Қишлоқ хўжалиги: истиқбол ва самара

Қишлоқ хўжалиги: истиқбол ва самара

Фарғоналик тадқиқотчи балиқнинг

янги турини кашф қилди

Ўзбекистон географик жиҳатдан ўзига хос минтақада жойлашганлиги боис унинг ҳайвонот дунёси ҳам бошқа ҳудудлар фаунасидан етарлича фарқ қилади. Хусусан, умуртқали ҳайвонлар мукаммал тузилишга эгалиги билан ажралиб туради. Уларнинг янги турлари топилиши эса фан оламидаги камёб ҳодисалардан бири ҳисобланади.

Юртимиз сув ҳавзаларидаги балиқларни тадқиқ қилиш билан шуғулланувчи фарғоналик биолог-ихтиолог Бахтиёр Шералиев куни кеча ўлкамиз ихтиофаунаси учун янги балиқ турини кашф қилишга муваффақ бўлди. Кашфиёт халқаро «Journal of Fish Biology» журналида расман эълон қилинди.

Фарғона водийси сув ҳавзаларида учрайдиган, аввал фанга маълум бўлмаган янги балиқ турига у кашф қилинган ҳудуд — Фарғона водийси шарафига Фарғона ялангбалиғи (Triplophysa ferganaensis) деб ном берилди. Янги тур водийнинг тоғли ҳудудларидаги сувларда учрайди.

Биз тадқиқотчи билан суҳбатлашдик.

— 1989 йил Риштон туманида туғил-
ганман, — дейди у. — 2007-2011 йиллар давомида Фарғона давлат университетининг биология йўналишида ўқиганман. Бакалаврлик вақтимданоқ Ўзбекистон ихтиофаунасини ўрганишни бошлаганман. 2012-2014 йилларда ФарДУ магистратурасида ўқиш мобайнида биология кафедрасида лаборант сифатида фаолият олиб бордим, кейин ўқитувчи бўлиб ишладим. 2015 йилда илк марта Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги олий таълим муассасалари ёш профессор ўқитувчиларини алмашиш дастури бўйича 10 ойлик грант ютиб, Хитойда стажировка ўтаганман. 2017 йилда Хитой Чунцин шаҳри жануби-ғарбий университети докторантурасига ўқишга кирдим.

«Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон-нинг барча сув ҳавзаларида бир неча маротаба ихтиологик экспедициялар ташкил қилдик. Балиқларни Марказий Осиё учун илк маротаба молекуляр генетик таҳлил қилиш асосида тадқиқ этяпмиз. Бунгача ДНК таҳлили асосида Ўзбекистон жанубий сув ҳавзаларида учрайдиган 3 та балиқ турининг таксономиясига аниқлик киритилди. Ниҳоятда ноёб ҳисобланган,  «Қизил китоб»га киритилган Aмударё катта сохта куракбурун балиғининг тўлиқ митохондриал геномини аниқлашга муваффақ бўлинди.

Янги турни кашф қилиш жараёни ҳам тасодифан бўлмаган. Бу иш 2019 йилдаги илмий экспедициямизда йиғилган намуналар маҳсули. Сир-дарё ҳавзасида ялангбалиқларнинг 10 та тури, шундан 5 таси Ўзбекистон ҳудудида учрайди. Улар бундан 70-150 йил аввал ўрганилган турлар бўлиб, биз аниқлаган тур Сирдарё ҳавзаси учун сўнгги 70 йилликдаги илк балиқ тури ҳисобланади. Янги тур халқаро даражада экспертизадан ўтган. Унинг янгилигини халқаро даражадаги мутахассислар 2020 йилнинг август ойидан бери текширишди. 2021 йил апрель ойининг бошида бу янги тур Сирдарё ҳавзаси учун ниҳоятда муҳим топилма, деб хулоса беришди.

Аксарият тадқиқотчилар бизнинг минтақамиздаги барча ҳайвон турлари ўрганиб бўлинган, деб ҳисоблайди. Аслида бу ҳақиқатга тўғри келмайди. Ўлкамиз сув ҳавзаларини тадқиқ этар эканман, бизда ҳали ўрганилмаган турлар етарлича эканлигига борган сари ишончим комил бўлиб бормоқда. Биз кашф қилган янги балиқ тури бунга ёрқин мисол бўла олади. Фарғона ялангбалиғи водийнинг тоғли ҳудудлари сувларида учрайди. Унинг ўзига хос хусусиятларини кашф этиш олдимизда турган муҳим вазифадир».

 

Маъсуджон 

Сулаймонов.