Амакисининг пулини ўғирлаган жиянга жазо тайинланди

Амакисининг пулини ўғирлаган жиянга жазо тайинланди

Жиноят ишлари бўйича Қува тумани суди томонидан, тумандаги Янгиҳаёт МФЙда, маҳалла фаоллари иштирокида Жиноят кодекси 169-моддасида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбланган А.Б.га оид жиноят иши кўриб чиқилди.

2021 йил 26 февраль куни амкисининг тўй қилиб, ҳамма қариндошлари тўйхонада эканидан фойдаланган А.Б., амакисининг уйининг дераза ойнасини синдириб, хонадаги шкафда турган 10 млн. сўм пулларни яширин равишда талон-торож қилган.

Тўй тугаб амакиси ва яқин қариндошларини уйга келиб, ўғрилик бўлганини билишгач, А.Б. “ўғрилик қилган” шахсларни топиш учун “жонбозлик кўрсатиб”, амакиси ва ИИБ ходимлари билан бирга  гумондорларни қидиришда иштирок этган. Унинг ўзини тутиши, ўғрилик    ҳақида турли фараз ва тахминлар айтиб, ўзини оқлашга уринаётгани тажрибали ходимлар назаридан четда қолмади. А.Б.нинг тўй бўлган куни нима қилгани, қаерларга боргани сўраб-суриштирилди. Қилмиши фош бўлишини билган А.Б.ўғирлаган пулларнинг бир қисмини каналга ташлаб юборди, аммо уйига яширган пуллар топилгач содир этган қилмишига иқрор бўлиб, амакиси ва қариндошларидан кечирим сўради.

Суд ишни барча ҳолатларини атрофлича текшириб, судланувчи “жиян”га қонунда белгиланган жазо тайинлади.

Юқоридаги суд иши ҳам, турли қинғир йўллар билан осон пул топишга уриниш, жиноят йўлига киришнинг охири войлигини кўрсатди. Зеро, халқимиз бекорга айтмаган “текин тамоқ тешиб чиқар”.

 

З.ОМОНОВ

Жиноят ишлари бўйича

Қува тумани суди раиси.