Истиқболли лойиҳалар, янги маҳсулотлар

Истиқболли лойиҳалар, янги маҳсулотлар

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ташаббуси билан “Farg’onaazot” ациядорлик жамиятига оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Пресс-тур ташкил этилди.

Кейинги  йилларда корхонада маҳсулотлар ҳажмини ошириш, турларини  кўпайтириш, экспорт географиясини кенгайтирш борасида истиқболли лойиҳалар амалга  ошириб келинмоқда.

“Farg’onaazot” акциядорлик жамиятида  30 турдаги минерал ўғит, кимёвий эритмалар, аммиак, нитрат кислотаси, суюқ ва газсимон кислород, азот, шунингдек, 10 дан ортиқ бошқа кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Айниқса, ишлаб чиқаришга жорий этилаётган  маҳаллийлаштириш дастури бу борада янги имкониятлар яратмоқда.  Маҳаллий хом ашё асосида 6 турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

— Корхонамиз қошида  илмий-инновациялар маркази   фаолият кўрсатиб келмоқда, — дейди марказ раҳбари Отабек Мадаминов. — Асосий эътибор кимё саноатининг инновацион фаолияти ривожига ҳисса қўшиш, тармоқлараро  ҳамкорликни йўлга қўйиш учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, эришилган илмий ютуқларни патентлаш ва лицензиялашдан иборат.  Бу ерда  аналитик ва илмий-тадқиқот лабораториялари, фундаментал тадқиқотлар, маркетинг бўлимлари ва тажриба-эксперимент майдончалари ишлаб турибди.

Шу кунга қадар  марказ  ташаббуси билан ўнга яқин маҳсулот турлари яратилди, янги лойиҳаларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш устида изланишлар олиб борилмоқда.

Пресс-тур иштирокчилари корхонанинг асосий ишлаб чиқариш тармоғи ҳисобланган аммиакли селитра цехидаги технологик  жараёнлар билан танишди.  Бу ерда  йилига 500 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилади.

— Мазкур қурилма Япония компаниясининг компьютер технологиялари билан жиҳозланган, — дейди цех бошлиғи  Азизжон Охунжонов. — Бу маҳсулот ишлаб чиқариш билан боғлиқ барча  жараёнларни тўлиқ  назоратга олади, иш унумдорлигини оширади, мавжуд носозликлар ҳақида олдиндан хабар беради.

Умумий қиймати   680 млн. долларга тенг 6 та инвестицион лойиҳалар устида иш олиб бориляпти. Келгусида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми  икки баробар оширилиб, янги турдаги импорт ўрнини босувчи 6 хил  кимё маҳсулотлари  ишлаб чиқарилади.  Бу  бир вақтнинг ўзида 600 дан ортиқ янги иш ўринлари яратиш, экспорт салоҳиятини 118 млн. долларга ошириш имкониятини беради.

Тадбир иштирокчилари  корхона қошида ташкил этилган “Winchemical”  Ўзбекистон-Жанубий Корея қўшма корхонаси  иш фаолияти билан ҳам танишдилар.

Унга 3 миллион  АҚШ долларига тенг бўлган инвестиция киритилди. Корхонада деворбоп декоратив қопламалар  ишлаб чиқарилади. Ушбу маҳсулот  нам ва сув ўтказмаслик, энергия тежовчи хусусиятлари билан ажралиб туради.

— Маҳсулотларимиз  ички ва ташқи бозорда харидоргир, — дейди қўшма корхона директори Жун Чулхун. — Айни кунда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Россия Федерациясига  экспорт қиляпмиз. Мақсадимиз ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, турларини  кўпайтириш, янги иш ўринлари яратиш.

“Farg’onaazot” акциядорлик жамиятида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар корхона экспорт салоҳиятини оширмоқда.  Сўнгги икки йилда  ишлаб чиқарилган маҳсулотлар 11 та ривожланган давлатларга  экспорт қилинди.

 

Расулжон Камолов.

Муқимжон Қодиров

 олган суратлар.