Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудига 67 йил тўлди

Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф  таваллудига 67 йил тўлди

…ИЗЛАР ЭДИ   ХАЛҚ ШОИРИНИ

26 апрель тонги отди… Олис тоғлар томондан енгил, аммо баданни жунжиктирувчи шамол эса бошлади. Фасли баҳор нимадандир кўнгли тўлмаётгандай, борлиққа ўз ҳукмини ўтказишга шошилмаётгандай…

“Қовунчи, қайдасан?” дея йўлга тушдик. Ичимизда ёши улуғи – Муҳаммад Юсуфнинг яқин дўсти бўлган Малик ака Бойматов йўл бошлаб кетмоқда. Қувадан чиқиб, Марҳамат тумани ҳудудига ўтишимиз билан сўлим табиат – шарқираб оқаётган сой, яшилликка бурканган боғ-роғлару паст-баланд қирлар бошланди.

Бу йўллардан неча бор ўтган экан севимли шоиримиз?! Балки бир нафас тўхтаб, анави ўрик шохидаги гулларни ҳидлаб-ўпгандир… Ҳув, қир кўксида “юраги доғ бўлиб”, титраб турган қизғалдоққа тикилиб, хаёлга ботган бўлса, не ажаб? Она қишлоғига келаркан, Энахон ая учун мана шу жойлардан меҳрга тўлиб-тошиб, дасталаб гуллар тергандир балки… Нима бўлганда ҳам, бу йўлларга шоирнинг қадами теккан, излари қолган!

Қовунчиликларнинг қўлларида гуллар, қизғалдоқлар… Меҳмонларга аталганми бу гуллар ёки севимли шоири – қишлоқдошлари қабри зиёрати учунми?..

Муҳаммад Юсуф таваллуд топган, вояга етган ҳовлига қадам қўямиз. Шоирнинг ўзидай хокисор, аммо нимаси биландир дилга яқин, оддий қишлоқ ҳовлиси қариндош-уруғлари, мухлислари, шеърият шайдолари билан тўлиб-тошган. Шоирнинг укаси Мурод ака кўрпачалар тўшалган сўрида ўтирганча келувчиларга соғинчли нигоҳларини тикади. Биз ҳам у билан кўришиб, суҳбатлаша бошлаймиз.

– Мана шу ҳовлида бирга ўйнардик… – беихтиёр атрофга олазарак тикилади Мурод ака. – Манави уйни тириклигида тиккалай бошлаган…

Суҳбатимиз узилиб қолади: Андижондан, Намангану Фарғонадан, Тошкану Хоразмдан меҳмонлар оқиб кела бошлайди – ҳамма ҳам ҳеч йўқ шоирнинг укаси билан дийдор кўришмоқни истайди. Кўзлар, нигоҳлар кимнидир излайди… Муҳаммад Юсуфни ўз акасидай, инисидай кўриб, кўнглига яқин олиб келган бу уйга.

Ҳайратга тушаман. Ҳеч бир шоир ёки ёзувчининг вафотидан сўнг таваллуд куни бу даражада чорламаган бўлса керак одамларни! Халқ суйган, ҳақиқатан ҳам, “халқ шоири” бўлган ижодкорга ана шундай юксак унвон берилишида нақадар кенг маъно, асос бор!

Издиҳомдан четлашиб, майсалар билан қопланган томорқани томоша қиламан. Ажабо! Бир четда, деворга яқин жойда бир туп лолақизғалдоқ уч дона ғунчаси ила бошини эгганча титраб турарди! Шоирнинг машҳур шеър-ларида тилга олинган, қайнаб-тошган ижодига туртки бўлган лолақизғалдоқ! Беихтиёр тилимда, йўқ, дилимда – онгу шууримда серҳис мисралар айланади:

 

Қизғалдоғим, қирдан бўлак кошонанг йўқ,

Кокил ёйсанг, ердан бўлак тошойнанг йўқ,

Ўксиб-ўксиб турганингда ўзим бориб,

Пешонангдан ўпай десам, пешонанг йўқ…

 

Кўчага чиқамиз. Шоирнинг уйи олдидан оқиб ўтувчи жўшқин ва тиниқ сувни томоша қиларканмиз, шоирнинг яқин дўстларидан бири сўз қотади:

– Ана шу ариққа оёқларини осилтириб ўтиришни хуш кўрарди…

Хаёлга толаман. “Киши қалбини ларзага солувчи, керак бўлса, ўйга толдирувчи саноқсиз шеърларга доялик қилган ариқ… Умрни оқар сувга қиёслайдилар. Умр ўтаверади, сувлар оқаверади… Халқимизнинг севимли фарзанди ёди миллионлаб қалбларда яшайверади…”

Қишлоқ қабристони томон йўл олдик. Халқ шоирининг ҳам, унинг отаси-онаси қабри ҳам шу ерда – бир томонда онаники, иккинчи томонда отаники… Гўёки “ўртага олиб”, ҳануз суюкли ўғилни эркалаб ётгандай…

– Фарғонадан келдиларингми?! – қабристондан чиқарканмиз, бизга савол ташлайди йиғидан кўзлари қизарган, бир даста гулни қучоқлаган икки аёл. – Биз Муҳаммаджоннинг синфдошларимиз, у ҳануз қалбимизда яшайди… Кечагидек ёдимизда унинг тўлқинланиб шеър ўқишлари, рубоб чалишлари…

Аёллар бошқа гапира олмадилар: қўлларидаги нам рўмолча неча бор шоирни кўриб-қувонган кўзларни ўз бағрига босди…

Шоир ўқиган мактабга кирамиз. У таҳсил олган синф хонасида мўъжаз музей ташкил этилибди. “Юсупов Муҳаммаджон” номи ёзилган журнал, у чалган рубоб, кийган кийимлари, чизган расмлари… Бармоқларимиз бу буюмларни сийпалашга шошилади, бир оз титроқ ила журъат топишга интилади… Мактаб ўқувчилари, муаллимлар нигоҳида аламданми, армонданми – алланечук мунгни илғайди кўзларимиз…

Кун ёнбошлашга ҳаракат бошлаган паллада қайтиш тараддудига тушдик. Бирдан ҳавонинг авзойи бузилиб, шамол турди. Шоир уйига ёндош зич теракзор шовуллай бошлади: “Таниш тераклар” гўё қўл силкиб, меҳмонлар ила хайрлашарди. Шамол ҳам олис-олисларга элнинг суюкли фарзанди тилидан учган дилга яқин мисраларни олиб жўнади…

Фарғонага қайтарканмиз, учқур машина ичидаги ҳамроҳларнинг барчаси хаёлга толган кўйи жим кетиб борарди. Барчанинг кўнглида келаси баҳор ҳам бу йўллардан яна юриш истаги ниш урарди, назаримда.

Излар… Гуллар… Қалблар… Кўзлар излар эди шоирни!

 

Ҳаётжон БОЙБОБОЕВ.