[:uz]Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда кучли ижтимоий ҳимоя сиёсатини “Инсон манфаатлари — олий қадрият” деган мезон асосида амалга ошириш белгилаб берилди.
Ҳимояга муҳтож кишиларнинг реабилитация техник воситалари ва протез-ортопедия маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш фаолиятимизнинг асосий мезонидир. Вилоят тиббий-ижтимоий хизматлар бўлими томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида ҳудуддаги ногиронлиги бўлган шахсларнинг 306 нафарига ногиронлик аравачалари берилган бўлса, 90 нафари эшитиш мосламаси, 146 нафари қўлтиқтаёқ, 92 нафари ҳасса, 52 нафари эса бошқа турдаги техник воситалар билан таъминланди.
Вазирлар Маҳкамасининг “Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан рўйхатга олинган 2878 нафар ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахсларга туман-шаҳар тиббий-ижтимоий хизматлар шўъбалари томонидан уларнинг яшаш жойида ижтимоий хизматлар кўрсатиб келинади. Шундан 359 нафар ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган шахслар бепул 15 хил турдаги асосий озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, тиббий-гигиеник воситалар билан таъминланмоқда. Фуқароларнинг протез-ортопедия маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Тошкент “Ортопедия реабилитацияси” ва “Ортопедия маҳсулотлари” корхоналари билан шарт-номалар тузилиб, бугунги кунгача 457 нафар муҳтож фуқаролар 998 дона протез-ортопедия маҳсулотлари билан таъминландилар.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги тизимидаги сиҳатгоҳларда ногиронлиги бўлган ва пенсия ёшидаги шахсларнинг даволанишлари учун кенг имкониятлар яратилгани ҳам уларнинг қувончи ва миннатдорлигига сабаб бўлмоқда.
Хислатбек МИРЗАЕВ,
Фарғона вилояти тиббий-ижтимоий хизматлар бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи.[:]