Яхши ният

Яхши ният

Тандирнинг олови тобида бўлибди. Сомса ва нонлар чиройли қизараётганидан Ироданинг кўнгли  ёришди. Рўзадорларга дармон бўлади, деб ўйлаб турганди, дарвоза томондан болалар овози эшитилди.

— Рамазон айтиб келдик эшигингизга,

                  Худойим ўғил берсин бешигингизга.

Ироданинг  юраги ҳапқириб кетди. Нон ва сомсаларни  узиб саватга солгунча  болакайлар Рамазон қўшиғини такрор-такрор айтишди.

Нон  синдириб, болажонларга улашди. Чўнтагидаги пулни ҳам тарқатиб берди. Кичик боланинг бошини силаб ҳам қўйди.  Ичкаридан қайнонаси  ширинлик олиб  чиқди. Болакайлар хурсанд бўлиб,  кейинги хонадон томон  йўналишди. Уларнинг  ортидан тикилиб қолди. Кўнгли эзилди. ”Аллоҳим, ўзинг меҳрибонсан. Менга ҳам  фарзанд ато эт”. Хаёлини қайнонасининг овози бўлди:  “Келяпсизми, вақт бўлиб қолади…”

Рамазон  кунларида  бу сахий  хонадонни  Рамазон айтувчи болалар кўп  йўқлашди.

Эрта саҳарда Ирода ҳушини йўқотаёзди. Ўзидаги ўзгаришларни ҳолсизлик, деб баҳоласа-да, ич-ичидан умид учқунларди. Қоним камайибди деб баҳона қилиб,  докторга учради.

Шифокор жавобидан сўнг қандай уйига келиб қолганини билмайди. Наҳотки, энди мен она бўламанми, ўзингга шукр, такрорларди у.

— Уйда нон қолмабди, хамир қориб қўясизми, қизим, — деб қолди қайнонаси. Чаққонлик билан ошхона  томон юзланган Ирода бугун кулча нон ҳам ёпишга қарор қилди.

 

Нодира  ОЛИМЖОН қизи.