НУРАФШОН — РИШТОННИНГ ЗАМОНАВИЙ ШАҲАРЧАСИ БЎЛАДИ

НУРАФШОН — РИШТОННИНГ ЗАМОНАВИЙ ШАҲАРЧАСИ БЎЛАДИ

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров Риштон туманидаги Бўстон қишлоғи, Турсунали Шерқулов кўчасида жойлашган сунъий тола, яъни пардалик матолар ишлаб чиқаришга ихтисослашган  “Файз акро текстил” Ўзбекистон-Туркия қўшма корхонасида бўлди.

— Фаолиятимиз бир неча йилдан буён тўхтатилган эди, — дейди  корхона раҳбари Сирожиддин Алихўжаев.— Вилоят ҳокими томонидан ҳолат ўрганилиб, нотўғри қўлланилган солиқлардан озод бўлдик. Биринчи лойиҳада 200 нафар одам иш билан таъминланади. Иккинчи лойиҳада эса бу кўрсаткични 500 нафарга етказишни режалаштирганмиз.

Вилоят раҳбари томонидан корхона фаолиятини тез кунда қайта йўлга қўйиш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.

Хайрулло Бозоров шу ерда аҳоли вакиллари муаммоларини тинглади ва ечими бўйича масъулларга аниқ вазифалар топширди. Шунингдек,  туман аҳолиси учун бунёд этилаётган 10 та кўп қаватли уйларнинг қурилиш жараёнини кўздан кечирди.

— Бу ер Риштоннинг замонавий янги шаҳарчаси бўлади, — деди Хайрулло Бозоров. — Насиб этса, келаси йилдан Нурафшон мавзесида қад ростлаётган 250 та замонавий хонадонларда юртдошларимиз мамнун ҳаёт кечирадилар.

Янги ташкил этилаётган кичик саноат зонасида ўнлаб тадбиркорлар ўзларининг кулолчилик, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, инвестиция лойиҳаларини тақдим этди.

Куннинг иккинчи ярмида вилоят раҳбари туман ёшлари билан учрашди. Унда 35 нафардан ортиқ йигит-қизларнинг ишлаб чиқариш, чорвачилик, тикувчилик, хизмат кўрсатиш каби йўналишлар бўйича таклиф ва муаммолари тингланди. Хусусан, Абдуллажон Мухторов “Codemy” дастурлаш академияси фаолиятини кенгайтириш учун бўш бино ажратилишини сўради. Сардорбек Раҳимов маҳалла гузарида экобозор ташкил этиш масаласида имтиёзли кредит олмоқчи эканлигини айтди. Ёшлар томонидан илгари сурилган масалалар бўйича сектор раҳбарлари, банк мутахассислари, бандликка кўмаклашиш бўлими ходимларига тегишли вазифалар юклатилди.

Дилшода ЭРГАШЕВА.

Шерзод ҚОРАБОЕВ олган сурат.