Сурат (ҳикоя)

Сурат (ҳикоя)

Ўша куни эрта тонгда қўнғироқ бўлди. Пойтахтдан хизмат сафарига келган марказий журналлардан бирининг вакили сўраттирган экан. Онамнинг суратини олиб боришимни айтганларидаёқ, тушундим. Волидам ҳақидаги соғинчли битикларимни йўллаган эдим, демак, расми билан беришмоқчи экан.
Қувончимнинг чеки йўқ эди. Онажоним, менинг содда онагинам шундай атоқли нашрда чиқса-я! Буни ўзи билганида, кўрганида эди! Кўзларига ишонмаган, рўмолининг учларига севинч ёшларини артган бўларди. Лекин бу – хотиралар менинг кечиккан дил изҳорларим.
Китоб жавонидаги ҳамма альбомларни олиб, муносибини қидира кетдим. Онамнинг атиги олти дона сарғайган сурати бўлиб, бирортаси портрет эмас экан (турли вазиятлар учун турли либосда, ҳар хил фонда тушган расмларимизга қараб, тўғриси, уялиб кетдим…) Агар акаларим армия хизматига бормаганларида, буларнинг ҳам баъзилари бўлмас эди.
Дарвоқе, уларнинг яралишига онамнинг илғор пиллакорлиги, теримчи пахтакорлигиям сабаб. Мана буни пилла топшириш режасини икки ҳисса бажарганларида газета учун олишган. Оддий жигарранг жемперда, бошида яшил мингсим рўмол, хиёл жилмайиб ва беҳад ийманиб турган онам… Уйимизни бўшатиб бериб, ўзимиз сўрида ётган ипак қуртини папалаб, печкага ўт ёқиб боққан кунлари, ҳўл баргни кўтаравериб бели оғриб ухламаган тунлари элас-элас ёдимда.
Буниси эса илғор пахтакорлар сафида катта бир анжуманга борганларида олинган. Ўшанда онамни даласи-ю олтита боласидан ажратиб икки кунга пойтахтга олиб кетиш учун эшигимизга казо-казо раҳбарлар келиб, аранг кўндиришган экан… Мана, бешта аёл курсида тизилиб ўтиришибди. Қўллар тиззада, елкалар тик. Эгнилари деярли бир хил: тўғри бурма ва узун енгли кўйлак устидан камзул, бошларида гулдор рўмоллар. Сочлар майда ёки иккита қилиб ўрилган. Орқа фон манзарасидаги парда ола-була, бундан ҳам қизиғи, унга йирик тугмалар қадалганлигини осонгина илғаб олиш мумкин. Бу ҳақда сўраганимда эса, онам орқада эркак кишилар тик турганлиги, улар илғор механизаторлар эканлиги боис бирга расмга тушишга мажбур бўлишганини айтиб берди. Уйга қайтгач, номаҳрамлар қиёфасини елкадан қирқиб юборган экан…
Қолганлари аскарликка кетган акамлар учун олинган суратлар. Уларнинг ҳар бирида волидамнинг меҳрли нигоҳи ва интизорлик ила айтилган: “Қачон келасан, болам?” деган соғинчли сўровини туяман.
Суратлар… Улар бугун кўнгил торларимни нафис-нафис чертиб, шууримга алладай қадрли туйғулар бахш этди. Шу тобда онам ҳақидаги бир бадиани ўқиб, турли манзиллардан сим қоққан одамлар ва улар айтган сўзларни эсладим: “Худди менинг онам ҳақида ёзибсиз”… Ҳа, миллатимиз оналари бир-бирларига жуда ўхшайдилар. Бу табаррук сиймо турли рангларда, хилма-хил мўйқалам билан яратилаверади, лекин ҳамиша негиз моҳияти туфайли бир-бирига жуда ўхшаб қолаверади. Бу буюк мусаввир – Меҳрнинг иши.
Хуллас, ўша куни журналга муносиб расм тополмадим. Сифат маъносида, албатта. Лекин қалбим жуда азиз, бироқ унутилаёзган инжа туйғулар ташрифидан ёришиб кетди. Ўша ёруғлик меваси бўлмиш ушбу сатрлар ўзбек онаси портретига, энг кичик нуқтадек бўлса ҳам, яна бир чизги бўлиб тушса, кошки эди…

Гулчеҳра
АСРОНОВА.