Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигига

Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигига

Шеъриятимиз чинорларидан бири
Бугун ўзини бадиий адабиётга дахлдор деб ҳисоблайдиган кишиларнинг ҳаммасида бир умумийлик бор: улар улуғ шоир Абдулла Орипов билан замондош бўлиб яшадилар. Тақдирнинг фахр қилса арзийдиган туҳфаси! Шоирнинг ҳаёт йўли, ижоди, адабий мероси ҳақида ҳали кўп ёзилади. Адабиётшуносларимиз олдида турган ғоят масъулиятли вазифа бу. Бу ишни зукко мунаққид Иброҳим Ғафуров бошлаб берган: Абдулла Орипов “Олам ишларининг барча-барча қирраларида зиддият, зиддият, зиддият кўрди: кўрдигина эмас, туйди, хаста юрак билан эмас, ўртанган, изтиробларда куйган юрак билан туйди. Абдулланинг шоир юраги хасталикни тан олмади, хасталикка бўйин бермади, унинг зарбалари остида увол бўлиб, тирқираб ҳам кетмади. Жуда кучли юрак эди шоир юраги! Ҳаётининг охирги йилларида дунёнинг энг баланд чўққиси Эверест (Жомолунгма) ҳақида, дунёнинг энг ҳудудсиз баҳри муҳити Атлантика ҳақида шеърий сатрларда ўйга ботиши бежиз эмасди: ўзбек шоири буларни ўзи кўрди, беқиёс туйғулари билан ҳис қилди. Абдулланинг илк шеърлариёқ изтироблар ва зиддиятларга бегона эмасди…”
Шоир ижодидан ҳикмат излаганларнинг қўли қуруқ қолмайди.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасини бошқарган йилларим сон-саноқсиз муаллифлар билан ишлашга, иш юзасидан мулоқот қилишга, баъзан ҳис-ҳаяжонли, зардали, “ноёб” сўзлар ҳам ишлатиладиган суҳбатлар қуришга, тортишишга тўғри келди. Бу хуш-нохуш ҳолатларнинг кўпи хотирангга нақшланиб қолади.
Абдулла Ориповнинг бошқа ҳеч кимда учрамайдиган яхши бир одати бор эди. Албатта, шеъриятимизни юксак чўққилар даражасига олиб чиққан шоир билан ишлаш осон эмасди, баъзи “машаққат”ларга дош беришга тўғри келарди. Аммо Абдулла ака уюшма раҳбари сифатида газетанинг ички ишларига аралашмасди. “Қани, нима материал тайёрлаяпсизлар, кимлар чиқаяпти?” дея сўроқ-истоқ қилмасди. Янги шеърларини ўқишга берар экан, биринчи навбатда, таҳририят ходимларининг фикрини сўрарди. Бирор мулоҳаза билдирсак, эшитарди ва албатта инобатга оларди. Мақолалари ёки суҳбатлари эълон қилинаётганида баъзи жумлаларни газета материаллари босмахонага етиб боргунча таҳрир қиларди. Ўзи ёзган шеър ёки мақолага бу қадар масъулият билан қарайдиган, ҳар бир сўз, ибора устида толмай ишлайдиган муаллифларни кам кўрганман.
Бугун ўйлаб кўрсам, Абдулла ака билан Тошкентдагидан кўра кўпроқ саёҳатда, хизмат сафарларида бирга бўлиб, мириқиб суҳбатлашган эканман. Қозоғистонда ўзбек адабиёти ва маданияти кунлари ўтказилганида Одил Ёқубов, Абдулла Орипов, Носир Фозилов, Ёқуб Аҳмедов, Қаллибек Сейдонов ва мен уч кун қозоқ дўстларимиз даврасида ҳурмат-эҳтиром кўрдик. Катта истеъдод соҳиби Абжамил Нурпеисовнинг хонадонидаги мароқли зиёфат-суҳбатда иштирок этдик. Водийни, воҳани бирга кездик. Сирожиддин Саййиднинг эллик ёшини қутлаш учун Сариосиёга бордик. Элликқалъанинг Ақчакўлидаги дилкаш суҳбатларни энтикиш билан эслайман. Тўлепберген Қаипбергеновнинг 70 йиллиги тадбирларида бирга иштирок этдик. Қайтиш куни бизни суви тиззадан ҳам келмай қолган, ҳасратидан чанг чиқиб ётган Амударёга олиб боришди. Чоққина кемачада дарёнинг ўртасигача сузиб бордик. Кейин… сувга тушдик. Тиззага ҳам келмайди. У ер-бу ерда балиқчалар қизиққон болачалардай сакраб-сакраб ўйнашаётгани кўзга ташланади. Сув ҳориган чавандознинг отини эслатади – оқаётгани, ҳаракати деярли сезилмайди.
Абдулла ака ўйчан бўлиб қолди. Нигоҳи гоҳ сувда, гоҳ ўпирилиб, қуриб-қақшаб, шамолда тўзғиётган қирғоқларда. Мезбонлар дастурхон ёзишди. Аммо Абдулла аканинг кайфия-тини ёзиб бўлмади. “Шундоқ дарёни адойи тамом қилдиларинг, бирортанг дурустроқ нарса ҳам ёзмадинг, достон, роман ёзсанг бўлмасмиди, аҳволига қара, ачинмайсизларми, бундан ортиқ, бундан муҳим яна қанақа мавзу керак, ҳайф сизларга”, дея бизга ҳамроҳлик қилаётган шоир-ёзувчиларга танбеҳ бера кетди. Кўп вақт шу саёҳат таъсирида юрдим. Чиндан ҳам, бу улуғ дарё ҳақида катта-катта асарлар ёзилиши керак. Юртимизга ёмон ниятда келган босқинчилар шу дарёни кечиб ўтишган, қайтишда ўмарганларини қўлтиқлаб, шу дарёдан ўтишган. Жалолиддиннинг оти шу дарёга сакраган. Бухоро амири Олимхон шу дарё орқали Афғонистонга етиб олган. Бугун саёзлашиб қолган дарё буларга ва бошқа яна кўп воқеа-ҳодисаларга гувоҳ. Ёзиш мумкин-ку.
2014 йил 2 май куни мен, Саъдулла Ҳаким ва Турсун Али Истанбулда даволаниб қайтган устозни кўргани Дўрмондаги ҳовлига келдик. Туркиядан келгач, ҳукумат касалхонасида яна бир неча кун муолажа олган шоир коляскада ўтирар, юзи бироз шишинқираган, нафас олишда қийналарди, аммо бизни кўриб хурсанд бўлиб кетди. Менга: “Сизни кўп эсладим” деди. Касаллиги, Туркия сафари, йигирма бир кун касаллик жиддий хуруж қилгани, Тошкентда қандай даволангани, аниқроғи, қандай даволашгани, дори-дармонлар муаммоси, ҳукумат касалхонасидаги асаббузарликлар тўғрисида ҳаяжон билан, оғриниб сўзлади. Гап кўпроқ одамларда меҳр-оқибат, самимийлик йўқолиб бораётгани, ҳамма иложи бўлса бир-бирини алдаши, соғдан ҳам, касалдан ҳам бир нима ундириш илинжида юриши, масъулиятсиз, малакасиз врачларнинг кўпайиб бораётгани тўғрисида борди. Хотиралар жонлана бошлади.
“Бир куни Шайх аканинг Ойбек билан мулоқотига гувоҳ бўлганман. Шайх ака Ойбекни жуда ҳурмат қиларди. “Қутлуғ қон”ни ўқиб чиққан экан, Шайх ака баъзи мулоҳазаларини очиқчасига айтди: “Эътибор берган киши билади: Шекс-пирнинг асарларида асосий қаҳрамон оғир ярадор бўлса ҳам, оғриқ азобига чидайди, дарҳол ўлмайди, тиғ санчилган қорнини чангаллаб бўлса-да, айтадиган гапини айтиб бўлиб, сўнг ўлади. “Қутлуғ қон”да асар қаҳрамони Йўлчи бирданига ўлади. Етиб келган Шокир ота аввало унинг кўзини юмиши, устига бир нима ташлаши керак эди, аммо у ўликнинг устида ваъз айтади”. Шайх аканинг шу гаплари ёдимда қолган…”
Абдулла аканинг дала-боғида ижодкор қўшнилар билан биргаликда тез-тез давра қуриб турардик. Дилкаш, самимий кўнгилёздилар эди улар. Вужудимиз қулоққа айланиб, устозни тинглардик. Шу суҳбатларни қоғозга тушириб қўйганимизда борми. Абдулла аканинг ўзига хос услубдаги ҳикоя-хулосалари катта ҳаёт дарслигининг ноёб саҳифала-ри эди. Бир гал Азим Суюннинг дала-боғидаги мулоқотимиз Дантенинг “Илоҳий комедия” асари таржимаси ҳақида бўлди. Ўша куни қоғозга тушириб қўйганларим:
“Э, Азимбой, бу таржима умримнинг неча йилларини олиб кетди. Чарчоқ нималигини билмай ишладим. Катта ишга қўл уриб қўйган эканман. Бутунлай бошқа олам одамини ўзбекча гапиртириш осон эмас-да. Ўзим-ку, шу ишни охирига етказмасам бўлмайди, деб белни маҳкам боғлаб турибман, аммо баъзилар юрагимга ғулғула солиб, “Абдуллажон, бу асарнинг таржимасини кўпчилик охирига етказолмай ўлиб кетишган, шундай ирим бор, қўйинг, шеърларингизни ёзаверинг”, дейишгача бориб етишди. Албатта, мен бундан қўрқмадим. Иримкаш одам эмасман. Лекин уларнинг гапида ҳам жон бор эди. “Илоҳий комедия” таржимаси муҳим ишлардан чарчаганда ёки озроқ бўш вақт бўлганда, кўчани бир айланиб келиб, сигаретани чуқур-чуқур тортиб, носдан отиб шуғулланадиган машғулот эмас. Бу ишга одам ўзини бутунлай бағишлаши керак. Мана, сизлар ҳам таржима қиласизлар. Мирпўлат, Турсун Али таржима қилади. Ўқиб тураман. Кўп асарларни бўш вақтда, ўтириб олиб таржима қилса ҳам бўлади (Мирпўлат Мирзога қараб) — Шундайми? “Илоҳий комедия”ни бундай таржима қилиш мумкин эмас. Бу асар олдида бўйин эгмаган жаҳонда бирорта ижодкор йўқ. “Дантенинг руҳи, арвоҳи уриб кетади”, деган гапни-ку қўяверинг, бир куни келажак авлод ўзбекчасини ўқиб: “Дантени бузиб таржима қилишган”, деса, шу гапнинг ўзи меҳнатларингни йўққа чиқариб, номингни бадном қилишга етади. Шунинг учун “Ё ҳаёт, ё мамот” деган нидо билан ишга киришдим.
Бу гапларни нима учун сизларга айтаяпман. Таржимага кўп кучим кетди. Аммо бир нарсадан ўкиндим. Авваллари бундай меҳнатни қадрлайдиган, холис баҳолайдиган, тадқиқотлар олиб бориб, диссертациялар ёқлайдиган таржимашунослар бор эди. Энди эса, Ғайбулла ас-Салом оламдан ўтиб, бу илм ҳеч кимга керак бўлмай қолди. Қани ўша олимлар? Бор бўлса, нега жим туришибди? Майли, қилган ишингни эътироф қилишмасин, аммо катта бир таржимани кўриб-кўрмасликка, билиб-билмасликка олсалар, овоз чиқармай тураверсалар, сени ҳақоратлагандай бўлар экан.
Ўша йиллари мен Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи эдим. Кечани кеча, кундузни кундуз демай ишлардим. Чарчаб, ҳолдан тойган пайтларим бўлди. Таржиманинг тайёр қисмлари эълон қилиб турилибди. Адабиёт ихлос-мандлари ўқиб туришибди. Яхши гаплар бошланди. Бир куни Ёзувчилар уюшмасига Италиядан бир гуруҳ ёзувчилар келди. Узоқдан: “Дантенинг авлодлари келди”, деб кўзларимдан ёш оқиб, уларга термилиб турганман. Чунки, Данте ҳаётимга айланган, бир неча йил бу буюк даҳо билан бирга яшаган, бирга фикр қилган, азобланган эдим-да. Биласизларми, уюшманинг ўша пайтдаги раҳбарлари гўё “Илоҳий комедия” ўзбек тилига ўгирилмагандай, мени меҳмонларга таништирмади. Шундай ёнимдаги хонада йиғилиш бўлди. Данте, Италия шарафига олқишлар янгради. Эшитиб турибман, юрагим титраб турибди. Лекин шундоқ ёнларида Дантенинг ўзбек таржимони турганлигини меҳмонларга айтишмади. Бу буюк асар ўзбек тилига таржима бўлгани ҳақида уларга маълумот ҳам беришмади. Бу нима? Ҳасадми, бепарволикми, билмадим…
Таржима жараёнида менга Римдан таклиф келиб қолди, хурсанд бўлиб бордим. Яхши қабул қилишди. Меҳмоннавозликни итальянлар ҳам бизга ўхшаб қойиллатишар экан. Суҳбат жараёнида улар чоққина жуссамга тикилганча мендан: “Айтингчи, муҳтарам меҳмон, ўзбек тилининг сўз бойлиги, бадиий ифода имкониятлари “Илоҳий комедия”ни таржима қилишга етармикин?!” дея сўраб қолишди.
Сўроқларида киноя борлигини билсам-да, хафа бўлмадим. Чунки кўплари Ўзбекистонни кўрмаган, тилимизни эшитмаган, яна кўплари мамлакатимиз қаерда жойлашганини ҳам билмайди. Шу боис, таажжуб-ланган бўлишлари мумкин-да. Мен уларга тилимизнинг имкониятлари кенглигини, жаҳон адабиётининг жуда кўп шоҳ асарлари ўзбек тилига ўгирилганини тушунтириб бердим ва мезбонлардан: “Айтинглар-чи, сизларда шамолнинг неча хил номи бор?” деб сўрадим. Улар икки-уч сўзни айтишди. Мен уларга, ўзбек тилида шамол сўзининг синонимлари шамол, бўрон, довул, ел, насим, шаббода, сабо… деб санаб бердим. Яна сўрадим: “Сизлар неча хил йиғлайсизлар? Жавобларини кутмай, “Ўзбек камида йигирма хил йиғлайди, деб яна санашда давом этдим: йиғламоқ, бўкирмоқ, сиқтамоқ, бўзламоқ, инграмоқ, ўкрамоқ, фарёд чекмоқ, уввос солмоқ… Бу синонимларнинг бир-биридан фарқ қилувчи ҳолатларини айтдим. Ҳазрат Навоийнинг “Хамса”сидан мисол келтирдим. Бизнинг тилимиз ана шундай паҳлавон тил, дедим. Мени сўроққа тутаётганлар чапак чалиб юборишди.
Катта асарларнинг таржимасида таржимон билан асар муаллифигина эмас, тил билан тил ҳам бўйлашади. Бошқа тилга ўгирилаётган тил таржима қилинаётган асар тилидан устун бўлиши мумкин. Бунга мисоллар кўп. Шундай адабиётлар, тиллар борки, уларни таржима қилиш, баъзилар ўйлаганидек, осон иш эмас. Чунки бошқа тиллардаги битта сўзнинг бизда бешта, ўнта синоними бўлиши мумкин. Таржимон матндан келиб чиқиб, энг мақбулини қўллайди. Бу унинг маҳоратига боғлиқ. Шу боис, ўзбек тилида ёзилган асарни бошқа тилга таржима қилишнинг ҳам маълум машаққатлари бор. Нега десангиз, ўзбекнинг битта сўзи кўп ҳолларда ўн хил маънони англатиши мумкин”.
Бир сафарги суҳбатда Абдулла ака бизга “Оломон” шеъри ёзилиши тарихини сўзлаб берди: “Ҳамма минтақада, ҳамма халқ орасида оломончилик кайфияти бор. Уч-тўртта одам ғаразли ниятда бирлашса ёки бемақсад тўпланса, қаерга бориши маълум бўлмаса, ўз-ўзидан бошвоқсиз тўдага, яъни оломонга айланади. Оломонда ақл бўлмайди, жоҳиллик, бузғунчилик бўлади. Бундай ҳолат одамни ақл-ҳушдан айиради, ким нима деса, ишониб, у дўстми, душманми, бирор фалокатнинг бошловчисими ёки унинг олдини олувчими – буни фарқламай, этагига ёпишиб кетаверади.
Оломон эл бўлиши, эл эса халқ бўлиши керак. Халқ эса бора-бора миллатга айланади. Бу жараённинг ўзига хос шаклланиш босқичлари бор. Шунинг учун кўпгина халқлар ҳали оломон шаклида юрганлиги бу сир эмас. Менинг “Оломон” шеъримни биласизлар:

Машраб осилганда қаёқда эдинг?
Чўлпон отилганда қаёқда эдинг?

Суриштирганмидинг Қодирийни ё
Қалқон бўлганмидинг
келганда бало?..

Ҳукмлар ўқилур сенинг номингдан,
Тарихлар тўқилур сенинг номингдан.

Нимасан? Қандайин сеҳрли кучсан?
Нечун томошага бунчалар ўчсан?

Қаршингда ҳасратли ўйга толаман,
Қачон халқ бўласан,
эй сен, оломон?!

Ўша пайтлари нега Қодирийни қамадинг, Чўлпонни нега отдинг, дейдиган марднинг ўзи йўқ эди. Мен бу шеърни ёзаётганимда фикрим шу эдики, оломон наинки уруш пайтида, балки тинч кунларда ҳам фикрлаши керакми, йўқми? Бу тўда халқ бўлиши керакми, йўқми? Шеърнинг дастлабки нашрларида “Чўлпон” сўзининг ўрнига ўзим “Лорка” сўзини ёзиб, матнга киритиб қўйганман. Чунки Чўлпоннинг номи ҳеч қаерда ўтмас эди. Шеърларини биров эшитиб қолмасин яна, дея шивирлаб ўқирдик, паст овозда муҳокама қилардик. Кейинроқ Чўлпон ўзининг жойига қайтиб келди”.
Абдулла ака жамоат арбоби, талабчан адабиётшунос, зукко публицист сифатида ҳам юксакликка кўтарилган эди. Ихчам мақола, интервью, кириш сўзи ёки шарҳда ҳам тарих, бадиий адабиёт, шеърият ҳақида ғоят залворли фикр-ларни айтарди, ташбеҳлари бемисл эди. “Мана, бир неча йилдирки, биз бир шеъриятнинг муаттар ҳавосидан баҳраманд бўлиб келаётирмиз. Бу – Эркин Воҳидов шеъриятидир, – деб ёзган эди устоз. – Она тилимизни ипак-дек майин, камалакдек ранг-баранг шамойили, ғоят нозик лутф, беозор қочиримлар, гоҳ ҳазин, гоҳ самимий табассум уйғотувчи ташбеҳлар, ўткир хулосалар – булар бари улкан шоиримизнинг қаламига мансуб бетакрор фазилатлардир. Мен Эркин Воҳидовни шеъриятда ўзига хос сеҳр соҳиби деб биламан”.
“Гулистон” журналининг 1968 йил биринчи сонида Абдулла Ориповнинг “Арманистон” шеъри чоп этилади. Эркин Воҳидов ушбу шеър ҳақида қуйидагиларни ёзади: “Яхши шеър шоир каби ноёб ҳодиса. Чинакам шоир ҳар йили чиқавермаганидек, чинакам яхши шеър пайдо бўлган кун фақат шоир учун эмас, бутун шеърият учун байрам бўлади. “Арманистон” шеърининг жозибаси нимада? Бу даставвал шеърнинг ҳарорати-ю, шоирона фикр-нинг теранлигида. Ниҳоят, жуда чуқур самимийлигида. “Арманистон” қамраган доирасининг кенглиги билан достонга арзигулик шеър… Юксиз, мақсадсиз бирор сатр йўқ. Лекин, шу билан бирга, шеърда кенглик, очиқлик бор. “Арманистон” Абдулланинг шоир сифатида шаклланганига яна бир далил”.
Кўриниб турибдики, халқимизнинг ик-
ки улуғ фарзанди, замонавий шеърия-тимизнинг икки буюк устуни ҳаётда, ижодда бир-бирларига муносиб сафдош, дилдошу дарддош бўлиб, ижодий ютуқларидан фахр туйиб яшашди. “Ўзбегим”, “Ўзбекистон Ватаним маним” қасидаларини яратишди. Ватанни куйлаб, тилимизни улуғлаб чарчашмади. Эл-юртга иддаосиз хизмат қилишни фарзандлик бурчи деб билишди ва бу борада қиёссиз намуна кўрсатишди. Дунёга янгидан бўйлаётган улуғ адабиётимизни истеъдодли шогирдлар билан бойитиб кетишди. Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ижод мактаблари шаклланди. Бу шундай теран ҳақиқатки, уни ҳеч ким ва ҳеч қачон инкор эта олмайди.
Турмуш деганларининг ногаҳоний зарба-ю муштлари ҳам бўлар экан-да. Ҳар икки шоирнинг ҳаёти бир текис равон, шод-хуррамлик билан кечгани йўқ. Қўшиқда куйланганидек, ўзига хос “айрилишу қайрилишлар” ҳам бўлди. Эркин ака: “Ўзбек Навоийни ўқимай қўйса, Алдангани, алла бўлгани шудир. Юлғич азиз бўлиб, билгич хор бўлса, Пайтаванинг салла бўлгани шудир”, деб ёзди.
Бу икки буюк қалам соҳиблари ҳақида ҳали кўп ёзилади. Уларнинг мактаб-ларида ёш ғунчалар ҳаёт сабоғини олишади. Фақат… бир нарсани унутмайлик. Улар она замин бағрида улғайган буюк чинорлар эди. Аҳён-аҳёнда қулоққа чалиниб турадиган дийдиёлар эса ҳайҳотдай шаҳарнинг чироғи хира тортиб қолган қай бир кунжакларида тўқилган ва маълум илинж умидида Дўрмонга учирилган ғийбатлардан бошқа ҳеч нарса эмас. Абдулла ака сатрлари билан айтганда, “Қизларнинг душмани ҳусни бўлса гар, Шоирнинг душмани истеъдодидир. Уларнинг ҳаётин этгувчи заҳар, Суқ билан ҳасаднинг истибдодидир”.
Аҳмаджон Мелибоев,
Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмаси аъзоси.