МУСИҚА ДАРСИ “ФОНОГРАММА” МИ?!

МУСИҚА ДАРСИ “ФОНОГРАММА” МИ?!

“Мактаб битирувчиси аттестатида “Чолғу асбобини ўрганган” деган баҳо бўлади”. Бу Президентимизнинг сўзлари. Юртбошимиз ўтган йили Наманган вилоятига ташрифи чоғида айнан шу сўзларни айтганди.

Бошланғич синфда ўқиётган пайтларингизни эсланг. Ўшанда энг севимли фан, баҳо олишга ҳам осон бўлгани, бу — шубҳасиз мусиқа дарси бўлган. Аммо бугунги кунга келиб руҳиятимизга сокинлик бахшида этадиган фан қай даражада ўтилмоқда? Мусиқа фани ўқитувчиларига асбоб-ускуналар бериляптими? Шу саволларга жавоб олиш учун Тошлоқ туманини ўрганишга ҳаракат қилиб кўрдик.
Туманда 51 та ўрта таълим мактаби бўлиб, ушбу мактабларда 49 нафар мусиқа фани ўқитувчилари ўқувчиларга таълим бермоқда. Тошлоқ тумани халқ таълими бўлими методисти Рўзиматжон Холматовнинг айтишича, бу йил мактаблар учун 80 та мусиқий анжомлар келтирилиб тақсимланган. Мусиқа дарси ҳафтада 5-6 соатни ташкил этади. Энди эса бу анжомлардан ўқитувчиларимиз қай даражада фойдалана олаётгани билан танишамиз.
1-ихтисослаштирилган давлат ўрта таълим мактаб-интернатининг мусиқа фани ўқитувчиси Ҳабиба Нишонова билан суҳбатлашдик. Айтишига қараганда, бу мактаб-интернати аниқ фанларга ихтисослашгани учун мусиқа фани фақатгина 7-синфларга ҳафтада 4 соат ўтилади. Лекин мактабда мусиқа хонаси мавжуд эмас. Энг ачинарлиси, биронта ҳам мусиқий анжом йўқ. Ўқитувчи ўзига тегишли бўлган чолғу асбоби орқали болаларга дарс ўтади. Устоз баъзида жаҳон ва миллий мусиқа асарларини телефон орқали қўйиб беришини ҳам айтиб ўтди. Эҳ-ҳе, мусиқа фани ҳам “фонограммалашиб” кетибди-да…
Туманнинг энг чекка қишлоғи ҳисобланган Яккатутда жойлашган 43- ўрта таълим мактабида 209 нафар ўқувчи таҳсил олади. Мактаб таъмирланганига анча вақт бўлганини бир қарашда пайқашингиз мумкин. Аммо бино ичига кирганингизда қандайдир файз борлигини ҳис этасиз. Деворий газеталар, ўқувчилар чизган расмлар, айниқса, “Мени кечиринг” дея ёзилган пештахта эътиборимизни тортди. Бу ерда бир-бирини хафа қилган ўқувчилар, устозлар ҳатто, директор ҳам кечирим сўраган ёзувлар ёпиштирилган. Бу ҳам тарбия услубининг ўзгача йўналиши бўлса керак-да.
— Мактабимизда 31 нафар ходим ишлайди. Шулардан 20 нафари ўқитувчилар. Туман марказидан анча йироқда бўлган мактабимизга мутасаддиларнинг эътибори деярли қаратилмайди. Мусиқа дарси 3 соатгина қилиб жадвалга қўйилган. Бироқ бу фандан дарс берадиган ўқитувчи йўқ. Ўтган йили нафақада бўлишига қарамай, фахрий устозни дарс ўтишга жалб қилганмиз. Бу йил соғлиғи кўтармади. Ўқувчиларимиз мусиқа фанини ёқтиришади. Ота-онаси олиб берган доира, рубобни танаффус пайти билганича чалиб ўтиришади. Лекин уларнинг иқтидорини юзага чиқара оладиган мутахассис йўқ, — дейди мактаб директори Ойбек Мамажонов.
Дарвоқе, мусиқа инсон руҳиятини маънавий озиқлантирувчи мустаҳкам ришта. Ибн Сино инсонларни даволашда мусиқадан фойдалангани бежиз эмас, чунки қалби, руҳияти соғлом инсон мустаҳкам иродага эга бўлади.
— Мусиқа дарси асосан 1-7- синфларга ўтилади. Ўқувчиларим ҳар йили мусиқий танловларда фахрли ўринларни эгаллаб келишади. Мусиқа хонаси бўлмаса ҳам дарслардан кейин иқтидорли, қизиқувчан ўқувчиларимга дутор, рубоб, доира, най чалишни ўргатаман. Бу соҳада 28 йилдан бери ишлайман. Шунинг учун ҳам барча чолғу асбобларини чалишни биламан. Уларнинг мусиқага иштиёқи баландлигини кўриб қувонаман. Баъзи ўқувчиларим мусиқа мактабларига бориб ўрганади. Шароити йўқ ўқувчиларим билан шуғулланиб тураман. Мактабимизда ҳам мусиқа фани учун шарт-шароитлар яратиб берилса эди, мусиқа мактабларига боришларига, ортиқча пул сарфлашга тўғри келмасди,— дейди 26-ўрта таълим мактаби мусиқа фани ўқитувчиси Абдуллажон Юсуфалиев.
Мусиқага, миллий чолғу асбобларини ўрганишга қизиқувчи ёшлар кўп. Бироқ улар учун мактабларда етарли шароитлар яратилмаган. Мусиқа ўқитувчисининг ўзига тегишли бўлган бир-икки мусиқий анжомлар бор, холос. Ўқувчилар биринчи синфдан еттинчи синфгача ўқитувчисининг эски доира ва рубобини чалишни ўрганишга мажбур. Бизнинг ёшлар ичидан ҳам Моцарт, Шопен, Чайковскийдек буюк бастакорлар, мусиқа даҳолари етишиб чиқармикан?! Иқтидорни юзага чиқаришга озгина эътибор керак, холос. Бу масалага мутасаддилар ечим топишига ишонамиз.

Шоҳсанам ЭШМАТОВА.