РИШТОН КЎЧАЛАРИДАГИ ЭЛЕКТРОМОПЕДЛАР

РИШТОН КЎЧАЛАРИДАГИ  ЭЛЕКТРОМОПЕДЛАР

Саноат, IT технологиялар ривожланиши билан экологияга зарар етказмайдиган, хавфсиз ва арзон транспорт воситалари ҳаётимизга кириб келмоқда. Фарғона йўлларида ҳам ихчам, кўркам электромопедлар пайдо бўлди. Экологик жиҳатдан безиён, бошқаришга қулай мазкур уловнинг таркибий қисмлари Хитойдан келтирилиб, Риштондаги “Start-Max” масъулияти чекланган жамиятида фойдаланишга тайёр ҳолда сотувга чиқарилмоқда. 

Мини, классик, хай-тек каби тўққиз хилдаги электромопедларнинг бугун вилоят бўйича бозори чаққон. 30 чоғли ишчининг қўли-қўлига тегмайди. Ҳозиргача ана шундай электромопедларнинг 300 га яқини савдога чиқарилган.

– Риштонда кулолчилик ривожланган. Деярли ҳар бир оиланинг кулолчилик буюмларини савдо дўконларига сифатли ва тез етказиб беришда мана бундай электромопедларга эҳтиёжи бор, – дейди корхона раҳбари Саидаҳмад Акбаров. – Қулайлиги шундаки, 3 минг сўмлик электр токи билан 70-80 километр масофани босиб ўтиш мумкин. Икки кишига мўлжалланган электромопедлар люк, вентилятор, магнитофон билан жиҳозланган бўлиб, ҳайдовчига енгиллик яратади. Нархи аккумуляторининг сонига қараб 12 миллиондан 20 миллионгача бориши мумкин.

–  Электромопедларнинг ишлаб чиқарилиши нафақат эҳтиёжмандлар, балки маҳалламиздаги ишсизлар учун ҳам жуда ажойиб имконият бўлди, – дейди “Тўда” МФЙ раиси Қамбарали Мелибоев. – Ҳозирда шу иш билан 30 нафар фуқаромиз банд. Тадбиркорга ҳозир жой масаласи муаммо бўлиб турибди. Агар шу муаммо ҳал этилса, С.Акбаров яна 100 та ишчи ўрни яратиш ниятида. Кейинчалик корхонада электромопедлар нафақат йиғилади, балки ишлаб чиқариш ҳам кўзда тутилган.

 

Севара АЛИЖОНОВА.

Шерзод ҚОРАБОЕВ

олган сурат.