ФАРЗАНД ОНАСИГА ҚАЙТАРИЛДИ

ФАРЗАНД  ОНАСИГА  ҚАЙТАРИЛДИ

Улар тўкис ва бахтли оила эдилар

 Оила боши бетоб  бўлиб, бу ёруғ дунё билан хайрлашди. Аёл ўзини тамоман йўқотиб қўйди. Дафн маросимлари давомида соғлиги ёмонлашиб, шифохонага тушиб қолди. Даволанди, ўзи билан ўзи овора бўлди. Айрилиқдан фақат у эмас,  кичик қалблар ҳам дард тортаётганлигини  унутди. Шу синовли лаҳзаларда  гўдакларга эътибор  ва парвариш ҳаводек зарур эди…

Шифохонадан қайтга-нида, ўғил фарзанди руҳиятида катта ўзгаришлар содир бўлганди. У аввалгидек она бағрига чопқиллаб келмас,  кўзларига меҳрли боқмасди. Бувиси ва амакисининг  ёнидан келмасди.  Онанинг  юраги баттар эзилди. Менга қарши қайрашган, деган гумон билан болани қизғона бошлади. Келишмовчиликлар, аччиқ гаплар кучайди. Энди икки томонга бўлинган яқинлар  болани талашишга тушиб кетишди. Аёл иродасизлик қилиб, ота-онасини чақирди.

Ўғлини  олиб кетиб бирга яшамоқчи бўлганида қайнонаси “Чақалоқлигидан қарадим, ўлган ўғлим ўрнини босади, ўзим ғамхўрлик қиламан” деб  болани бермади. Вояга етмаган фарзанднинг онаси Х.Нишонова (исми, фамилияси ўзгартирилган) ҳолат бўйича  судга даъво аризаси киритди.

Фуқаролик  ишлари бўйича Фарғона туманлараро  суди  даъвогар ва жавобгарлар иштирокида барча ҳолатларни ўрганиб чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексига асосан  ота-она ўз болаларининг  тарбияси ва камолоти учун жавобгарлиги  ҳамда  болаларини тарбиялашда бошқа барча шахсларга нисбатан устун ҳуқуққа эгалиги,  бола ўз синглиси билан бирга вояга етиши каби сабаб-лар ўрганилди. Х.Нишонованинг даъво аризаси  қаноатлантирилди. Фарзандни онаси қарамоғига қайтариш  ҳақида қарор қабул қилинди.

Ш.АХУНБОЕВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг судьяси.

Н. РАҲМОНҚУЛОВА.