Тушларимга  кириб тур, БОЛАМ…

Тушларимга  кириб тур, БОЛАМ…

Раънохон опа тандирдаги охирги нонни узиб бўлгач, савати билан кўтариб сўри устига қўйди. Шу пайт кўча эшиги очилиб, ҳовлига ҳарбий кийимда Одилжон кириб келди.

— Вой болам, келдингми, бўйларингга онанг қоқиндиқ.

Раънохон саватдаги қайноқ нонлардан бирини олиб, ўғлининг қўлига тутқазди.

– Ма, муздек сувга ботириб, маза қилиб, еб ол.

Одилжон онасининг қўлидан нонни олди. Кейин маъюс кулимсиради.

— Онажон, мен қайтиб кетишим керак.

У шундай дея бурилиб, кўча эшик томонга юрди.

— Ҳой болам, тўхта, қаёққа кетяпсан, шошма дейман…

…Раънохон опа чўчиб уйғонди. Ўн тўрт кунлик ойнинг деразадан тушаётган шуъласи хонани бир оз ёритган. Онаизор шифтга термулганча бир муддат қимирламай ётди. Кейин аста ўрнидан туриб, ҳовлига чиқди. Одилжон ётиб юрган хонага кириб, секин чироқни ёқди. Шкафдаги ғаладонни очиб, ўғлининг суратлари, хатлари, хуллас, фарзандини эслатадиган нимаики бўлса ҳаммасини хонтахта устига ёйди.

“Болажоним”. Она фарзандининг ҳарбий кийимда тушган суратига бир муддат термулиб турди. Кейин уни ўпиб бағрига босаркан, кўзларидан дув ёш тўкилди. “Қандоқ чидайман, ҳовлини тўлдириб юрсанг бўлмасмиди, болам”.

Раънохон опа кўз ёшларини енги билан артиб Оҳангарон тумани прокурори, адлия катта маслаҳатчиси Ҳ. Набиевнинг юборган хатига кўз югуртирди. “…Фарзандингиз Аъзамов Одилжон Обидович она Ватан чега-раларини ҳимоя қилиб, ўз хизмат бурчини бажариш вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган. Сиз Ватан фидойиси, ўз қасамёдига содиқ қолган мард фарзандингиз билан фахрлансангиз арзийди…”

У хатни хонтахтанинг бир четига қўйиб, “Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига 25 йил” эсдалик нишонини қўлига олди.

Шу лаҳза ўғлининг мардона, кулиб турган чеҳраси шундоқ кўз ўнгида намоён бўлиб, юраги орзиқиб кетди…

…Одилжон болалигидан соғлом, ҳамма нарсага қизиқувчан бўлиб ўсди. У дарсдан бўш пайтларида машина тузатадиган устага шогирд тушиб, бу касбни дурустгина эгаллаб олди. Шунингдек, спорт унинг жони дили эди.

…Ҳарбий хизматга чақирилган куни Одилжон уйга хуш кайфият билан кириб келди.

— Ота, — деди у Обиджон ака билан саломлашаркан жилмайиб. –Тиббий кўрикнинг ҳаммасидан зўр ўтдим. Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи “сенга ўхшаган бақувват, спортчи йигитлар чегара қўшинларига сув билан ҳаводек зарур” деди.

— Биз онанг билан маслаҳатлашгандик, — Обиджон ака томоқ қириб олгач, ўғлига қаради. — Яхшиси, муқобил хизматни ўтаб қўя қол, бехавотир. Мен эртагаёқ мудофаа ишлари бўлимига бориб гаплашиб келаман.

— Ота, — деди Одилжон норози оҳангда. – Мен ўсмирлигимдан чегарачи бўлишни орзу қиламан. Чегара қўшинларига ҳаммани ҳам олишавермайди. Жон ота, шаштимни қайтарманг.

Обиджон ака бир лаҳза ўйланиб тургач, ўғлининг елкасига қўлини қўйиб, табассум билан деди:

— Майли ўғлим, сен айтганча бўлсин. Аслини олганда-ку, мен ҳам сен томон. Лекин онанг ҳадеб оби-дийда қилавергандан кейин унинг раъйига қараган эдим. Ўртоқларингнинг ичида кўкрагингни кериб юрасан, чегарачи бўлганман, деб.

…Орадан бир ой ўтмай Одилжон Тошкент вилоятидаги ҳарбий қисмларнинг бирида чегара қўшинларида хизмат қила бошлади.  Ўша пайтларда сарҳадларимизда вазият таҳликали эди. Тоҳир Йўлдош, Жума Намангоний сингари мутаассиб, ақидапарастлар бошлиқ йўлдан адашган гумроҳ тўдалар тоғли ҳудудларга уя қуриб олганди. Уларнинг асл мақсади пайт пойлаб чегарани бузиб ўтиш, тинч аҳолига ваҳима солиш эди.

…2002 йилнинг 7 августи. Тун яримдан оққан. Шу пайт кутилмаганда янграган тре-вога сигнали қисм чегарачиларини оёққа турғазди. Тожикистон билан Ўзбекистонни ажратиб турган чегара ҳудудида пайдо бўлган бузғунчи тўдалар Ватанимиз сарҳад-ларини бузиб ўтишга ҳаракат қилишарди. Қисм командирининг буйруғига кўра тезда ўз жойларини эгаллаган чегарачиларимиз билан душман ўртасида отишма бошланди. Вазият ниҳоятда қалтис эди. Олдиндан пухта тайёргарлик кўрган бузғунчилар ўзлари учун қулай бўлган пистирмага ўрнашиб олганди. Лекин чегарачиларимиз қир-адирлардан иборат бу ҳудуднинг ҳар бир қаричини яхши билишарди. Бироқ атрофни зулмат қоплаганлиги учун душманни аниқ мўлжалга олиш қийин эди. Газандаларга қарата автоматдан ўқ узаётган Одилжон қулай жойга ўрнашиб олиш учун бир оз қаддини ростлаб, беш олти қадам босган ҳам эдики, қорнини нимадир куйдиргандек бўлди. У дарҳол ерга ётди. Кейин кафтлари билан биқинини ушлади, қон. Одилжон йигирма қадамча эмаклаб, катта харсанг тош панасига ўтаркан, кўнгли беҳузур бўлиб, боши айланаётганини сезди. Ёнига қуролдош дўсти Собиржон етиб келди.

— Одил, нима бўлди? Яраландингми?

— Ҳа, ичим ёниб кетяпти.

— Бардам бўл, мен ҳозир…

Орадан кўп ўтмай уни шифохонага олиб келишди. Врачларнинг астойдил қилган саъй-ҳаракатларига қарамай кўп қон йуқотган мард ўғлон ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмади…

Чошгоҳга яқин кутилмаганда Обиджон акани қишлоқ фуқаролар йиғинига чақириб қолишди. Раис хонасида ўтирган ҳарбий кийимдаги йигитга кўзи тушиб, негадир кўнглига ғашлик чўкди.

— Тинчликми? — Обиджон ака улар билан саломлашиб, курсига омонатгина ўтираркан, хавотирлик билан сўради. Орага оғир сукунат тушди. Ҳарбий йигит чуқур тин олгач, ўрнидан секин турди.

— Ака… мен… чегара қўшинлари қўмондонлигидан вакил бўлиб келдим. Ўғлингиз Одилжон Аъзамов чегарани бузиб ўтмоқчи бўлган душман билан жангда қаҳрамонларча…

Обиджон ака қалқиб кетди. Кейин бирдан кўз ўнги қоронғулашди. “Нима деяпти бу йигит? Ахир бир ҳафтагина олдин…”

…30 июль. Ёзнинг айни чилласи. Тонг саҳарда йўлга чиққан Обиджон ака ҳарбий қисмга чошгоҳга яқин етиб келди. Қисм командири у билан қўл бериб самимий саломлашгач, ўғлини мақтади.

— Аъзамов Одилжон чегарачиларимиз орасидаги энг интизомли йигитларимиздан. У берилган топшириқларни ҳамиша аъло даражада бажаради. Сиз фарзандингиз билан ҳар қанча фахрлансангиз арзийди.

Ота ўша куни ўғли билан мириқиб суҳбатлашди.

— Мана энди ҳақиқий йигит бўлибсан, —деди Обиджон ака унинг ўктам чеҳрасига, куч-қувват ёғилиб турган билакларига кўз ташларкан меҳри жўшиб. – Хизматингни ҳам кўпи кетиб ози қолди. Худо хоҳласа янаги сафар қишлоқда, хонадонимизда кўришамиз.

— Қишлоғимизни, ўртоқларимни ўзим ҳам соғиндим. — Одилжон отасининг елкаларидан қучди. — Айтганингиздек оз қолди. Ҳали бир дунё орзу-ниятларим бор. Онамни, сизни ҳамиша бошимга кўтариб юраман.

Обиджон ака эртаси куни ўғли билан хайрлашиб, беш-ўн қадам юргач, беихтиёр ортига ўгрилди.

— Ота! — Одилжон шаҳдам юриб келиб, уни яна маҳкам қучоқлади. – Негадир сизни ҳеч қўйиб юборгим келмаяпти-да.

“…Ўшанда болагинамнинг юраги сезган экан”. Ўзини зўрға тутган отанинг кўзларидан дув ёш тўкилди. “Онасига бу нохуш хабарни қандоқ айтаман? Кўтара олармикин? Адойи тамом бўлади”.

— Ота, бардам бўлинг, — вакил унинг елкасига қўлини қўйди. –Худо сабр берсин…

…Раънохон опа секин юриб, ташқарига чиқди. Тонг ёришиб қолибди. У чуқур тин олгач, оҳиста сузиб бораётган оппоқ парча булутларга қаради. Кейин дард, алам билан шивирлади. “Шаҳид кетган ўғилгинам-а… Дийдор қиёматга қолди-я! Берган сутимга мингдан минг розиман. Майли, ҳеч бўлмаса бугунгидек тушларимга кириб тур, болам!”…

Носир ЗОҲИД,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

аъзоси.