Тафаккурнинг толмас қаноти

Тафаккурнинг толмас қаноти

КИТОБХОНЛИК БАЙРАМИ

китоб марафони, янги китоблар тақдимоти, ижодий учрашувлар билан завқли ўтди

“Китобхон авлоднинг қалби маънавият чашмасидан сув ичади, тафаккури ўсади. Юзи иссиқ, ўйлари порлоқ, сўзлари қайноқ авлодни ҳам китоб тарбиялаб беради!”

Маърифатпарвар адибларимизнинг ушбу ҳикматли сўзлари китоб мутолаасининг аҳамияти ҳақидаги таърифларидан бир томчи, холос. Президентимиз бошчилигида мамлакат бўйлаб қулоч ёйган китобхонлик маданиятини юксалтиришга доир ислоҳотлар чекка-чекка туманлардаги мактабларга ҳам кириб борди. Анъанавий тарзда ўтказилаётган китобхонлик байрамлари туфайли китобга муҳаббат янада ўсганига гувоҳ бўлаяпмиз. “Ёш китобхон” танлови, кўчма кутубхона-ю, туманимизнинг 50 тадан ортиқ маҳалласида “Зиё маскани” бунёд этилишида халқимизни маърифатли қилиш мақсади ётади.

Қўштепа туманида бўлиб ўтган китобхонлик байрами ёш китобсеварлар сафининг янада кенгайишига, таълим масканлари, маҳаллалардаги маънавий муҳитнинг юксалишига хизмат қилди. Байрам доирасида фаол ва иқтидорли ўқувчилар ўртасида китоб марафони ва китоб савдоси, янги китоблар тақдимоти, ижодий учрашувлар ўтказилди.

Тумандаги 20-умумтаълим мактабида ташкил этилган китоб ярмаркасида 300 номдан зиёд илмий, бадиий китоблар, ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари харид қилинди.

Туман фарзанди, мазкур таълим маскани собиқ битирувчиси – Зулфия номидаги Давлат мукофоти соврин-
дори Дилнавоз Қўлдошеванинг “Иқ-
рор” ва “Кўнглимга кўчади фарғона- гуллар” шеърий китоблари тақдимоти ўтказилди. Ўқувчилар шоира шеърларидан намуналар ўқишди,   муаллиф билан самимий мулоқот бўлиб ўтди. Моҳичеҳра Эркинова, Моҳларойим Одилова, Шодиёна Ҳасанова, Паризод Нажмиддинова, Хадича Муҳаммадова сингари ўнлаб ижодкор ва китобхон ўқувчилар китоблар жамланмалари билан рағбатлантирилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими бош мутахассиси, шоира Дилшода Эргашева, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси Мадинахон Исмоиловалар китобхонликка эътибор, мутолаага муҳаббат бор экан, ушбу даргоҳда яна кўплаб Давлат мукофоти совриндорлари, юрт ишончига муносиб авлод камолга етишига ишонч билдиришди.

— Мактабимиз ўқувчилари “Ёш китобхон” танлови, “Янги авлод” болалар ижодиёти фестивали, республика ёшлар форуми, фан олимпиадаларида фаол иштирок этиб, ўз иқтидорларини намойиш этиб келишмоқда, — дейди маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Баҳромжон Ҳусанов. – Ҳар ўқув йилида “Энг фаол китобхон ўқувчи”, “Навоий асарлари билимдони”, “Ақлли китобхон”, “Энг яхши тақриз” номинация-лари бўйича танловлар эълон қилиб, янги-янги иқтидор ва билим эгаларини кашф этаяпмиз. Бугунги ижодий учрашув ҳам ўқувчиларимизни китобга ошно бўлишга руҳлантирди.

Тадбир сўнгида меҳмонлар мактабнинг ёш ижодкор, ҳунарманд ва ихтирочи ўқувчилар кўргазмасини ва “Келажак сари” адабий тўгараги билан яқиндан танишдилар.

 

Муштарий АҲМЕДОВА,

20-умумтаълим мактабининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси.