Ўзбекистон Республикаси устақиллигининг 30 йиллиги олдидан

Ўзбекистон Республикаси устақиллигининг 30 йиллиги олдидан

Миришкор ва тадбиркор учкўприкликлар

Рамзий маънода айтсак, Учкўприкни ушлаб турган учта кўприк бор. Улардан бири, шубҳасиз, Ҳазинийдек буюк зотлари, уларга муносиб Моҳигул Ҳамдамовадек матонатли, интилувчан, илмли одамларидир. Иккинчи – туманни дунё билан боғлаб турган кўприк – текстиль, трикотаж маҳсулотлари, қўли гул чеварлари. Сўнгги кўприк эса тадбиркор, меҳнаткаш халқидир.

Ҳазинийнинг авлодлари кимлар?

Ҳазрат Зиёвуддин Ҳазиний ўз номини биргина “Фарғона тонг откунча” радифли ғазали билан тарихга муҳрлаб кетган учкўприклик алломалардан.

Ғазалнинг ҳануз тиллардан тилларга кўчиб юришининг сабаби бошига тушган машъум воқеа таъсиридан қаттиқ мутаассир бўлгани, кароматгўй пир сифатида келгусидаги фожиалар, буюк йўқотиш ва қирғинбаротларни ич-ичидан ҳис қилгани бўлса ажаб эмас. Айтишларича, Фарғона вилоят губернатори Ҳазинийни мумтоз шеъриятдан баҳраманд бўлиш баҳонасида чақиртириб, эшон шарафига махсус тайёрланган байрам дастурхонига – балга, “янги маданиятнинг ижобий қирралари”ни томоша қилишга таклиф этади. Уни рус аёллари билан рўбарў ўтказиб, ғайридин офицерлар қаторига қўшиб қўйишади. Бирон-бир луқма тановул қилмаса-да, уни ўрнидан туришига йўл беришмайди.
Маишат тонггача давом этади. Маст-аласт ҳолдаги “маданиятли жаноблар” тарқалиб бўлгачгина Ҳазинийнинг кетишига изн берилади. У йўл бўйи йиғлаганча биз билган “Фарғона тонг откунча” ғазалини битиб, куйлаб борган экан.

Халқимиз бошига Ҳазиний айтган ўша машъум кунлар келди. Тарихимиз, маданий меросимиз йўқ қилинди. Шукрки, қаровсиз ётган Ҳазиний зиёратгоҳига давлат бюджетидан 1 миллиард 200 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Икки йил (2017-2019) мобайнида қайта қурилиб, ҳозирги кунда зиёратчиларнинг қадами узилмас мўътабар масканга айлантирилди.

Шоир, ҳофиз ва мударрис сифатида танилган Ҳазиний тўрадан 5 қиз, 2 ўғил фарзанд қолган. Ҳозир мутафаккир авлодлари ўзи туғилиб ўсган Катта Кенагас қишлоғида руҳи покига дуои саловат айтиб, чироғини ёқиб ўтирибдилар. Улар орасида бобосининг йўлидан бориб, шеърият, илмга меҳр қўйганлари ҳам талайгина. Жумладан, адабиётшунос Саидолимхон Ҳайдаров, шоира Шаҳзода Бўронова, Нодира Зиё, Наргиза Манзур ва Маҳбуба Акромова Ҳазинийнинг муносиб ворисларидан.

Ўзбекистонда ягона трикотаж маркази очилади

–Олиб борилган ўрганиш-лар натижасида «Бобошбек» МФЙда 252 та, «Бекмурод» МФЙда 57 та, «Зиғир»да 114 та, «Палохонда» 52 та, «Яккамуллада» 60 та хонадонда фуқаролар томонидан енгил саноат маҳсулотлари (тикувчилик ва трикотаж) ишлаб чиқарилаётганлиги аниқланди, – дейди туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш бўйича биринчи ўринбосари Аброр Асқаров. – Мазкур тадбиркорлик субъектларида 3287 нафар аҳоли вакили меҳнат қилмоқда.

Жумладан, “Uchko’prik Duxoba-Dacron” корхонаси томонидан пахта чиқиндисини қайта ишлаш орқали целлюлоза қоғози ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Умумий лойиҳа қиймати 50 миллиард сўм бўлган корхона тадбиркорнинг 23 млрд. 700 млн.сўм ўз маблағлари ҳамда «Асака банк» Қўқон филиалининг 2,6 млн. доллар қийматидаги банк кредити ҳисобига барпо этилмоқда. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 10 минг 200 тонна бўлган корхонада бир йилда 55 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Май ойида ишга тушириш режалаштирилаётган корхонада 500 та иш ўрни яратилади.

Аёл ожиза эмас, айниқса, Моҳигул!

У Осиё рекордини янгилади, энди Токиони забт этмоқчи

Инсоннинг истаклари имкониятларидан кўпроқ деймиз, аслида акси. Одамзод имкониятларини бир ишга солмасин – дунё оёқлари остига ястанади. 1995 йилда Учкўприк туманининг “Тўқсонқовун” маҳалласида туғилган Моҳигул Ҳамдамова имкониятларнинг чегарасизлигини исботлаган қаҳрамон қизлардан. У жорий йилнинг 10-14 февраль кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида пара енгил атлетика бўйича Гран-при мусобақасида диск улоқтириш бўйича F57 классида 32,49 метр натижа кўрсатиб, олтин медални қўлга киритди ва Осиё рекордини янгилашга муваффақ бўлди. Ядро улоқтириш мусобақасида эса кумуш медаль соҳибига айланди.

Дунёга битта оёқ билан келган Моҳигулнинг бугунги муваффақиятлари ортида матонатли аёл – онаси бор. Махсус мактабга боришни бошлагач, унинг ҳамма қатори таълим олиши, ўқувчилардан яккаланиб қолмаслиги учун елиб-югурган, руҳий-маънавий зарбалардан асраган, гоҳ устозига ялиниб-ёлворган, гоҳ қизининг тим қора кўзларига термилиб турган муштипар аёл ҳам У. Холидахон Ҳамдамованинг айтишича, Моҳигул болалигидан имконияти чекланган болалар боғчасига, сўнг махсус мактабга борган. “Шундай вақтлар бўларди, ё мен, ёки дадаси орқамизга кўтариб мактабга олиб бориб, олиб кетар эдик”, дейди Холидахон ая.

Ёшлигидан спортга қизиқиши бўлакча бўлган, тенгдошлари орасида ўзининг эпчиллиги, чаққонлиги билан ажралиб турган Моҳигул бугун кўпчиликка жисмоний нуқсон спортга, муваффақиятга, бахтиёрликка тўсиқ бўлолмаслигини исботлади.

Қаҳрамонимиз Моҳигул – оилали. У турмуш ўртоғи Фаррухбек билан оила қурганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Спортчининг бахти ҳам аслида шу, у турмуш ўртоғи томонидан доимий қўллаб-қувватланади.

“Аёл киши учун яқинларининг меҳри, ишончи, қўллаб-қувватлашидан, юртнинг шарафини ҳимоя қилишдан ортиқ бахт борми?”, дейди қаҳрамонимиз. У айни дамда Токио паралимпиадасига лицензия берувчи рейтинг жадвалида биринчи ўринда бормоқда. Моҳигулга Токио ўйинларида ҳам омад тилаймиз.

 

ЯНГИ БОЛАЛАР БОҒЧАСИ

“Собиржон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида янги мактабгача таълим ташкилоти биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ҳозирги вақтда тумандаги болалар боғчалари умумий сони 103 тага етган бўлиб, уларнинг 39 таси давлат, биттаси давлат-хусусий шерикчилик, 60 таси оилавий ва учтаси хусусий МТТларидир.

18-давлат мактабгача таълим муассасаси 1982 йилда қурилган бўлиб, у 90 ўринга мўлжалланган. Давлат инвестиция дастури асосида 2 миллиард 500 миллион сўм маблағ ажратилиб, мазкур мактабгача таълим ташкилоти учун қўшимча икки қаватли замонавий бино қуриб битказилди.

120 ўринли янги боғчада болаларга сифатли таълим ва тарбия бериш учун барча қулайликлар яратилган. Ўйин майдончалари, мусиқа, спорт заллари ҳамда ошхона замонавий жиҳозланган.

 

ИСМАЛОҚ… экспортга ёхуд тепақўрғон ҳаётидан

Водил атрофидаги маҳаллаларда хўжағат, Олтиариқда бодринг ва узум, Қувада анъанавий тарзда анор етиштирилса, Учкўприк туманидаги “Тепақўрғон”  МФЙ ҳудудидаги фермер хўжаликлари ва хонадонларда исмалоқ ўстирилади.  Бу баргли кўкат деҳқонларга тузуккина даромад келтирар экан. Лекин, табиийки, маҳаллий аҳоли бу экин билангина кифояланмай, томорқада  мева ва сабзавотнинг бошқа турларидан  ҳам  яхши ҳосил олади.

— Одамларимиз яхши-да, ҳосил ҳам яхши, — дейди “Тепақўрғон” МФЙ раиси, туман халқ депутатлари Кенгаши депутати, ЎзЛиДеП аъзоси  Неъматжон Султонов. — Ҳар бир хонадонда асосий даромад манбаи — 5 сотихдан 15 сотихгача ер бор. Боз устига бизда бўш турган томорқани кўрмайсиз: деҳқонларимиз бир йилда 3-4  мартадан ҳосил олишади. Кўчат, уруғ бозордан сотиб олинмайди, улар аҳоли иссиқхоналарида етиштирилади.

Раиснинг сўзларига қараганда, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”даги рўйхатлар ғоят сийрак. Тўғри, “Ёшлар дафтари”да 68 исм бор бўлиб, ёш авлод муаммолари маҳалла йиғини, қолаверса, туман ҳокимлиги  томонидан ҳаминқадар ҳал этиляпти. Уларнинг аксарияти — пандемия сабаб уйда қолган собиқ меҳнат мигрантлари бўлиб, ўз-ўзини банд қилиб юрибди. Жумладан, деҳқончилик  қиляпти, энди эса ипак қурти парвариши билан ҳам банд.  Хонадонлар шароитига қараб, 1-2 қутидан уруғ тарқатилибди. Хуллас, қишлоқ аҳолисининг зерикиш тугул, қўли қўлига тегмайди. Мисол учун,  қуммозорлик Номозвой ва Зафаржон Йигиталиевларнинг ўзга ўлкага бориб ишлашга ҳеч қандай ҳожат йўқ.  Бир-биридан тиришқоқ ака-укалар деҳқончилик орқасидан киши ҳавас қиладиган чиройли уйларда яшаб, енгил машиналарни ғизиллатиб миниб юришибди. Ўзига тўқ бундай оилалар оз эмас.

Меҳнат фахрийси Номозвой Ботиров ёшлардан қолишмайди – томорқасининг уч сотихли ерида иссиқхона қуриб, эртанги сабзавот етиштиради. Қишлоққа табиий газ етиб келганича йўқ, суюлтирилган газ эса эҳтиёждан ортмайди. “Ёз – ёпинчиғингни қўйма, қишда  ўзинг биласан” дегандай, уддабурон деҳқон ҳосилни қиш совуғидан сақлаб қолиш учун иссиқхонанинг тўрт томонига темир печка ўрнатиб, ёғоч қипиғини ёқди. Шу тариқа, бодринг ҳосили  кутилганидан  ҳам мўл бўлди. Номозвой Ботиров каби бошқа эпчил деҳқонлар борки, улар бир эгатнинг ўзида икки қаторлаб қулупнай, унинг орасида эса саримсоқпиёз етиштиришяпти.

Ичимлик суви бобида муаммо йўқ: маҳалла йиғини раисининг саъй-ҳаракати билан ўз вақтида артезиан қудуқлари кавланиб, сув миноралари ўрнатилди. Шу тариқа қуммозорликлар бир километр наридан  сув ташиб келишдан қутулишди. Маҳалла аҳолиси баҳор бошида ҳашар йўли билан дунёда энг тез ўсадиган 600 туп павловния кўчати экди. Қарағайдан икки ҳисса қиммат турадиган, атмосферага бошқа дарахтларга қараганда беш баробар кўп кислород ажратадиган бу манзарали дарахтдан ҳам мебель, ҳам мусиқа асбобини ясаш ҳамда уни том тиклашда ишлатиш мумкин.

Ҳашар йўли билан мактаб қуриш амри маҳол эканлиги аён, бунга катта маблағ керак. Мактаб эса сувдек зарур, негаки аҳолиси 5200 кишидан иборат Тепақўрғонда биронта ўрта таълим муассасаси  йўқ. Маҳаллий болалар тахминан уч чақиримча йўл босиб, қўшни “Султон” МФЙ ҳудудидаги мактабга қатнаб юришибди.

— Электр таъминотида эса узилишлар бўлиб туради, симёғочларни ҳам алмаштириш пайти келди, — дейди раис бува. — Бир куни “Аёллар дафтари”га киритилган Ўғилхон Исломова банкдан кредит олиб, пайпоқ тўқиш линиясини сотиб олмоқчи эканлигини айтди. Мен уни шаштидан қайтардим: “Шамол эсиб, свет ўчса, нима қиласиз? Машиналар тўхтаб, маҳсулот тайёр ҳолга келишга улгурмай, яроқсиз бўлиб қолади-ку”, дедим. Ҳозир Ўғилхон савдо-сотиқ билан банд. Иши юришган аёл укасига “Ласетти”, ўз оиласига эса уч хонали хонадон сотиб олди.

Исмалоқ етиштираётган деҳқонларнинг ҳам иши юришган. Маҳаллий деҳқонлар 10 сотихдан 2 тонна исмалоқ ҳосили йиғиштириб, 10 миллион сўм даромад олишар экан. Таркибида деярли барча витамин ва микроэлементлар бўлганлиги туфайли “соғлом турмуш тарзи йўлдоши” номини олган исмалоқ томорқаларда, шунингдек, фермер хўжаликларида етиштирилади. Хусусан, ерга бир назар ташлаб, унда қайси экин яхши ҳосил беришини биладиган олий маълумотли агрономлар – Адҳамжон Мираҳмедов ва Абдумутал Пайғамбаров раҳбар бўлган фермер хўжаликлари пахта ва ғалладан бўшаган далаларни исмалоқ етиштириш учун ўз аъзолари ихтиёрига беришади. Исмалоқ октябрь ойи охиригача экилиб, ҳосили ноябрь ойида  йиғиштирилади. 1 гектар ердан 22 тоннагача исмалоқ териб олиш мумкин. Бундай ҳосил эвазига  деҳқонлар 110 млн. сўмгача даромад олишади. Ҳар жиҳатдан фойдали бу кўкат кузда, асосий экинлар ҳосили териб олинганидан кейин ҳам, экин-тикин ишлари бошлангунга қадар — эрта баҳорда ҳам етиштирилади.

— Ерларимизда ўстириладиган исмалоқнинг таъми Бекобод, Андижон, Наманган исмалоғи таъмидан фарқ қилиб, анча “ширин”, — дейди фермер Абдумутал Пайғамбаров. – Ҳамма гап  тупроғимиз структурасида. Еримиз худди исмалоқ етиштириш учун яратилгандек.

— Бу кўкат Қозоғистон, Жанубий Корея-га экспорт қилиниб, у ерда дори-дармон ва биздаги каби кўк таомлар тайёрланади, — дейди “Тепақўрғон” МФЙ раиси Неъматжон Султонов. – Энди эса у Ҳиндистон, Арабистонга ҳам экспорт қилиняпти.

Тепақўрғонликлар тажрибаси кўп меҳнат талаб қиладиган пахта қатори бошқа деҳқончилик маҳсулотларини етиштириш ва четга сотиш мумкинлигини кўрсатмоқда. Хусусан, йилда уч-тўрт мартагача ҳосил берадиган ва чет элларда талаб юқори бўлган исмалоқни.

  “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси: МАҲАЛЛИЙ КОРХОНАЛАР МАҲСУЛОТИ — БОТКЕН БОЗОРИГА

700 гектардан зиёд майдонда жойлашган “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида бугунга қадар 100 тага яқин лойиҳа амалга оширилган бўлиб, корхоналарнинг бу йилги экспорт ҳажми камида 55 миллион долларга тенг бўлиши кўзланмоқда.

Муҳсинбек Абдураҳимов муассис бўлган “Kokand Bicycles” хусусий корхона зонада 2018 йилда иш бошлаган. Бундан аввал тадбиркор велосипедларни Қўқон шаҳридаги ўз ҳовлисида йиғиб келган эди.  ЭИЗда иш бошлагач, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми кескин ўсди. Хусусан, биргина 2020 йилнинг ўзида корхона MBF маркаси остида 170 мингтадан зиёд велосипед ишлаб чиқарган. 200 нафар ишчи банд бўлган велосипед заводи йил бошидан Қирғизистонга умумий қиймати 700 минг АҚШ долларига тенг экспортни амалга оширган.

“Great Kokand” ҳам “Қўқон” ЭИЗда муваффақиятли фаолият олиб бораётган корхоналардан бири. Бу ерда маҳсулотни тайёрлаш учун ишлатиладиган хом ашёнинг 40 фоизи маҳаллийлаштирилган. Қурилиш, тўқимачилик ҳамда озиқ-овқат саноати каби тармоқларда талаб юқори бўлган қадоқлаш воситалари ишлаб чиқарилади.

“Kokand Bicycles” заводи каби «Great Kokand” корхонасининг ўз маҳсулотини Қирғизистонга экспорт қилиш эҳтимоли бор. Гап шундаки,  яқинда “Қўқон” ЭИЗда бўлган Қирғизистоннинг Боткен вилоятилик ишбилармонлар зонада жойлашган қатор корхоналар билан ҳамкорлик борасида дастлабки келишувларга эришганлар.

Саҳифани Тамара ТОШМАТОВА ва Севара АЛИЖОНОВА тайёрлади.