Адабиёт борки, эзгулик шаъндир

Адабиёт борки,  эзгулик шаъндир

ҲАЁТ, ИБРАТ ВА МУРОД МАКТАБИ

Эркин Воҳидов номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқур ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатида “Ижод мактаби — ибрат мактаби” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда таниқли ёзувчи ва шоирлар, журналист ва блогерлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Анжуман Марғилон шаҳридаги Ижодкорлар боғида қад ростлаган Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов ҳайкали пойига гуллар қўйишдан бошланди.
Меҳмонлар шоирнинг мемориал музейи ва Ижод мактаби фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Матбуот анжуманини Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори Ҳилола Умарова дунёда муқобили бўлмаган Ижод мактаб-лари моҳиятан миллат маънавиятининг эртанги эгалари, Ватаннинг ижодкор зиёлиларини камолга етказувчи ёш авлод дорилфунуни эканлигини эътироф этди. Мамлакатимизда ижод мактабларининг ташкил этилиши давлатимиз раҳбарининг “Адабиёт бўлмаса, иқтисодиёт ҳам, маънавият ҳам бўлмайди” деган сўзлари замиридаги улуғ мақсадларга ҳамоҳанг эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Ижод мактаби ўқувчилари томонидан “Мен нима учун бу мактабни танладим?”, “Ижод мактаби: миссия ва қабул жараёни”, “Ўқув жараёни ва мониторинг”, “Адабий муҳит ва маҳорат дарслари” мавзусида тақдимотлар ўтказилди.
Журналист ва блогерларнинг мактаб фаолияти, ўқувчилар эришаётган ютуқлар, халқаро ва маҳаллий олий ўқув юртлари, шунингдек, республикамиздаги 4 та Президент мактаби, 3 та ихтисослаштирилган ва 9 та ижод мактаблари билан ўзаро ҳамкорлик самаралари ҳақидаги саволларига жавоблар берилди. Бу йил Фарғона шаҳрида Президент мактабининг фаолият бошлаши ҳам миллий таълимдаги юксалишларнинг амалий ифодаси эканлиги таъкидланди.
Ўқувчиларда етакчилик, нотиқлик маҳоратини шакллантириш, бўлажак халқ ноиблари, муҳаррир, публицист, бадиий таржимон, драматург, ношир ва журналистларни тарбиялашни мақсад қилган мактабнинг уч йиллик фаолияти ўзининг илк самараларини кўрсатди.
Муаттар Маматкаримова “Йил ҳикояси — 2019”, Нилуфар Эргашева “Митти юлдуз жилолари”, Розияхон Комилжонова эса “Ёшлар овози” республика кўрик-танлови, шунингдек, Қозоғистонда ўтказилган “Burabay summer fast” халқаро фестиваль ғолиблигини қўлга киритди, 11-синф ўқувчиси Ҳожимурод Қўзибоевнинг халқаро ижодий танловлардаги иштироки, Эркин Воҳидов шеърларини турк тилига қилган таржималари эътироф этилиб, Туркиянинг 3 та олий ўқув юрти талабаси бўлди.
Республикадаги ижод мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Эркин Воҳидов – нодир истеъдод соҳиби”, “Парвоз”, “Ёшлар овози” кўрик-танловлари совриндори бўлган Сарвиноз Олимжонова, Гулзода Турдалиева, Хожиакбар Аҳмадов, Дурдона Ёқубова, она тили ва адабиёт, тарих фанларидан ўтказилган фан олимпиадаси ғолиблари Шаҳноза Анваржонова, Робияхон Кимсанбоева, Хонзода Раҳмоналиева сингари умидли ёшлар ҳам мазкур мактабда камолга етишмоқда.
Ўқувчилар устоз Эркин Воҳидов шеърларининг инглиз, турк, қирғиз, қозоқ, тожик ва араб тилларидаги таржималарини ўқидилар.
— Ижод мактабининг илмга, адабиётга ихлосманд ўқувчилари тимсолида давлатимиз раҳбари ишонган янги авлод — Учинчи Ренессанснинг эртанги бунёдкорларини кўргандай бўлдик, — деди вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров табрик сўзида. — Бу навниҳол, истеъдодли ўғил-қизларимизнинг ўзи дур-у гавҳар, уларга янада сайқал бериб, маҳоратини ўстираётган, катта ижод майдонига тайёрлаётган, ёшлар учун ҳаёт, ибрат ва мурод мактаби деб таъриф берилаётган маскандан умидимиз катта. Ижод мактабимиз миллатнинг эртанги фидойилари, даҳоларини тарбиялаб беришига ишонамиз.
Анжуман сўнгида республика кўрик-танловлари, фан олимпиадалари ғолиблигини қўлга киритган, фаол ва китобхон ўқувчилар, маҳоратли устозлар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири Салим Ашур, “Ёшлик” журнали бош муҳаррири Нурилло Чори фарғоналик ёшларга баланд парвозлар тилаб, янги китоблар жамланмаларини топширишди.
Шоир таъбири билан айтганда, буюк идрокнинг илк нишонаси бўлиб ижодга кириб келаётган ўғил-қизлар элнинг муроди, халқнинг ёруғ пешонасидир.

Дилнавоз ҚЎЛДОШЕВА.