Таҳлил СЕНАТ РАИСИНИНГ ТАШРИФ ХУЛОСАЛАРИ:

Таҳлил  СЕНАТ РАИСИНИНГ ТАШРИФ ХУЛОСАЛАРИ:

Вилоятда аниқланган ютуқ ва камчиликлар

Шу йилнинг 12-17 апрель кунлари Олий Мажлис Сенати ишчи гуруҳи Фарғона вилоятида “маҳаллабай” тизимида асосида “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”га киритилган оилалар билан ишлаш, бандлигини таъминлаш, яшаш, уй-жой шароитларини яхшилаш бўйича секторлар кесимида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни ўрганган эди. 29 апрель-1 май – уч кун мобайнида ишчи гуруҳ хулосаларини жойида ўрганиш мақсадида Сенат раиси Танзила Норбоева Қўштепа, Тошлоқ, Олтиариқ туманлари ва Қувасой шаҳрида бўлди. 1 май куни Фарғона вилояти ҳокимлиги катта мажлислар залида ўрганишлар якунига бағишланган видеоконференцалоқа тарзида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Эътироф этилди:

  • Вилоятнинг 13 та ҳудудида Ҳунармандлар марказининг

ташкил этилгани;

  • Қир-адир, тош-шағал ерларда иссиқхоналар барпо

этилгани – Олтиариқ тажрибаси;

  • Ҳар бир секторда 2-3 тадан кичик саноат зоналарининг

мавжудлиги – Тошлоқ тажрибаси;

  • Ташландиқ бинолар ижтимоий уйларга айлантирилгани,

барча керакли анжомлар билан жиҳозлангани;

  • Енгил конструкцияли контейнер боғчаларнинг арзон,

сифатли қурилгани – Фарғона тажрибаси;

  • Лола Муротова бошчилигида Ёш фермер қизлар

мактаби фаолиятининг йўлга қўйилиши;

  • Фарғона давлат университетида Гендер масалалари

бўйича инновация марказининг ишга туширилгани.

Танқид қилинди:

  • Маҳаллий кенгаш депутатлари фаолиятининг суст экани;
  • Фаолиятда мувофиқлаштиришнинг талаб даражасида эмаслиги, тизимлар ўртасида ўзаро

ҳамкорликнинг йўқлиги;

  • Аҳолининг банклар фаолиятидан рози эмаслиги;
  • Маҳаллалардаги инфратузилма, ички йўллар, трансформатор, ичимлик суви қувурларининг

талабга жавоб бермаслиги;

  • Уй-жой, ишга муҳтожларга аксар ҳолатларда ёрдам кўрсатилмагани;
  • Меҳнат ярмаркаларининг самарасизлиги;
  • Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг пастлиги, онкологик касалликларга чалинганларга

бефарқлик ҳолатлари,

  • Болалар ва аёллар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари, аёллар жиноятчилигининг

ошиб кетгани;

  • Маҳаллий бюджетдан ажратилган маблағларнинг суиистеъмол қилиш ҳоллари,

давлат харидларида йўлга қўйилган нотўғри сарф-харажатлар…

– Қўштепа туманида 253 нафар аёл мономарказларда касб-ҳунарга ўқитилган, бироқ бирортаси ишга жойлашмаган, – деди Танзила Норбоева. – Бу қандай гап? Нима учун уларнинг тақдири билан охиригача қизиқмайсиз? Ёки “Агробанк”ка кредит олиш бўйича 900 та мурожаат келиб тушган, уларнинг 841 тасига маблағ ажратилмаган. Сабаб нима? Банкда пул йўқми?

– Сектор раҳбарлари бир кеча уйсиз юрганларнинг ўрнига ўзини қўйиб, кўчада, дала шийпонида ётиб кўриши керак. Шунда балки юракдан ҳис қилар?! – деди Хайрулло Бозоров нотурар жойларда яшаб юрганларга ҳалигача ёрдам кўрсатилмаганини танқид қилиб.

Юқоридаги танқидий хулосалардан келиб чиқиб, Бувайда, Қўштепа, Учкўприк, Фарғона, Тошлоқ, Бешариқ, Ўзбекистон, Риштон сингари бир қатор туманлар ҳокими ва сектор раҳбарларига ҳайфсан берилди, фаолиятларини янада кучайтириш бўйича топшириқ ва тавсиялар айтилди.

Сенат раиси Танзила Норбоеванинг Қўштепа туманига ташрифи доирасида мутасаддилар томонидан Сенат раиси билан кўришишга тўсқинлик қилинган, уйга муҳтож фуқаро Сарвиноз Ҳозиралиева кўзига ёш олиб деганди:

– Иккита фарзандим бор, бирор ишга жойлашай десам улар ҳали кичкина. Турмуш ўртоғим бир марталик иш орқасидан ойига 800 минг атрофида пул топади. Ижара ҳақимиз 1 миллион сўм. Икки кундан кейин у ерни ҳам бўшатиб қўйишимизни сўраяпти уй эгаси. Қаерга борамиз?

Бу оиланинг қандай кун кечираётганидан кўнглимиз хуфтон бўлганди ўшанда. 1 май кунги йиғилишда Танзила Норбоева вилоятда 9 минг аҳоли ижарада яшашини айтиб, оғир аҳволдагиларга ижара ҳақини тўлаб бериш бўйича таклиф киритди.

Шунингдек, ҳудудларда ҳунармандчилик йўналишларини белгилаб олиш, мардикор бозорини замонга мос ҳолда ташкил этиш, ўқувчи-талабаларда меҳнат тарбиясини шакллантириш, аутсорсинг хизматини йўлга қўйиш каби қатор таклифлар берилди.

Хулоса қилиб айтганда, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоеванинг Фарғонага ташрифи барча соҳа раҳбарлари фаолиятига тутилган кўзгу бўлди. Ойнада ўз аксини кўрган мутасаддилар тегишли хулоса чиқариб, маълум қарорлар қабул қилдилар, деб умид қиламиз.

Севара АЛИЖОНОВА.