ЎЗБЕКИСТОН ТУМАНИ:

ЎЗБЕКИСТОН ТУМАНИ:

ЭРТАНГИ КУН ИСТИҚБОЛИ УЧУН

ДАДИЛ ҚАДАМ

Мамлакатимиз номи билан аталувчи

Ўзбекистон тумани қадимий қишлоқлари,

тарихий обидалари, илм-фан намояндалари, спортчи ва ижодкорлари, меҳнаткаш ва самимий инсонлари, билимга чанқоқ навқирон ёшлари билан машҳур. Ҳаётбахш ислоҳотлар жараёнида туманда кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида барча соҳаларда эзгу ташаббуслар ҳаётга татбиқ этиляпти.

 

ЭЗГУ МАҚСАДЛАР МУШТАРАК

 

Президентимизнинг2021 йил 4-5 февраль кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Ўзбекистон туманида 33 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилди:

саноат соҳасида қиймати 324 млрд. 850 млн. сўмлик 8 та лойиҳа;

қишлоқ хўжалигида умумий қиймати 8 млрд. 719 млн. сўм бўлган 6 та лойиҳа;

хизмат кўрсатиш тармоқларида 51 млрд. 60 млн. сўм бўлган 19 та лойиҳа рўёбга чиқарилиши натижасида 717 та янги иш ўринлари яратилади.

Шунингдек, 2021-2022 йилларда туманда саноатни ривожлантириш бўйича 10 та ўрта ва 2 та йирик инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунда қиймати 345 млрд. сўм бўлган 10 та ўрта, 2 трлн. 406 млрд. сўмлик 5 та йирик инвестиция лойиҳалари тайёрланди. Бу лойиҳалар орқали 2249 та иш ўринлари яратиш кўзда тутилган.

 

ТАШАББУС – МАҲАЛЛАДОШЛАРДАН ЧИҚЯПТИ

 

Туманда 75 та маҳалла фуқаролар йиғинлари бўлиб, ўтган йили 9 та  маҳалла биноси жорий, 2 таси эса реконструкция ва капитал таъмирдан чиқарилди. 11 та маҳалла учун эса янги бинолар қуриб берилди. Бу йил айни соҳадаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда. Ҳозирда 10 та маҳаллада янги бино қурилиши олиб борилмоқда.

“Оқтепа” маҳалла фуқаролар йиғини биносига бугун кўпчилик ҳавас билан қарайди. Боиси ҳашар йўли билан кўркам ва янги маскан қад ростлади.

  • Маҳалламизда уч мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади, — дейди фуқаролар йиғини раиси Мадаминжон Қаҳҳоров. — Эски бинода умуман шароит йўқ эди. Бугун барчаси ўзгарди, хоналарда фаолиятимиз учун зарур шароитлар яратилди.

Наврўз байрами кунларида бевосита маҳалладошлар ташаббуси билан “Даҳана-Қақир” МФЙ учун ҳам янги бино фойдаланишга топширилди. Маҳалла раиси Асатулло Имомовнинг қайд этишича, масъуллар узоқ йиллар мобайнида ижарада фаолият кўрсатиб келган. Тадбиркор ва фермерлар ҳомийлигида 130 миллион сўм маблағ сарфланиб, замонавий шарт-шароитларга эга бино қуриб битказилди.

 

50 МИНГ АҲОЛИ

ТОЗА ИЧИМЛИК СУВИ

БИЛАН ТАЪМИНЛАНАДИ 

Айни пайтда туманда ичимлик сув таъминотини яхшилашга қаратилган йирик лойиҳа – “Ўқчи”дан “Каримобод” маҳаллла фуқаролар йиғини ҳудудига қадар 26 километр узунликда ичимлик суви тармоғини тортиш ишларига киришилди. Бу лойиҳа Молия вазирлиги ҳузуридаги Сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда.

Қиймати 19 миллиард сўмни ташкил этувчи объектни қуриш ишлари “Обиҳаёт-Б” МЧЖ томонидан амалга ошириляпти. Лойиҳа доирасида 2 та тик сув қудуғи қазиш, қазилган қудуққа 2 та сув насоси ташлаш, сувни резервуарга ташлаб бериш учун 868 метр сув тармоғи тортиш, 2 та сув сақлагич (резервуар), 2 та трансформатор ўрнатиш каби ишлар бажариляпти.

Бугунги кунгача биринчи сув қудуғи қазиш ишлари деярли якунланиб, иккинчисини қазиш ишларига ҳозирлик кўриляпти. Резервуар ўрнини текислаш ишлари тўлиқ якунланган. 720 метр полиэтилен ва 160 метр темир қувурлар тортилиб, қурилиш-монтаж ишлари қизғин давом этмоқда.

– Лойиҳани амалга ошириш орқали “Бўстон”, “Янгиҳаёт”, “Жонобод”, “Обод”, “Ойимча-Қақир”, “Даҳана-Қақир”, “Каримобод”, “Шўрсув” маҳалла фуқаролар йиғини ва Дўстларобод қишлоғидаги аҳоли хонадонлари ҳамда корхона, муассасаларни ичимлик суви таъминоти яхшиланишига эришилади, – дейди туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев. – Ҳозирда ичимлик суви таъминоти оғир бўлган бошқа ҳудудлардаги муаммоларни ҳал этиш борасида ҳам аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

ОИЛАВИЙ КОРХОНАНИНГ ҚЎЛИ ГУЛ ЧЕВАРЛАРИ

Туманда икки мингдан ортиқ кичик бизнес субъектлари фао-лияти йўлга қўйилган. 2020 йили биргина оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон туманида тижорат банклари томонидан 1302 та тадбиркорлик субъектлари ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги фуқароларга 37 млрд. 321 млн. сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

“Бахтли тараққиёт инвест” оилавий корхонаси ташкил этилганига унчалик кўп бўлгани йўқ. Корхонанинг қўли гул чеварлари томонидан тикилаётган ўн турдан ортиқ болалар ва аёллар кийимлари ички бозорда харидоргир бўлиб улгурди. Яқиндан бошлаб корхона маҳсулотлари Россияга ҳам экспорт қилинмоқда.

— Яратилган иш ўринлари сони 50 тага етиб, маҳалладаги бўш турган бинони ижарага олиб ишлаяпмиз, —
дейди корхона раҳбари Фарида Мўминқулова. – Туман ҳокимлиги мутасаддилари фаолиятимиз билан яқиндан танишиб, “Кичик Тагоб” кичик саноат зонасидан икки гектар ер ажратиб берадиган бўлишди. Саноат зонасида замонавий лойиҳа асосида кўп қаватли бино қуришни режалаштирмоқдамиз.

 

БУ УЙЛАРДА ЯШАШ БОШҚАЧА

Халқимиз янги уй-жойли бўлган оилага нисбатан рамзий маънода “Ватанли бўлибди”, дея таъриф бериши бежиз эмас. Чунки ота-боболаримиз азалдан оилани муқаддас даргоҳ санайди. Дунёда муқобили йўқ оила институти миллий қадриятларимизни кўз қорачиғидек авайлаб-асровчи қутлуғ маскан сифатида эъзозланади.

Мамлакатимиз тараққиётининг бугунги янги босқичида юртимизда ҳар бир оиланинг ўз уйи – Ватан ичра мўъжаз ватани бўлишига жиддий эътибор қаратилаётгани эътиборга сазовордир.

2021 йилнинг ўзида туманда 30 га яқин кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган. Айни пайтда туман маркази – Яйпандан тортиб, чекка-чекка қишлоқларда ҳам замонавий лойиҳалар асосида кўп қаватли уйлар бунёд этиляпти.

— Корхонамиз томонидан “Яккатут” МФЙ ҳудудида жорий йилда 10 та кўп қаватли арзон уй-жойлар қурилмоқда, — дейди “ПФК Турон” МЧЖ раҳбари Улуғбек Жўраев. – Бугунги талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, 20 та хонадондан иборат бўлган бир йўлакли уйлар қурилиши жадаллик билан олиб бориляпти. Шу кунларда беш қаватли уйларда сўнгги қурилиш-пардозлаш ишларига киришилади.

Таъкидлаш ўринлики, корхонада тасарруфида бетон плиталар, пишиқ ғишт ишлаб чиқариш тармоғи йўлга қўйилган. Бу уй таннархини янада арзонлаштириш имконини беради. Корхона қурувчилари кейинги йили мазкур ҳудудда яна 6 та кўп қаватли уйлар қуришни режалаштирмоқдалар.

СОҒЛОМ ҲАЁТ — СОҒЛОМ ЖАМИЯТ

Туманда спортнинг енгил атлетика, кураш, каноэ ва байдаркада эшкак эшиш турлари жуда ҳам ривожланган. Ўзбекистон супер лигасида иштирок этаётган “Турон” профессионал футбол клуби ўз олдига улкан мақсадларни қўйган. Клубнинг ютуқлари туманда футболнинг жадал равишда оммалашишига хизмат қиляпти.

Ҳозирги кунда туманнинг ҳар бир маҳалласи ҳудудида замонавий югуриш ва пиёдалар йўлаклари ташкил этиш, спорт тўгараклари фаолиятини яхшилаш борасида изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

— 8 та оилавий поликлиника ва 1 та қишлоқ врачлик пункти кесимида туманимизнинг 241 минг аҳолиси тўлиқ хатловдан ўтказилиб, соғлом турмуш тарзи, ёш тоифаси, саломатлик кўрсаткичлари бўйича тўрт гуруҳга ажратилди, — дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Ҳамдам Қурбонов. – Шу тариқа оилаларга жиддий эътибор қаратилиб, тиббиёт ходимлари ҳар бир гуруҳ билан алоҳида-алоҳида ишлаши учун қулай шароит яратилди.

Тумандаги 76-сонли оилавий поликлиника салкам 13 минг аҳолига хизмат кўрсатади. 5 та тез ёрдам бригадаси ташкил этилиб, 15 нафар патронаж ҳамширалари, умумий амалиёт ва оила шифокорлари замонавий планшетлар билан таъминланди.

ҚАДРДОН ҚИШЛОҚЛАР ҚИЁФАСИ

Катта Тагоб гилослари билан машҳур, Беруний маҳалласида тадбиркорлик ривожланган, Қулибек қишлоғида қўли гул усталар кўпчиликни ташкил этади. Умуман олганда, туманда ҳар бир қишлоқнинг ўзига хос тарихи ва анъаналари бор.

Қадимий қишлоқларда асрлар давомида халқимизнинг турмуш тарзи, қадрият ва анъаналарини намоён эьтиб келаётган тарихий зиёратгоҳ ва обидалар ҳам кўп. Нурсух ана шундай қишлоқлар сирасига киради.

— Нурсухнинг ўзида бир неча зиёрат-гоҳлар мавжуд, — дейди Маънавият ва маърифат марказининг Ўзбекистон туман бўлими раҳбари Шоҳруҳ Собиров. – Хўжа Писта зиёратгоҳида ҳар йили Наврўз сайилларини ташкил этиш яхши анъанага айланган. Бу қишлоқни миришкор томорқачилари, боғбонлари, тадбиркорлари ва олимлари орқали ҳам яхши билишади.

Бугун туманнинг қайси ҳудудига борманг, барча жойда улкан ўзгариш ва янгиланишларнинг гувоҳи бўласиз. Улкан саноат корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, мевазор боғлар, замонавий иссиқхоналар, буларнинг барчаси туман аҳлининг бунёдкорлик ва яратувчанлик салоҳияти юксак эканлигидан далолат беради.

ҲУНАРЛИНИНГ ИШИ  УНАРЛИДИР

Ўзбекистон педагогика коллежида мактабгача таълим, ёрдамчи тарбиячи, жисмоний тарбия йўриқчиси сингари йўналишларда 261 нафар ўқувчи ҳунар ўрганмоқда.

Ўқувчилар орасида мактабни энди тамомлаган қизлардан тортиб, неварали оила бекаларигача борлиги эътиборга лойиқ. Коллежда ишлаш тизими замонавий мезонлар асосида такомиллаштирилгани ҳунар ўрганиш иштиёқидаги хотин-қизларнинг қизиқишига сабаб бўлмоқда.

— Иккита хона инновацион ғоялар асосида жиҳозланиб, ҳаётий тажрибалар асосида амалиёт хоналари ташкил этилди, — дейди коллеж директори Маҳфуза Қосимова. — Шу тариқа ўқувчиларимизга ҳунар ўрганиш жа-раёнида корхона-ташкилотларнинг буюртмалари асосида ишлаб, қўшимча даромад топиш имконияти ҳам яратил-япти. Махсус либослар, кийим-кечаклар тикиш, табиий матолардан болалар ўйинчоқлари тайёрлаш, ширинлик ва қандолат маҳсулотлари пишириш хизматлари шулар сирасига киради.

Хуллас, тумандаги эзгу саъй-ҳаракатлар, муштарак мақсад йўлидаги интилишларни кўриб, бугун юрт равнақ-ривожи йўлида сидқидилдан меҳнат қилиш истагидаги одамга барча шароитлар муҳайё эканлигини англаб олиш қийин эмас. Истиқлолнинг энг тотли неъмати шу, аслида.

Бахт ва тўкис ҳаётни кўз илғамас олис  самолардан изламаслик керак. Бу орзуни рўёбга чиқариш ўз қўлимизда. Бундай бокира ва покиза туйғуларни йўқотганда эмас, борида қадрлаш, асраб-авайлашга нима етсин!

Ботир МАДИЁРОВ,

Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ.

Суратларни

Шерзод ҚОРАБОЕВ олган.