Press "Enter" to skip to content

[:uz]Истеъмол маданияти саломатлик учун керак. Ёхуд соғлом турмуш тарзига риоя қилмасликнинг аянчли оқибатлари[:]

[:uz]Мамлакатимизда халқимизнинг соғлом турмуш тарзини юксалтириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президентимизнинг жорий йил 30 октябрда қабул қилинган “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора- тад­бирлари тўғрисида”ги Фармонида таъкидланганидек, COVID панде­миясининг юзага келиши дунё мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам аҳолининг соғлиғи, жисмоний саломатлиги, соғлом ҳаёт даражаси заиф эканлигини кўрсатди.

 

Очиғини тан олиб айтиш керак, соғлом турмуш тарзи риояси борасида бошқа мамлакат халқларига қараганда маиший турму­шимизда саломатлигимизга путур етка­задиган қусурларимиз бор. Энг ёмони ана шу қусурлар миллий қадриятлар ниқоби остида ҳамон “яшаяпти”. Бу ҳақда неча йиллардан буён матбуот, телевидение, интернетдаги ижтимоий тармоқлар бонг урди. Лекин истеъмол маданиятида оқсоқлигимизча қоляпмиз.

Тонг саҳарда тўйхонада ош тановул қилган отахон тушликда “Ота кўрди” маросимига борибди. Маросимда дастурхонга қўйилган тўрт хил таом­дан бир-икки тотинган бўлибди. Лекин ёнидаги “азаматлар” олинг-олинг, дея сомса-ю кабобни едиришиб юбори­шибди. Оқшомга бориб отанинг аҳволи оғирлашибди. Қон босим кўтарилиб, юраги хуруж қилгач, зудлик билан ка­салхонага олиб келиниб, бир неча тек­ширувлардан кейин жарроҳлик столига ётқизилган. Беморда ошқозон ости бези саратони борлиги аниқланган. Касалхо­надан чиқиб отахон узоқ яшамади…

Бу воқеада ҳеч қандай ёлғон ёки тўқима йўқ, исми-шарифини сир тутиш шарти билан беморнинг фарзандлари айтиб берган маълумотларга таяндик, холос.

Рақамларга мурожаат қилайлик. 2019 йилнинг 9 ойи мобайнида вилоят бўйича 1817 нафар беморда онкологик касалликлар аниқланган бўлса, 2020 йилнинг 9 ойида бу рақам 1826 тани ташкил этди. Гастрит (ошқозон-ичак) хасталиги билан ўтган йилнинг 9 ойида 9851 нафар бемор шифокорга мурожа­ат қилган, бу йилнинг 9 ойида касаллик 10288 тага ошган. Бронхиал астмага ча­линганлар ўтган йилнинг 9 ойида 252 нафар бўлса, бу йилнинг 9 ойида 579 нафарга етди. Республика тез тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали кардиология бўлимига 9 ой мобайнида 1732 нафар бемор шошилинч тарзда ётқизилган. 245 нафар бемор миокард инфаркт касаллигини бошидан кечирган.

— Юрак-қон томир касалликлари­ни келтириб чиқарувчи сабаблардан энг асосийси, соғлом турмуш тарзига риоя қилмасликдир, — деди бўлим бош врачи Анваржон Тўйчиев. — Кам ҳаракатлилик, руҳий зўриқишлар, рационида ҳайвон ёғи кўп бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш, чекиш, спиртли ичимликларга ружу қўйиш оқибатида нафақат юрак, балки организмдаги бошқа аъзолар ҳам зарарланади. Қонда холесте­рин миқдорининг ортиб кетиши, қон-томирнинг торайиши, қоннинг қуюқлашиши, буларнинг барчаси нотўғри овқатланишдан келиб чиқади.

Имкон қадар беморларимизга муо­лажаларни, буюрилган дори-дармон­ларни ўз вақтида қабул қилиш, соғлом овқатланиш тартибига риоя этиш, асабларни асраш, жисмоний фаолликни ошириш бўйича тавсиялар берамиз. Аф­суски, беморлар орасида шифокор тав­сиясига мутлақо амал қилмайдиганлар кўпчиликни ташкил этади.

Шифокорнинг фикрларини тасдиқларканмиз, айни пайтда бе­моридан ҳол сўраш учун келаётган одамларнинг харидларини кузата­миз. Уларнинг аксарияти бемор учун умумий овқатланиш шохобчаларидан кабоб, сомса, “фастфудлар” , ҳазми қийин бўлган пишириқ, ширинликлар сотиб олиб киришади. Даволанаётган беморларнинг ўзлари ҳам кўнгиллари тусаган таомларни буюртма бериб олиб келтиришади. Нафсини тийишга журъати етмаган бемор қарабсизки, соғлиғи хавф остида турганини билмай қолади. — Қабулимга Россияда ишлаб қайтган бемор кириб келди, — дейди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ошқозон-ичак касалликлари бўлими мудири, олий тоифали шифокор Ориф­жон Маҳмудов. — Беморнинг ошқозони яллиғланган. Сабаби кундалик овқат-ланиш меъёрини билмаган. Узлуксиз равишда “Хотдог”, “Гамбургер” истеъ­мол қилган, спиртли ичимликлар ичган. Оқибатда ошқозоннинг шира ишлаб чиқариш тизими бузилган. Узоқ йиллик тажрибамдан келиб чиқиб айтаман, агар бемор ўзида истеъмол маданияти­ни шакллантирмас экан, ҳеч қайси дори ёрдам бермайди. Шу боис беморларга дорилар рецепти билан бирга тўғри ва соғлом овқатланиш тавсияномаларини ҳам тақдим этаман. Ўтган йилларда бўлимда бир йилда 700 нафарга яқин беморлар даволанарди. Бугунги кунда бу рақам 200 тага камайди.

— Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи тарғиботининг давомийлигини таъминлаш юқумли бўлмаган касаллик-ларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади, — дейди аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш мар­кази вилоят бўлими раҳбари Шаҳноза Маъмурова. — Президентимизнинг юқоридаги Фармони ижросини таъ­минлаш бўйича вилоятимизнинг барча шаҳар-туманлари қишлоқ оилавий поликлиникалари умумий амалиёт ши­фокорлари билан ҳамкорликда маҳалла гузарларида “Соғлом овқатланиш яр­маркалари” ташкил этилди. Мазкур тад­бирларда инсон учун фойдали бўлган маҳсулотлар намойиш қилиниб, 10 минг дона соғлом овқатланишга доир буклетлар тарқатилди. Эндиликда ҳар бир маҳаллада аҳоли ўртасида юқумли бўлмаган, яъни юрак-қон томир, қандли диабет каби касалликларни эрта аниқлаш тизими яратилади. Аҳолини антрометрик кўрсаткичларини яхши­лашга, яъни, семизлик вазн индекси­ни камайтиришга қаратилган амалий тадбирлар ўтказилади.

Олимлар саломат бўлишнинг 60 фои-зи соғлом турмуш тарзига риоя қилиб яшашдир, деган хулосага келишмоқда. Узоқ умр кўрувчи халқларнинг соғлом турмуш тарзини ўрганган ҳолда, ота-боболаримизнинг табобат илми, соғлом овқатланиш бобидаги бетакрор тажрибаларини кундалик ҳаётимизга сингдирадиган вақт келди…

 

Маъмура АБДУРАҲИМОВА.[:]

Ulashing: