

Ёлғондир бировлар исмини
Оҳорлаб дилимга солганим.
Чинданам рост сўзга ўхшайди
Исмингга суяниб қолганим.

Бўғзимга ботади қуёшлар,
Елкамда юради товоним.
Ўзимча ясаган косамдан
Томчилаб тўкилар ўз қоним.

Ҳар соат ўтади оғриқда,
Ҳар қадам босганим чақиндир.
Кутади қишлоқча рўмолим,
Қишлоқий тонгларим яқиндир.

Баландлаб учяпман гул билан,
Лек ҳамон юраги оғирман.
ОНАЖОН, сал камроқ йиғлагин,
Кўзингда адашган ёмғирман.

II
Кимдир ҳавойи дер ёзганларимни,
Кимга айтганларим эски баҳона.
Оломон оралаб тополмасанг гар,
Исмимни ҳайқириб чақиргин, она!

Бошдан-оёққача қисмат гуллари,
Этак қоқсам, япроқ тўкилар тайин.
Топдим юракдаги кулбаларимни
Бир сенга ичикиб борганим сайин.

Она, яқин қолди, қисқарди йўллар,
Мени интиқ кутар бир сўқмоқ ёлғиз.
Барига чидайман, менман-ку ўша,
Осмонда ёмғирни ичаётган қиз.

III
Она, интиламан қай осмон сари,
Ё манзил ортида манзил бормикан.
Барибир тиканлар топиб келмасми,
Дунёга шунча гул экканинг билан.

Қочиб Худо дедим, қувиб ҳам Худо,
Дардим ярим йўлда ухлайди, она.
Кўксим қоқ ёрилиб кетмайди нега,
Ичимда шамоллар увлайди, она.

Кўзимга ярашмай қўяди нурлар
Ғуссангни кипригим билан ёпмасам.
Мен қандоқ қиз бўлдим бир кун пойингдан
Баландлаб кетган бу бошим топмасам.

Онажон, мен ҳали гуллайман чунон,
Чорлайман, саломдай йўлланар диллар.
Келсанг, остонамда ўз-ўзим бўлиб,
Сени кутиб олар дилнавозгуллар.

Дилнавоз ҚЎЛДОШЕВА.