[:uz]Пандемия сабаб бутун дунё бўйлаб бошланган карантин чекловлари ҳар қандай ташкилот ва корхоналарни аёвсиз синовдан ўтказди. Давлат хизматлари агентлиги тизимида ҳам бу даврда онлайн хизмат кўрсатишга бўлган эҳтиёж кескин ортди. Янгича ва замонавий тизим мураккаб шароитда нақадар тўғри танлов, тўғри ислоҳот эканлигини амалда исботлади.
Айни пайтда марказлар томонидан аҳолига 140 дан ортиқ турдаги давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Ўтган уч йил давомида вилоятдаги 19 туман ва шаҳарларнинг 16 тасида бутунлай замонавий кўриниш ва дизайн касб этган Давлат хизматлари марказларининг янги бинолари фойдаланишга топширилди. Қува, Бешариқ, Фурқат туманларида эса марказларнинг қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Марказдан олис бўлган ҳудудларда 9 та Давлат хизматлари марказлари филиаллари очилди. Бу марказлар орқали “Сиз қаерда бўлсангиз, биз ҳам ўша ердамиз”, “Сиз келманг, ўзимиз борамиз!” тамойиллари асосида 85 мингдан ортиқ ҳамюртларимизга сайёр давлат хизматлари кўрсатилди. Уч йил давомида мобиль тартибда 3 мингдан ортиқ тадбиркорлар давлат рўйхатидан ўтказилди. Уларнинг 2 мингга яқини сайёр хизматлар давомида фаолиятини қайта тиклади.
Давлат хизматлари марказлари 40 дан ортиқ ташкилот ва идораларнинг электрон базаларига интеграция қилинган ҳолда ишлайди. Бунда аҳоли ва тадбиркорларнинг мурожаатларига қонунларда белгиланган маъмурий регламентлар асосида хизмат кўрсатилади. Айрим ташкилот ва идораларга тушаётган мурожаатларни кўриб чиқиш ҳолатларида қоидабузарликлар содир этилаётгани туфайли аҳолидан шикоятлар тушиши ҳам бор гап.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида вилоят бошқармаси ходимлари томонидан 18 та ўрганиш ҳамда 41 та мониторинг тадбирлари амалга оширилди. Натижада 1 минг 904 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳолатлар юзасидан тегишли ташкилотларга 36 та тақдимнома ва 107 та огоҳлантириш хатлари киритилди. 14 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилди. 122 ҳолатда маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақида баённома расмийлаштирилди.
Вилоятдаги 19 та марказлар томонидан шу йилнинг ўтган даврида жисмоний ва юридик шахсларга 702 минг 950 та давлат хизматлари кўрсатилган. Шундан 26 мингдан ортиғи чекка ва олис ҳудудларга борган ҳолда, имконияти чекланган, ёлғиз ва кекса фуқароларга мобиль тартибда ташкил этилди. Шунингдек, пандемия шароитида марказларимиз томонидан аҳоли ўртасида давлат хизматларидан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон тарзда фойдаланиш бўйича тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, бугунги кунда мурожаат қилувчиларнинг ишларини осон, тез ва қулай ҳал этишда инсон омилини имкон қадар камайтириш тақозо этилмоқда. Бунинг учун эса идоралараро электрон тизим билан ишловчи ташкилотлардаги айрим муаммо ва камчиликларни ҳал этиш лозим.
Интеграция жараёнларини имкон қадар тезроқ ва мукаммал йўлга қўйишда айрим идоралар мутасаддиларининг сусткашликка йўл қўяётгани фаолиятимизга салбий таъсир кўрсатмоқда. Масалан, жорий йилнинг ўтган даврида биргина субсидия олиш масаласи бўйича аҳолидан келган мурожаатларни масъул ташкилотлар томонидан кўриб чиқишда 3 минг 800 та муддат бузилиши ҳолатлари аниқланди. Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги 182-сон қарори билан тасдиқланган «Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисида»ги низомга кўра масъул ташкилотлар ўн иш кунида ариза берувчининг ижтимоий мезонларга мувофиқлигини у томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида ўрганиб чиқиши зарурлиги белгиланган. Шу боис қонунбузилиши ва уларга имкон берувчи ҳолатларни бартараф этиш бўйича масъул ташкилот раҳбарлари номига 24 та тақдимномалар киритилди.
Халқимиз “Вақтинг кетди — нақдинг кетди”, дея бежизга айтмаган. Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ва унинг ҳудудий марказлари ҳақида сўз борса, ҳамюртларимиз, энг аввало, вақтлари тежалаётганлигини эътироф этишади.
Аслида мазкур хизмат кўмагида эндиликда нафақат вақт тежалади, балки турли сарсон-саргардонликлар ва бошқа бир қатор нохушликлар барҳам топади. Бу Президентимизнинг “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган эзгу ташаббусига ҳамоҳанг эканлиги билан аҳамиятлидир.
Раъно БОЙҚЎЗИЕВА,
Давлат хизматлари агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи. [:]