Ким кимни алдаяпти? БУЛОҚБОШИГА ҚАЧОН СУВ КЕЛАДИ?

Ким кимни алдаяпти?  БУЛОҚБОШИГА ҚАЧОН  СУВ КЕЛАДИ?

Ўтган йилнинг февраль ойида таҳририятимизга Риштон тумани Булоқбоши қишлоғи фуқароларидан шикоят хати келиб тушган, бу хат асосида газетада “Сувга ташна Булоқбоши” номли мақола эълон қилинган эди. Унда Булоқбоши МФЙдаги Ёшлар, Ҳовузбўйи, Янгизамон кўчаларидаги ичимлик сув муаммоси тилга олинганди. Туман ҳокимлиги бу мақолага дарҳол эътибор қаратган, орадан икки ҳафта ўтиб-ўтмай, таҳририятга “Пастки ва Юқори Булоқбоши МФЙ аҳолисини ичимлик сув билан таъминлаш ишларига киришилди” мазмунида жавоб хати ҳам йўлланган. Лекин… Номлари зикр этилган маҳаллаларда яшовчилар чучварани хом санашган экан.

– 2019-2020 йилларда қишлоқ аҳли билан ҳамкорликда Пастки Булоқбоши МФЙнинг Мустақиллик, Узун кўча, Нурафшон кўчаларига 4 километр узунликда ичимлик сув тармоғи тортилган, – дейди “Фарғона сув таъминоти” МЧЖ Риштон туман бўлими бошлиғи Жавлонбек Собиров. – Жумладан, бир донадан сув минораси, зарарсизлантириш қурилмаси, сув насоси ўрнатилиб ишга туширилган. Ҳозирда бу тармоқлар бир меъёрда ишлаб турибди. Юқори Булоқбоши ҳудуди дастурга киритилиб, маблағ ажратилиши билан сув тармоғини тортишга тушамиз.

Булоқбоши қишлоғи ёнгинасидан Катта Фарғона канали оқиб ўтади. Унинг сувидан экинларни суғориш, қишлоқ хўжалиги учун фойдаланилса-да, истеъмол учун яроқсиз. Қадимда зилол сувли булоқ бўлганми, қишлоқ номи “сувнинг бошланиши”, “суви мўл” каби маъноларни билдириши бугун фахр эмас, аламга айланган…

– 2021 йилда туманимизда “Обод қишлоқ” дастури бўйича 22 км ичимлик сув тармоғи тортиш, 1 дона сув минораси, 5 дона сув насоси ўрнатиб ишга тушириш режалаштирилган, – дейди туман ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Нозимхўжа Орипов. – Булоқбоши қишлоғи қизил ҳудудга кирмаган. Шундай бўлса-да, бу ердаги сув муаммосини ҳал қилиш устида иш олиб бориляпти. Туманни ривожлантириш бўйича 2021-2022 йил учун дастурда қишлоқда 2 та тик қудуқ қазиб, ишга тушириш ва сув тармоғи тортиш масаласи кўрсатилган. Албатта, бунинг ечими маълум вақт талаб қилади.

Мутасаддиларнинг сўзларини тинглаб бўлгач, қишлоққа йўл олдик.

– Қишлоғимизда икки ярим мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Олти-етти йилдан буён шу муаммо халқимизни қийнаб келади, – дейди Булоқбоши МФЙ раиси Икромжон Рауфжонов бир уф тортиб олгач. – Пастки Булоқбошига сув тармоғи тортилганда биз ҳам суюнгандик, афсус… Мурожаат қилмаган жойимиз кам қолди. Доим келишади, ўрганишади, ёзиб-чизишади-ю, ҳеч бир натижа бўлмайди.

Бу ерликлар пастки маҳаллага бориб, ўша ердаги қувурдан оқиб турувчи сувдан ташиб келишар экан.

– Токайгача бошқа қишлоқдан сув ташиб ичамиз, – дейди оқсоқоллардан бири Мусажон Зарипов. – Ҳудудда учта тик қудуқ бор, лекин бирортаси мунтазам ишламайди. Агар шулар таъмирланиб ишга туширилса, аҳоли истеъмоли учун яроқли сув етарли бўлармиди… Қишлоғимиздан кўплаб олиму зиёлилар етишиб чиққан. Лекин шу биргина муаммо ечимини топмаётгани одамга алам қиларкан-да.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, агар мутасаддилар яна алдамаётган бўлишса, яқин вақт ичида Булоқбошида ичимлик сув муаммоси бартараф этилади. Фақат бунинг учун муайян вақт ва масъулларнинг жонсараклиги талаб этилиши ҳам бор гап.

 

Ҳаётжон Бойбобоев.