КИТОБ ЎҚИБ,  «SPARK»ЛИ БЎЛДИ

КИТОБ ЎҚИБ,   «SPARK»ЛИ  БЎЛДИ

Республикамизда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ёш китобхон” танловининг 10-14 ёш тоифаси бўйича  жорий йилги финал босқичида Ўзбекистон туманидаги 50-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Муҳаммадфозил Исмоилов ғолиб бўлиб, “Spark” автомобили соҳибига айланди.

Ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини оммалаштириш, саводхонлигини янада ошириш ва мутолаа муҳитини шакллантиришда мазкур танловнинг ўрни беқиёс. Шу боис, унда иштирок этувчиларнинг сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Муҳаммадфозил Исмоилов ҳам китобга меҳр қўйган ёшларимиздан бири. Онаси Мукаммал опанинг фарзандларини китобга дўст бўлишида катта ўрни бор.

Муҳаммадфозил 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб мазкур танловда иштирок этиб келади. 2019 йили вилоятда  иккинчи, 2020 йили биринчи, республикада еттинчи ўринни эгаллаган. У мактаб ва туманда 5 та муҳим ташаббус бўйича ўтказиладиган танловларда фаол қатнашиб, ғолибликни қўлга киритган.

— Танловда катталар бўйича вилоятда ғолиб бўлиб, республика босқичига чиққанман. Бироқ, “бир оиладан икки киши иштирок этмайди” дейишгани учун укамни юбордик. Анчадан бери ғолиб бўлишни орзиқиб кутаётганди. У кўп изланади, билмаганларини мендан сўрайди. Ўзаро суҳбат ва баҳсларимиз ҳам айнан бирор асар хусусида боради. Бугун изланишлар ўз натижасини берди, — дейди Фарғона шаҳар юридик коллежи ўқувчиси Камронбек Исмоилов.

— Менинг илк устозим онам бўлади. Нуфузли танловга тайёргарлик кўриш ва иштирок этиш борасидаги уч йиллик тажрибам ва изланишим  бу йил ўз самарасини кўрсатди. Жорий йилги танловнинг республика босқичида беш шарт бўйича 14 нафар иштирокчи иқтидор ва салоҳиятини намойиш этди, — дейди ёш китобхон.

Ушбу оила вакилларини вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров табриклаб, эсдалик совғаларини тақдим этди.  Вилоят раҳбари Муҳаммадфозилнинг онаси ҳамда устозларига чуқур билим соҳибини муносиб тарбиялаб, улғайтирганлари учун самимий миннатдорчилигини билдирди.

Аввал хабар берилганидек, Ўзбе-кистон тумани ҳокими Шерзоджон Юлдашев ҳам китобсеварни эришган улкан муваффақияти билан қутлаб, Муҳаммадфозилни 10 миллион сўм, мактаб директори Муқаддамхон Деҳқонова ва салоҳиятли билимдоннинг устози — она тили ва адабиёт  фани ўқитувчиси Нилуфархон Халиловани 5 миллион сўм миқдоридаги пул мукофотлари билан тақдирлаган эди.

Шоҳсанам ЭШМАТОВА.