Мавсумнинг илк меваси — аҳоли дастурхонига

Мавсумнинг илк меваси —  аҳоли дастурхонига

Қулупнай мевали ўсимликлар ичида энг эрта пишадиган,  мавсумнинг илк мевасидир. Янги териб олингани жуда мазали ва хушбўй бўлиб, таркибида 4–11 фоиз қанд моддаси, 0,28–1,6 фоиз кислоталар, 37–130 мг/фоиз С витамини, енгил ҳазм бўладиган темир, фосфор, калий, кальций тузлари ва бошқа витаминлар мавжуд.

Қува, Ўзбекистон туманлари ҳамда Қувасой шаҳри миришкорлари илғор тажрибалар асосида қулупнайни эрта етиштиришни йўлга қўйган. Бу эса апрель ойидан бошлаб, бозорларни сархил мева билан таъминламоқда. Айни кунларда Қува туманидаги Томорқа ер участкаларини ривожлантириш илмий-амалий марказида қулупнай, пешма-пеш бозорларга етказиб бериляпти. Маълумотларга қараганда, ёш боғлар орасидаги 60 гектар майдонда “Ўзбекистон”, “дилбарим”, “кобра” каби навлари етиштириляпти.

Пудратчи Давронбек Олимов 50 сотих очиқ майдонда плёнка остида қулупнайнинг “Ўзбекистон” навини парваришлаб, аҳоли дастурхонига етказмоқда.  Унинг айтишича, ўтган йили 25  миллион сўмдан ортиқ даромад олган.

-Илгарилари қулупнай май ойининг охирларида бозорга чиқарди, -дейди Давронбек.-Бугун эса қулупнайзорларнинг миришкорлари кўпайди.  Плёнка остида ёки иссиқхонада парваришлаш камида бир ой олдин  пишишига хизмат қилади. Албатта, бунинг машаққати бор. Баҳор фаслида ҳаво анча совуқ бўлди. Бу қулупнайзорга ҳам таъсир қилди. Шундай бўлсада 5 тоннадан ортиқ ҳосил олишни кўзлаб турибмиз.

 

Масуджон Сулаймонов.

Шерзод Қорабоев

олган сурат.