Қилмишнинг қидирмиши бор

“Холис хизмат” бошини эгди

Жиноятни содир этиб, ўзини хокисор кўрсатадиган, шайтон йўлдан оздирганини рўкач қиладиган судланувчилар тажрибамизда кўп учрайди. Аслида эса, бир зумда мўмайгина даромад топиш илинжи, янаям соддароқ айтганда, нафс балоси уни шу кўйга солганини тан олгиси келмайди.

Судланувчи Қаҳрамон Расулов Фарғона вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти тил ва адабиёт таълими бўлими мудири лавозимида ишлаб келаётганди. Тингловчиларнинг малака иши ҳимоясини ўтказувчи комиссия аъзоси сифатида анча-мунча “холис хизмат” қилишга қурби етарди. Ҳатто, шайтонга алданадиганлардан эмас, қайтанга, унга дарс берадиган даражада қўли узун эди. Бундан фойдаланиб қолишни эп кўрди, охирини ўйламади.
У 2020 йил август ойида «Zoom» дастурида онлайн тарзда малака оширган курс тингловчиларига тест синовлари натижаларини ижобий ҳал қилиб беришини айтиб, “холис хизмати”ни таклиф қилди. Ўзи каби педагоглар ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан улардан пул талаб қилди. Шу тариқа гуруҳ сардори З.А. орқали 25 нафар тингловчиларнинг 7.044.280 сўм миқдоридаги пулларини киссасига уриб, ўз эҳтиёжига сарфлаб юборди.
Инсон бир марта тўғри йўлдан адашгандан кейин тавба қилиши, билиб-билмай қилган хатосини ўн карра яхшиликлар билан ювиши керак эди. Қаҳрамон Расулов бундай қилмади. Чунки у муқаддам, жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2015 йил 25 июндаги ажримига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 167-моддаси 2-қисми «б», «в», «г» бандлари билан айбланган ва мазкур жиноят иши 2014 йил 14 ноябрда эълон қилинган амнистия актига асосан тугатилганди.
Афсуски, Қ.Расуловнинг дастлабки қилмишидан пушаймон бўлгани дилида эмас, тилида экан. Унинг фирибгарлик қилиб, ўзгаларни алдаганидан шундай хулоса қилдик.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида Қаҳрамон Расулов айбига иқрор бўлди. Суд уни Ўзбекистон Республикасининг ЖК 168-моддаси 3-қисми «в» банди билан айбли деб топди. Ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.
Ш.УМАРОВ,
жиноят ишлари бўйича
Фарғона шаҳар суди судьяси.