Фарғоналиклар Сирдарё вилоятида боғлар яратмоқда

Фарғона замини ҳақида гап борганда, уни улкан, серҳосил бир боққа қиёс этишади. Бу бежиз эмас, албатта. Мамлакатимиздаги боғ майдонларининг бешдан бир қисми вилоятимизда бўлиб, ҳар йили мўл ҳосил етиштирилмоқда.

 

Қуванинг анори, Олтиариқнинг узуми, Риштоннинг қантак ўриги, Бувайданинг анжирини бир татиб кўрган ҳар қандай одам авваламбор бу замин саховатига, қолаверса, фарғоналик уста боғбонларнинг меҳнати ва маҳоратига албатта қойил қолади.

Шуниси диққатга сазоворки, кейинги пайтда вилоятда янги боғ-роғлар кўпайиб, ширин-шакар меваларни етиштириш ҳажми ортиб бормоқда. Жорий йилдан бошлаб эса, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам боғлар яратишга киришилди.Хусусан, Сирдарё вилоятидан бир минг гектар ер майдони ажратилди. 80 нафар талабгорлар Сардоба, Боёвут, Ховос, Гулистон ва Мирзаобод туманларида ер майдонларини ўрганиб, деҳқончилик қилиш истагини билдирди. Ёзёвон, Қўштепа, Қува, Тошлоқ ва Риштон туманларидан 35 нафар боғбонга ер майдони ажратилди.

— Боёвут туманидан 86 гектар ер олиб, боғ қилишни бошладик, — дейди қувалик Эркинжон Тошпўлатов бизга телефон суҳбати чоғи. — Анор, олма, гилос, шафтоли кўчатларини экиш ҳаракатидамиз. Айни кунларда ерларни экинга тайёрлаш жараёни кетмоқда.

Ҳозирги кунда 593 гектар ерда боғ ташкил этиш учун ер тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Сирдарё вилоятида фарғоналикларнинг меҳнати билан боғ-роғлар кўпайиб, элимиз дастурхони сархил мевалар билан тўлади.

 

М. Сулаймонов.