41-йил лолалари

41-йил  лолалари

Вақт шамоли қирқ биринчи йил бўронига кўксини тутган алп йигитлар қаддиларини букиб, қуёшларини уфқ ортига яширди. Фронт орти қатнашчиларининг сафи ҳам тобора озайиб бормоқда. Падари бузрукворлари, оғаларини урушга кузатиб, интизорлик дардини торта-торта умр шомини қаршилаган онахон ва ота-хонлар эса бугун табаррук ёшдалар.

Улар урушни кўрмаганлар. Лекин болалик, ўсмирлик йиллари алам ва изтироблар, соғинчу ҳижронлар исканжасида ўтган. Улар юртдан жуда-жуда олисларда  рўй бераётган урушнинг нафасини лойсувоқ томли уйлар ичида сезиб туришган.

Узоқлардаги уруш ҳатто мактаб парталарида ўтирган қора-қура,  оёқ яланг,  йиртиқ-ямоқ кийимдаги болаларга совуқ нафасини юбориб турарди. Баъзан кимдир йиғидан кўзи қизариб келар, урушдан келган учбурчак хат (халқ тили билан “қора хат”) болалик орзуларини янчиб ташлаганини гапириб берарди.

Ҳарбий эшелонларда ўзбек аскарларига “Фронтга” ёзуви билан мева-чева, туршак-қоқилар, кийим-бош, жундан тўқилган пайпоқларгача юбориб, ҳатто Ватандан мужда деб бир чаноқ пахтани ҳам жўнатмалар ичига солиб қўйган муштипарлар юрагини эшелон қичқириғи баттар тилка-пора қиларди.

Аёлларнинг фронтга деб топширган тугунлари ичида оталари, оғалари, ёр-
лари учун насибалар, кийим-кечак-лар юзасида рўмолча ва икки энлик мактуб.

Машъум хабар келганда йиғи овозига тўлган уйлар. Ўзбек аёлининг йиғиси. Дунёдаги ҳеч бир йиғи бу нолага тенг келолмас. “Беозорим отам, шамол бўлиб келасизми, ёмғир бўлиб ёғасизми, кўзларимнинг хуморини ёзасизми, жоним отам…”

Зоғора ноннинг тансиқ ҳиди тутган Марғилондаги ҳовлилардан бирида шугина нонни, гўжа ошни кутиб ухламай, кўзлари дастурхонга қадалган ука-сингилларига тикилган кўйи Абдусамат ўтирарди. 18 ёшли ёвқур йигитни эрта тушгача фронтга олиб кетишлари ҳақидаги хабар бутун оилани ғамга ботирган, онаизор унинг атрофида гирдикапалак, тинмай юз-кўзларига термулиб қолиш, унинг навқирон суратини хотирасига чизиб олишга уринарди…

1941 йил. 2-Украина фронтига сафарбар қилинган йигитларга хизмат вазифалари юкланаётган палла.  Аскарлар навбатма-навбат топшириқ оларди.

— Ғуломов Абдусамат!

— Мен!

Бир қадам олдинга чиққан йигитнинг бўй-басти, кучга тўлган билаклари, ўткир нигоҳларини кўриб, офицер мамнунлик туйди. Уни 52-артилерия бригадасига жойлаштирди.

Уч йил-у олти ой, йигирма бир кун – то ғалабагача уруш майдонларида матонат, ботирлик билангина эмас,  она юртига, ота-онасига берган ваъдасига, “Сизларни, албатта, ҳимоя қилиб келаман, албатта қайтаман!” деган онтига садоқат билан жанг қилди. Душманга қарши курашиб, ёв ҳужумида ҳалок бўлган дўстларининг омонат сўзларини элга етказиш учун ҳам тирик қолиши керак эди у.

Абдусамат уруш ўчоғига айланган шаҳар ва қишлоқлардаги бор-буди билан ташлаб кетилган уйларни кўрди. Кулфат ичида қолган одамларнинг мулкига кўз олайтиришдан қаттиқ уялди. Чехословакиядаги жанггоҳлардан бирида азбаройи қора қонга беланганидан ушлашга соғ жойи қолмаган одамларни панага олиб чиқишга уринаркан, тинмай ёғилаётган ўқ ёмғирларидан қўрқиб, айрим сафдошлари уни тарк этди. Абдусамат ҳали тирик бўлган чалажонни ташлаб кетмади, кетолмади. Оғриқдан базўр нафас олаётган одам уни тўхташга имлади.

— Мен барибир ўлиб кетаман, солдат. Шу ерда қолдир мени, ўзингни қутқар. Сендан розиман, Худойинг ҳам рози…

Сўнгги сўзи бўғзида қолган қурбоннинг кўзларини Абдусамат етмиш беш йил унутмади.

Абдусаматнинг воронежлик Иван Пешков деган қуролдош дўсти бўларди. Унга ўз юрти, Марғилондаги уйи ҳақида гапириб беришга бир-икки фурсат бўлиб қолган. 1944 йилнинг айни баҳорида вужуди қонга беланиб, жанггоҳдан қайтаётган дўстлар атрофда бирор кўзга кўрингулик гиёҳ, на гул, на чечак топмай баттар эзилишди.

— Бунақа пайтларда бизнинг далалар қизил лолаларга тўларди, — деди Абдусамат Иваннинг снаряд парчаси тилган юзига қараб.

— Қондай қизилми?

— Ҳа, қип-қизил.

Урушдан омон чиқса, уни албатта, Ўзбекистонга олиб келиши, лола тўлган адирлар, қўй-қўзилар ўтлаб юрган кенгликлар, боғу роғларни кўрсатишни кўнглига туйган алпнинг  бу муроди ҳосил бўлмади. Аммо унинг дўсти Иван Пешков билан тушган сурати ҳамон ота уйида сақланади, уни фронтдан йўллаган мактубга қўшиб, ўзи юборганди.

…1943-1945 йилларда Ғарбий Украинанинг Карпат ҳудуди, Руминия, Венгрия, Чехословакияни озод қилишда, урушдан кейин Узоқ Шарқда япон армиясини тор-мор келтиришда қатнашган Абдусамат 1948 йилгача Молдавия ўлкасида қолиб кетди.

Ватанга омон қайтган ўғлонни эл бағрига босди.

Абдусамат ота узоқ йиллар атлас цехида ишлади, уч ўғил, бир қизни тарбиялаб, юртга қўшди. Қадр топди, эъзоз кўрди, қачонлардир лойсувоқ томларида лолалар унган, ғарқ пишган олмалари девор оша қўшни уйга мўралаган ҳовлида 96 ёшгача умргузаронлик қилди.   Бундан ярим йилча бурун азиз жонини Ҳаққа топширди.

— Отам ўз умридан, тақдиридан рози кетдилар, — дейди ўғли Аъзамжон Ғуломов. — Юртга тинчлик-омонлик сўраб, давлатимизнинг, Президентимизнинг эътибори ва ғамхўрлигидан қувониб, дуолар билан алқаб-алқаб ўтдилар.

Ҳа, Иккинчи жаҳон уруши халқ бошига қанчалик кулфату аламлар солмасин, одамлар қалбида ягона тас-кин тирик турарди. Бу меҳр-оқибат, эзгулик, Ватанга, тинчликка муҳаббат эди.

…Қирқ биринчи йил лолалари. Қиз-жувонларнинг ёноқларига, баъзида уруш талатўпларидан беҳад зада бўлган қон юрагига ўхшайди улар. Урушнинг изтироблари улар.  Аламларини ичига ютиб яшаган онаизорлар уруш эсдаликларини кўксиларига жойлаб, бу дунёдан армон билан кетдилар, ҳаёт бўлганлар хотиралари ҳамон маҳзун.

Ул лолалар бағри қон кунларга вола очилиб, сўлган эди. Бугун эса қир-адирларда очилган кўйи қадри абад кунларнинг шукронаси бўлиб чўғдек товланиб турибдилар.

Қирқ биринчи йил кундаликлари эса дунёнинг сарғайган дафтари янглиғ авлодлар нигоҳида ҳамон ўқилмоқда.  Қарийб етмиш олти йилдирки, авлодлар урушни лаънатлаб, тинчликни олқишлаган оталар жасоратини тараннум этиб келаётир.

Абдусамат ота сингари элимиз баҳодирларининг бугунги авлодлари тинч Ватаннинг бошига лолалардан гулчамбар қадашга ошиқаётган тонг-лар, сўрили айвонда бешик тебратаётган гулюз оналарнинг эрта-индин улғайиб, юрт ўғлони бўладиган нуридийдасига ёруғ умид билан боқаётган лаҳзалар муборак бизга!

Д. ҚЎЛДОШЕВА.