Last updated on 28.01.2022
Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситалари маданият, санъат, хусусан, театр санъати мавзусига тез-тез мурожаат қиладиган бўлиб қолди. Бу табиий ҳол. Зеро, республикамиз Президенти соҳага мунтазам эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келмоқда. Маданият ва санъатнинг жамиятимиздаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор қарорларнинг қабул қилиниши, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан вазирликлар, йирик корхоналар билан театрлар ўртасида дўстлик клубларининг ташкил қилиниши бунинг ёрқин мисолидир.
Эътибор ва ғамхўрликлардан Фарғона вилояти театр-лари четда қолгани йўқ. Уларнинг моддий-техник базасини яхшилаш учун бюджет ҳисобидан маблағлар ажратилди. Автобус ва енгил автомашиналар билан таъминланди.
Санъат жамоалари бундай эътиборга қай даражада жавоб қайтаряпти? Ижодий фаолиятларини қай йўсинда йўлга қўйяпти? Бу кўпчиликни қизиқтираётган ва ўйлантираётган масалалар. Оммавий ахборот воситаларида, хусусан, газета ва журналларда эълон қилинаётган мақолаларда мазкур мавзулар атрофида сўз юритиляпти. Билдирилаётган эътироф ва эътирозларнинг аксарияти тўғри. Бунинг учун муаллифларга раҳмат айтмоқ лозим. Аммо, айрим мақолаларда ҳиссиётга берилибми ёки соҳани тугал ўрганмай турибми, бир ёқлама, нохолис фикр юритиш ҳоллари ҳам учраб турибди.
Хусусан, Фарғона вилоят мусиқали драма театри ҳақида ёзилганда, нега томоша заллари бўм-бўш, рейтинги тушиб кетди, деган иддаолар кўриниб қолмоқда. Уларда маълум маънода жон борлигини рад этолмаймиз. Зеро, ҳар бир театр жамоасининг гуллаб-яшнаган, машҳурлик чўққисига чиққан даври бўлади. Айтайлик, пойтахтдаги Миллий академик театрининг “Отелло” ёки “Гамлет”, Муқимий номли мусиқали драма театрининг “Тошболта ошиқ” спектакллари саҳналаштирилган пайтларидаги довруғи ҳали ҳамон ёдимизда.
Фарғона вилоят мусиқали драма театрининг машҳурлик пайтини эсга олайлик. Буни катта ёшдаги театр мухлислари яхши билади. Ўтган асрнинг 40-50-йиллардаги “Тоҳир ва Зуҳра”, 60-80- йиллардаги “Қумрининг муроди”, 80-йиллар поёнидаги “Темир хотин”, “Тошкентга саёҳат” спектакллари жамоани машҳур қилган. Шундан кейинчи? Тўғри, яхши режиссёр жамоанинг омади. Агар у истеъдодли, режиссёрлик топилмаларига бой бўлса. Ўз даврида Зуннун Мадалиев, Носир Отабаев, Олимжон Салимов ўзларининг дурдона спектакллари билан жамоани машҳур қилишди.
Ҳар бир даврнинг ўз муаммоси, долзарб мавзуси бўлади. Уларни саҳна томошаси даражасига етказиб, халққа етказиш театрларнинг вазифаси. Театр Маҳмудхўжа Беҳбудий айтганидек, ибратхона. Буюк режиссёр Баҳодир Йўлдошев ибораси билан айтганда, илм қаторидаги покланиш маскани, ҳар бир киши ўзини кўрадиган кўзгу. Шу жиҳатдан келиб чиқиб, яхши саҳна асари яратилмаслиги театрлар фаолият юритмаяпти дегани эмас. Уларнинг томошабинларга енгил кулгу беришидан ташқари, тарбиявий аҳамиятга эга, халқни маънан бойитадиган саҳна асари яратишдек вазифаси ҳам бор.
Баъзан рейтинги тушиб кетди, деган ноўрин таъна тошлари отилаётган Фарғона вилоят мусиқали драма театри фаолиятига назар ташлаб кўрайлик.
Театрда сўнгги тўрт-беш йилда шундай асарлар яратилдики, улар тўла маънода мустақиллик мафкурасига хизмат қилади. Халқимизга маънавий озуқа беради. Тарихимизнинг шонли саҳифалари, буюк ватандошларимиз ҳаёти ва жасоратли ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади.
Сир эмас, кўпчилик улуғ олим Аҳмад Фарғоний номини эшитгану унинг илмий фаолияти, кашфиётлари нималардан иборат эканлигини билавермайди. Театр жамоаси бу мавзуга қўл урди. Пойтахтдан таниқли режиссёр Марат Азимов таклиф қилинди. “Аҳмад Фарғоний” спектаклини томошабинлар, айниқса, илм аҳли, талаба ва ўқувчилар катта қизиқиш билан кутиб олди. Республика Маданият вазирлигининг тавсияси билан театр жамоаси Тошкентга таклиф этилиб, спектакль Миллий академик театр саҳнасида намойиш этилди. Марказий телевидение томонидан тасвирга олиниб, мунтазам эфирга узатиб борилмоқда.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Алининг “Навоий ва Бойқаро” пьесаси ҳам саҳналаштирилди. Бу спектакль нимаси билан муҳим эди? Навоий ҳақида аввалги асрда томошабоп асарлар яратилганлигига кўпчилик гувоҳ. Улардаги бадиий пухта шеърий сатрлар тилимизга ва онгимизга жо бўлиб кетган. Аммо тарихий ҳақиқат бузилганини илм аҳли биларди, холос. Орадан етмиш йилдан зиёд вақт ўтиб, айнан Фарғона театри бу спектакли билан Навоий ва Бойқаро муносабатларига ойдинлик киритиб, Бойқаро шахсини бўй-басти билан кўрсатиб берди. Спектакль вазирлик тавсияси билан пойтахт саҳнасида намойиш қилинди. Телевидение тасмасига ёзиб олинди.
Шунингдек, Фурқат ҳақидаги спектаклда ҳам тарихий ҳақиқатни тўғри кўрсатишга ҳаракат қилинди. Зеро, театрда ҳар йили тўрт-бешта спектакль яратиляпти. Республика миқёсидаги кўрик-танловларда, халқаро фестивалларда иштирок этиб, Фарғона театр санъати обрўсига обрў қўшиб келмоқда.
2020 йилда ҳам театр жамоаси қайноқ ҳаётни бошидан кечирди. Пандемия шароити ишлашнинг янгича шакли ва тизимини “кашф” этди. Масофадан туриб, ZOOM усулида ишлаш деган иборалар истеъмолимизга кириб келди. Жамоа бу усулни тез ўзлаштирди. Ўтган йил нохуш синовлари билангина эмас, қувончли саналари билан ҳам ёдда қолди. Шулардан бири Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 75 йиллигидир. Театр жамоаси мазкур санага бағишлаб Марат Азимов режиссёрлигида атоқли адиб Саид Аҳмаднинг “Уфқ” романи асосида спектакль тайёрлаб, онлайн тарзда намойиш этди. Уни томошабинлар ҳам, санъатшунослар ҳам самимий кутиб олди.
Олтиариқлик фермер, Ўзбекистон Қаҳрамони Лола Муродованинг ҳаёти ҳар бир йигит ва қиз учун ибрат мактабидир. Театр жамоаси унинг умр йўли, жасоратли меҳнати ҳақида ҳикоя қилувчи “Лола ёхуд барханларда унган гул ” (муаллифлар Энахон Сиддиқова ва Сайдали Одилов) спектаклини яратишга киришди. Хаёлий эмас, ҳаётий қаҳрамонни яна унинг кўз ўнгида саҳнага олиб чиқиш осон иш эмас эди. Шу боис, ёш истеъдодли режиссёр Обиджон Абдуллаев қаҳрамон ҳузурида қайта-қайта бўлди. Ижодий жамоа асар қаҳрамонининг ибратли ҳаёт йўлини унинг ўзидан эшитди. Машаққатли ижодий меҳнатдан сўнг спектакль аввал республика Маданият вазирлиги мутахассисларига, вилоятимиз адабий жамоатчилигига, сўнг томошабинларга тақдим қилинди. Тақдимотда Ўзбекистон Қаҳрамони Лола Муродова ҳам қатнашиб, ҳаёт йўли тўғри талқин қилинганини эътироф этди. Жамоатчилик “Қаҳрамонни ўз кўз ўнгида саҳнага олиб чиқиш театрлар тарихида янгилик” деб баҳолади.
Театр жамоаси ҳар бир асарни катта машаққат билан яратади. Улар, бир сўз билан айтганда, фидокор инсонлар, қишнинг чилласида енгил, саратонда қалин кийимларда роль ўйнайдилар. Театрлар ҳақида фикр юритганда, улар фаолиятига бир томонлама баҳо бериш инсофдан бўлмас. Шундай пайтда савол туғилади: оммавий ахборот воситаларида билдирилаётган эътирозлар ҳақлими? Ўйлаб кўрадиган масала…
Сайдали ОДИЛОВ,
Фарғона вилоят мусиқали драма театри адабий бўлим мудири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
ТАҲРИРИЯТДАН: Сиз газетанинг 2021 йил 1 январь сонидаги “Актёр санъатдаги ўзини эмас, ўзидаги санъатни севиши керак” сарлавҳали Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадсоли Юсупов билан суҳбатни ўқигандирсиз. Сайдали Одилов гарчи ўша мақола сарлавҳасини тилга олмаса-да, унга жавоб ёзгандек фикр юритади. Таҳририят ҳакам эмас. Ким ҳақ, ким ноҳақлиги Сизнинг ҳукмингизда. Хўш, ҳурматли газетхон, Фарғона вилоят мусиқали драма театри фаолиятидан қониқасизми? Таклиф ва фикрларингизни кутиб қоламиз.[:]