[:uz]Кузнинг сўнгги кунларида юртимизга совуқ ҳаво оқимининг кириб келиши тизимдаги оқсоқликларнинг юзага қалқиб чиқишига сабаб бўлди.
Статистик маълумотларга асосан, бугунги кунда республикамизда 15500 та кўп квартирали уйларга иссиқлик таъминоти корхоналаридаги 79 та марказий ва 345 та маҳаллий қозонхоналар томонидан иссиқлик энергияси узлуксиз етказиб берилади. Аммо, ушбу қозонхоналар барча кўп қаватли уйларни қамраб олганми? Афсуски, йўқ.
Барчамизга маълум, ҳудудлардаги мавжуд кўп қаватли уйларнинг аксариятида, иситиш тизими марказлашган тизимдан узилиб, мустақил иситиш тизимига ўтказилган. Янги қурилаётган кўп қаватли уйлар ҳам шундай иситиш тизимига мослашган ҳолда лойиҳалаштирилмоқда.
Куз-қиш мавсуми бошланиши билан, лимитдаги бор газ кўп қаватли уйларни иситишга бериляпти, чунки уларда бошқача йўл билан иситишнинг имкони йўқ. Кўп қаватли уйларнинг ҳаммасида ҳам иситиш тизими йўқлиги сабаб, газ плиталарни баланд қилиб ёқиб қўйиш йўли билан хонадонларни иситишади. Бу эса кўп газ сарфига сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга, ис газидан заҳарланиш хавфи ошмоқда.
Муаммони қандай ечиш мумкин?
Менимча, қанчалик маблағ талаб қилмасин, кўп қаватли уйларни локал қозонхоналарни қуриш орқали иситиш тизимига ўтказиш зарур. Янги қурилаётган уйларни лойиҳалаштиришда ҳам мана шундай тизимга мослаштириб режалаштириш мақсадга мувофиқ бўлади. Сўнгги йилларда энергия тежовчи, газни кам сарфловчи, бир вақтнинг ўзида электр энергияси, газ ва кўмирда ишловчи иссиқлик қозонлари ишлаб чиқарилмоқда.
Маълумки, уй-жой ширкатларининг ҳар бирига 10 га яқин кўп қаватли уйлар бириктирилган. Битта маҳаллий иситиш қозонхонасини ўрнатиш орқали қанчадан-қанча электр энергияси ҳамда табиий газ иқтисод қилинади.
Мисол учун, бугунги кунда Андижон, Чирчиқ, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида 2019-2023 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган, ҳозирги кунда фойдаланиб келинаётган иссиқлик таъминотининг очиқ тармоқли тизимдан ёпиқ тармоқли тизимга ўтиш ва иситиш тизимига замонавий технологияларни татбиқ этиш орқали 1855 та кўп хонадонли уйлардаги 84786 та хонадон ҳамда 193 та ижтимоий объектлар иссиқ сув ва иссиқлик энергияси билан қамраб олинади.
Бунинг натижасида йилига:
Табиий газнинг иқтисоди — 106980,0 минг.м3
Электроэнергия иқтисоди — 30 400,0 минг Квт;
Совуқ сув таъминоти иқтисоди — 605, минг м3
Иссиқлик тармоқлари энергосамарадорлиги 56,9 % дан —
93 % га ортади.
Йиллар давомида куз-қиш мавсумида юзага келаётган муаммолардан беталафот олиб чиқиш, аҳолини рози қилиш, инсонларга қулайлик яратиш учун барча имкониятларни ишга солиш зарур.
Д.МАМАДЖАНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП
фракцияси аъзоси.
[:]