СУФОН БОҒЛАРИДАН БАҲОР КЕТМАЙДИ

СУФОН БОҒЛАРИДАН БАҲОР КЕТМАЙДИ

 ЭССЕ

Суфон боғлари Ачанисо онанинг ўн бир фарзандига ризқ берган. Қаҳрамон беҳи, шафтоли, олча мевалари қуёшга интилаётган боғ четига қадрдон партасини элтиб, китоб мутолаасига шўнғиган пайтлари кўп бўлган.  У бўлғуси доктор ахир, ҳозир фақат ўқиши керак. Боғ оралаган саррин шамол эса унинг кўз қадалган китобларини бир-бир варақлаб турарди…

Ўша шўх-шаън лаҳзалар ортда қолганига ҳам ўттиз беш йилдан ошди. Суфон боғлари ҳамон тароватли, ҳамон яшил мўъжизаларга туташ. Аммо… Ҳали пишиб улгурмай, бандидан узилиб тушган беҳини кафтлари орасига олиб,  “Тақдиринг боламникидай бўлса, на қилай?” дея куйиниб-куйиниб қўядиган Ачанисо она аллақачон дорулбақога юзланди. Орзулари ўсиб, ҳарбий госпиталь хизматчиси бўлиб етишган Қаҳрамон ҳам энди тириклик оламида йўқ.

Дарвоза ҳалқасини тутган навниҳол қизнинг салом ила ичкарига чорлови унинг кўзларига яхшироқ боқишга шоширарди. Ҳа, бу ўша! Худди ўзи!

— Сиз Ёдгорамисиз ё адашдимми?

— Ҳа, Ёдгораман, опа! Келинг, келаверинг.

У Қаҳрамон Мадолимовнинг тириклигида дунёга келиб улгурмаган дилбанди – Ёдгораси эди. Жамалаксоч қизнинг отамерос кўзларидаги мунгни аллақандай ёниқлик эгаллашга уринар, сўзларида эса ўз тақдирига кўнган, ундан-да ҳикмат излаётган фарзанд сиймоси, манамен, деб турарди.

Қувасой шаҳар тез тиббий ёрдам бўлимида фельдшер бўлиб ишлайдиган онасининг уйда эмаслигидан ийманган Ёдгора буни яхшиликка ҳам бурди, “Уйда бўлганларида ҳар бир сўзларига йиғи аралашиб, сизнинг ҳам юрагингиз эзиларди.” 20 ёшли қаҳрамон қизи юракдан сўзлар, мен эса эшитганларим орқали Сурхон-дарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманларида террорчи душманлар билан бўлган даҳшатли жангларда ҳалок бўлган қувасойлик алп йигит сиймосини чизишга уринардим.

Хоҳ госпиталда, хоҳ жанггоҳда…

Қаҳрамон Мадолимов Марғилон тиббиёт техникумида таҳсил олгач, ҳарбий хизматни Ленинград денгиз флотида ўтади. Кейинчалик Фарғона ҳарбий госпитали, ҳарбий ҳаво кучлари қисмида хизмат қилди. Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида ўтган хизмат йилларида ҳарбий қисм сержант ва офицерларининг ҳурматини қозонди, қатъияти, хоҳ госпиталда, хоҳ жанггоҳда бўлсин сафдошларининг соғлиги олдидаги масъулиятини сидқидилдан ҳис этиши таҳсинга лойиқ эди.

1999 йилда Бўстонлиқ туманидаги жангарилар билан тўқнашувда душманга қарши қалқон бўлишнинг уддасидан осонликча чиқилмади. Қаҳрамон ҳам ўзининг, ҳам хизматдошларининг жонини асрашга, яраланганларга тез тиббий ёрдам кўрсатишга жидди-жаҳд билан киришарди.

2000 йилнинг 31 июлида Сариосиё  ва Узун туманларининг тоғли ҳудудларида писиб ётган террористлар ҳужуми тезкор штабни оёққа турғазди. Узлуксиз давом этган отишмаларда ёвга қарши зарбалар беришга киришилган палла… Сафдошлари Маъруф ва Бобуржоннинг яраланиб, ерга йиқилганига кўриб, улар томон югурди. “Мени қўй, Бобурга ёрдам бер, Бобурга!” деган қичқириқдан сесканиб, аъзойи бадани қора қонга беланган дўстини душман нигоҳидан пана ерга торта бошлади. Шу онда ҳаёт адолат қилмади, алпкелбат ўғлонга ортдан ўқ узди малъунлар. Ўқ Қаҳрамоннинг бошига тегиб, йиқилди.

Сўнгги туғилган кун

…30 июль. Туғилган кун. Аёлининг йигирма беш ёшлик таваллудини эсда қоларли қилиб ўтказишга уринаётган Қаҳрамон умрининг шу кунини жуфти ҳалоли Зуҳрахонга, қизи Зайнурага бағишлашга аҳд қилган эди. Ахир эртага сафар. У ёғи эса тақдирдан…

Зуҳрахон Сариосиёга кетиши ҳақида хабар олган турмуш ўртоғининг сафар буюмларини тайёрлашга меҳр билан киришган. Одатда, ул-булни жойлашга кўмаклашадиган эри бу гал уни зимдан кузатиб, тикилиб-тикилиб турди, холос. 3 ёшли Зайнура ухлар, қўнғироқ сочларини қайта-қайта силаётган отасининг меҳрибон қўллари тафтини англамай, ором оларди.

Эшик олдида, зинада, дераза ёнида, яна уловга миниш чоғидаги қайта-қайта хайрлашувлар икки қалб эгасига нигоҳлар видолашувидай туюлди-ю хаёлларига келган мудҳиш ўйдан тавбалар қилишганди ўшанда.

Бироқ, бу охирги дийдор, охирги меҳр изҳори, сўнгги байрам бўлиб қолди. Зуҳрахон шу-шу ҳар йилги таваллуд кунини ўша йигирма беш ёшини ёстиқдоши билан нишонлаган кун хотираси билан ўтказади. Бири қучоғида, яна бири вужудида яшаётган гўдакларининг толейи учун ҳам сабр қўрғонига кирди, ирода ва матонат рўмолини ёпди.

Юрт уни, дилбандларини ёлғизлатиб қўймади, нимаики яхшилик бўлса, Қаҳрамоннинг ортида қолган яқинларига илинди. Қаҳрамоннинг қизлари – Зайнура Фарғона давлат университетига, Ёдгора Андижон давлат тиббиёт институтига имтиёзли ўқишга киришди. Оилага ҳар йили қутлуғ саналарга бағишланган байрамларда “Ватан қаҳрамонининг қаҳрамон аёлига” ёрлиғи билан табриклар келади, турфа йўқловлар, меҳр ва ғамхўрлик саломи билан адо этиладиган ташрифлар, қолаверса, маҳалла аҳли, ҳарбий биродарларнинг доимий эътиборидан уларнинг кўнгли тоғ қадар юксалади.

Ватан омон экан, ҳаётдир у ҳам

Қаҳрамон Мадолимов бугун ҳаёт бўлганида бир кам эллик ёшни қаршилаган бўларди. Орадан қанча вақтлар ўтса ҳам у Ватани, эл-у юрт хотирасида йигирма саккиз ёшли ўғлон сиймосида яшайверади.

Давлат раҳбари Фармонига асосан “Жасорат” медали  билан тақдирланган Қувасой ўғлони шарафига у таҳсил олган 16-умумтаълим мактабида қаҳрамон бюсти ўрнатилган.

Сўлим Суфон боғларида яна кўклам, яна ти-риклик нашидаси. Она тупроқ бир ботир фарзанди жисмини ўз бағрида мудом асраб ётажак. Чироғи ёниқ уйда эса икки набира “аскар-аскар” ўйнаётганида ҳам бир яхшилик, жасоратнинг туғилишига илк ишора бўлса, не тонг. Ҳовли этагидаги шафтолизор ичра шўх-шаън елаётган насим Қаҳрамон номини шивирлаб-шивирлаб айтишдан тўхтамас экан, бу боғлардан баҳор кетмайди. Ватан омон экан, Қаҳрамон ҳам ўлмайди.

Дилнавоз ҲОТАМ қизи.