[:uz]Бош қомусимиз қабул қилинганининг йигирма саккиз йиллиги байрами арафасида вилоятимизда бир қатор ишлаб чиқариш, ижтимоий-маданий объектлар фойдаланишга топширилмоқда.
Фарғона шаҳридаги “Дўстлик” маҳалласида “Fergana hotel” меҳмонхонаcи очилди. 5 қаватли 50 ўринли мажмуада барча қулайликлар яратилган.
Тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари М. Убайдуллаев иштирок этди.
Тадбиркор Шерзоджон Ботиров томонидан 4 миллиард 200 миллион сўмлик маблағ эвазига мазкур мажмуа бунёд этилди. Миллий услубда қурилган меҳмонхонада ресторан, фитнес клуб, конференция зали, ёзги дам олиш маскани фаолият кўрсатмоқда. Бу каби қулай шарт-шароитлар меҳмонлар ва хорижий сайёҳларга юқори даражада хизмат кўрсатиш имкониятини беради. Меҳмонхонада 21 та янги иш ўрни яратилди.
***
Ўзбекистон тумани “Давлатботир” маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси байрамга муносиб туҳфа бўлди. Барча шароит-
ларга эга мазкур маскан давлат-хусусий шериклик асосида бунёд этилди.
Очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи С.Аминжонов, туман ҳокими Қ.Жўраевлар сўзга чиқиб, мамлакатимизда маҳалла институти фаолиятини янада ривожлантириш, уни энг халқчил тузилмага айлан-тириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Маҳалла йиғинларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янги маҳалла биноларини қуриш доимий эътиборда эканлиги алоҳида қайд этилди.
Бино қурилишига тадбиркор, “Шўрсув цемент” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Абдувоҳид Ёқубов томонидан 580 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Айни кунларда ёшларни қўллаб-қувватловчи, чуқур билим олишлари, бандлигини таъминлашга хизмат қилувчи лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда.
Вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси томонидан маҳалла фуқаролар йиғинига компьютер жамланмаси топширилди. Шунингдек, маҳалладаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оила вакилларига қишки кийимлар берилди.
***
Олтиариқ тумани марказий шифохонасида болалар реанимация бўлими иш бошлади.
Янги ташкил этилган бўлим барча замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланган. Шунингдек, малакали врачлар, ўрта ҳамда кичик тиббиёт ходимлари жалб этилиб, болаларга шошилинч ёрдам кўрсатиш учун барча қулайликлар яратилган.
М. МЎМИНОВ.[:]