ХОТИРЖАМЛИККА ҲАЛИ ЭРТА ёки қаҳрамонлар ҳузурида бир кун

ХОТИРЖАМЛИККА  ҲАЛИ ЭРТА ёки қаҳрамонлар ҳузурида  бир кун

…Бу ёқимсиз курашнинг бошланганига бир йилдан ўтди. Дастлабки кунлари ёвни таниб олиш, унга қарши қайси қуролни қўллаш мураккабликлар келтириб чиқарган, астойдил ўйлантирган бўлса, бугун ёв аниқ, қуроллар шай, жанговар тайёргарлик юқори. Ҳимоячиларимиз туну кун ҳушёр, бир дам бўлсин, тиним билишмаяпти. Шу сабабли ҳам маккор душман анча йироқлашди. Лекин хотиржамликка ҳали эрта…

Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра, айни кунгача мамлакатимизда жами 1,6 миллион дозадан ортиқ вакцинадан фойдаланилди.

Улардан:

1-босқичда эмланганлар 1183943 нафарни, 2-босқичда эмланганлар 416561 нафарни ташкил қилди.

Фарғона вилоятида коронавирусга қарши жами эмлашлар сони (23 майгача) 214769 дозани ташкил қилмоқда.

Эмлаш жараёнлари давом этмоқда.

Энг ишончли қурол

– 23 май ҳолатига вилоятимизда COVID-19 инфекциясига гумонланганлар 1179 нафарни ташкил этяпти, уларнинг 8 нафари коронавирус инфекциясини юқтирганлиги тасдиғини топган. Гумонланганларнинг 1143 нафари тўлиқ соғайиб, оиласи бағрига қайтди, – дейди Фарғона вилояти санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошқармаси бошлиғи Аҳмаджон Якубов. – Баъзи одамлар мазкур инфекция бўйича статистик маълумотлар яширилади, рақамлар камайтириб айтилади, деган фикрни таъкидлайди. Лекин бундай эмас. Ҳар куни мутасадди идораларга ҳисобот берамиз, ҳар бир рақам остида эса жавобгарлик, масъулият ётади. Фақат бир жиҳат шуки, юртимизга инфекция кириб келган дастлабки вақтларда оддий иситма, грипп ҳолатлари ҳам ваҳимага сабаб бўлганди.
Бугун маълум даражада тажриба тўпланди, ходимлар зарур жиҳозлар билан таъминланди. Вилоят аҳолисидан ҳар куни 2-3 минг синама олиняпти. Буларнинг барчаси касалликни эрта аниқлаш имконини беради. Бундан ташқари, коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари уюшқоқлик билан олиб бориляпти. Шу кунгача вилоятимиз аҳолисининг 181 минг нафари эмланди.
– Амалиётда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган, муайян синовлардан ўтган “AstraZeneca” (АҚШ), “ZF-UZ-VAC2001” (Хитой-Ўзбекистон ҳамкорлигида), “Спутник V” (Россия) вакциналари қўлланилмоқда, – дейди бошқарма бошлиғи ўринбосари Ғуломжон Ёқубов. – Бу вакциналар ҳаммаси бир хил вазифани бажаради, фуқароларимиз у ёки бу вакцина яхши-ёмон деган фикрдан йироқ бўлишларини истардим. Зеро, бугунги кунда касалликка қарши курашишда асосий қурол – эмлашдир.
– Пандемиянинг дастлабки кунлари гўё уруш ҳолатига ўхшарди, – дея суҳбатга қўшилди вирусология лабораторияси мудири Нигора Ибодинова. – Ҳамма ўзини эҳтиёт қилишга уринар, лекин масъулиятни ҳис қилган ҳолда кечаси-ю кундузи ишлардик. Чунки касалликка гумон сифатида олиб келинган намуналарнинг адоғи кўринмас, уларни текшириб, хулосалар бериш биздан тинимсиз меҳнатни талаб қиларди. Шу кунгача вилоятимиз бўйича 300 мингдан зиёд намуналар текширилиб, хулосалар тақдим қилинди. Бу ҳаракатларимиз касалликни маълум даражада “ушлаб қолиш”га ёрдам бераётганидан хурсандмиз. Ижобий натижалар кўнглимизга таскин беради, меҳнатимиз бесамар кетмаётганидан қувонамиз.

Ҳаёт қадри ва миннатдорлик

Даволаш бўлимидаги беморлар билан суҳбатлашдик. Гарчи касалликдан хавотир сезилса-да, тузалиб кетишга умид ва кўрсатилаётган беминнат хизматдан миннатдорлик балқиб туради уларнинг нигоҳларида. Ёнма-ён ўринда даволанаётган эр-хотин беморлардан ҳол-аҳвол сўрадик.
– 28 апрель куни аёлим Муборакхон билан бу ерга олиб келинганман, – дейди фарғоналик Иброҳимжон Йўлдошев. – Ёшим 71 да. Шу ёшни яшаганим бир томону, охирги 20 кун бир томон бўлди. Ўн кундан ортиқ вақт беҳуш ётдим. Шифокорларимизга минг раҳмат, ўз ота-онасига, жигарига қарагандай эътибор кўрсатишди. Мана, ҳозир аҳволимиз яхши. Умримизнинг охиригача бу инсонларга таъзимдамиз.
Ҳомиладорлар бўлимида шу кунгача уч нафар чақалоқ дунёга келибди. Касалланган онадан соғлом гўдак туғилишининг ўзи ҳам мўъжиза!
– Бунақа жойда оналик бахтини туяман деб сира ўйламаган эдим, – дейди Гулнозахон Ўринбоева. – Қизалоғимнинг соғлиғи меъёрида, унга вирус юқ-маганлигини айтишганида хурсанд бўлганимни таърифлаб беролмайман. Охирги намунани топширганман, натижа ижобий чиқса, оиламиз бағрига қайтишни орзиқиб кутяпмиз.

Кураш майдони

Риштон туманининг олис чўл ҳудудида жойлашган 2-сонли вилоят юқумли касалликлар шифохонасига кириб борарканмиз, бу ердаги саранжом-саришталик… ва сокинлик эътиборимизни тортди. Гўё ҳаммаёқ тинч, ҳеч қандай ташвишли воқеа рўй бермагандай…

– Ўтган йили май ойи бошида ишга туширилган, халқ тилида “Ковид марказ” деб ном олган шифохонамизда вирусга қарши барча муолажалар қилишга шарт-шароит бор, – дейди бош шифокор Маъруфхўжа Турсунхўжаев. – Энди бу касалликдан қўрқмаймиз, унга қарши бемалол кураша оламиз.
Шифохона дастлаб 250 ўринга мўлжалланиб ташкил этилган. 2020 йил куз ойларида касалликнинг иккинчи тўлқини келиши сабабли икки қаватли 100 ўринга мўлжалланган реанимация бўлими янгитдан қуриб битказилди. Вилоят ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш бошқармаси, масъуллар кўмаги билан Францияда ишлаб чиқарилган замонавий кислород станцияси олиб келиб ўрнатилди. Муассаса учун ўта керакли бўлган кислород илгари баллонларда ташиб келтириларди. Ҳозирда шифохонада 30 ўринли ҳомиладор аёллар учун ва 220 ўринли умумий даволаш бўлими фаолият олиб бормоқда.
– 24 май ҳолатига шифохонада 57 нафар бемор даволанмоқда. Шундан 51 беморда пневмония мавжуд бўлиб, 6 нафар беморда COVID-19 вируси ПЦР усулида тасдиқланган, – дейди бош шифокорнинг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Ойбек Ўринов. – Ҳозирда бир ойлик иш режимида 34 нафар врач, 71 нафар ҳамшира ва 33 нафар кичик тиббий ходимлар фаолият олиб боришмоқда. Барча ходимларимиз тўлиқ эмланди. Ўтган вақт мобайнида уларда касалликка қарши курашиш учун етарли билим ва малака ҳам шаклланди. Иш жараёнида захира кадрлар тайёрлашга эътибор қаратдик, ҳозир юздан ортиқ мутахассислар айнан шу соҳада ишлашга тайёр.
Биокимёвий лабораторияда иш қизғин. Мутахассислар ҳар бир намунани синчковлик ва тартиб билан текшириб, электрон базага жойлаб боришмоқда.
– Энг сўнгги русумдаги анализатор аппарати ишимизни бирмунча енгиллаштиряпти, – дейди бош эпидемиолог Абдумалик Ортиқов. – Ускуна ёрдамида бирданига 40 та таҳлилни 45 дақиқа ичида 27 хил мезон бўйича батафсил текшириш мумкин. Бунда инсон омили қатнашмайди.
– Ошхонамиз 350 ўринга мўлжалланган, лекин раҳбарият талаби билан барча таомлар ҳар бир бемор хонасига бир марталик идишларда етказиб берилади, – дейди бош ошпаз Ҳайдарали Норматов.

Масъулият ва фидойилик

“Ғалабадан кейин қаҳрамон кўпаяди” деган гап бор… Лекин бу маскандагиларнинг деярли ҳаммасини қаҳрамонлар дейиш мумкин. Ўз соғлиғи, оила аъзолари, оромидан кечишга журъат топа олган қаҳрамонлар. Касбига садоқат кўрсатиш, беморлар дардига дармон бўлиш истагида ёнган фидокорлар!
Дастлабки вақтда вилоятдаги барча тиббиёт муассасаларидан мутахассислар бу ерга жалб этилган, улар 14 кунлик вахта режимида меҳнат қилишган. Улар орасида ўз ихтиёри билан узлуксиз фаолият олиб борганлар ҳам борки, уларни эътироф этмаслик инсофдан бўлмас.
– Фавқулодда вазият натижасида мазкур шифохона ташкил этилгач, ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб ишладик, – дейди бош шифокор. – Зиммамиздаги улкан масъулият, билдирилган ишончни оқлаш вазифаси бир дам бўлсин бепарволикка йўл бермасди. Мақтанмоқчи деманг-у, вирус балоси чекингунига қадар етти ой давомида уйга бормадим. Оила аъзоларим билан фақат телефонда сўзлашиб турдим.
– Беморларни даволашда асосан ёндош касалликлар бизни кўпроқ қийнади, – дейди реанимация бўлими бошлиғи Фурқат Дадабоев. – Барча ходимларимиз жонбозлик кўрсатишди. Врачларимиз Адҳамжон Ғафуров, Ойбек Ўринов, Аҳрор Жакбаров, Баҳром Йигитов… Туну кун мижжа қоқмай даволаган беморингда салбий ўзгариш юз кўрсатса, асабларинг дош бериши мушкул. Шулар таъсир қилдими, ҳаммамиз бир-бир касал бўлиб чиқдик…
Муассасада хорижлик мутахассислар билан ҳамкорлик ҳам йўлга қўйилди. Москва COVID маркази, Қозон шаҳридаги шифохона мутахассислари, туркиялик вирусологлар шифохонага ташриф буюришди, ўзаро тажриба алмашишди. Буларнинг барчаси ижобий натижаларда ўз самарасини кўрсатди.
Шифохонада бир соат мобайнида ҳимоя либослари эгнимизда бўлди. Шу вақт оралиғида қанча ноқулайлик сездик – ўзимизга аён. Бир йилдан бери шу кийимни ечмай, ёв билан курашаётган халоскорлар меҳнати ва жасоратига тасаннолар!

Ҳаётжон БОЙБОБОЕВ.
Элёр Олимов олган суратлар.