Press "Enter" to skip to content

БЎЗАТОВГА ФАРҒОНА ҲАВОСИ – ТОЗА ҲАВО КИРИБ КЕЛДИ

Фарғона вилояти ҳокимлиги йўлланмаси билан

Президент ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан жадал ривожлантириш мақсадида чора-тадбирлар режаси белгиланди. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил сентябрь ойида ва жорий йил 23-24 февраль кунлари Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида ушбу масала батафсил ўрганилиб, шаҳар-туманларни мамлакатимиз вилоятлари кўмаги билан ўзаро ҳамкорликда ривожлантириш тавсия этилди.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги вилоят мутасаддилари ўтган йилнинг декабрь ойидан буён Қорақалпоғистон Респуб-ликасининг Бўзатов туманида бўлиб, бу ерда амалга оширилиши зарур бўлган ишлар, лойиҳалар келишиб олинди. Таъкидлаш ўринлики, фарғоналиклар томонидан амалга оширилаётган ишлар кўлами кундан кунга ривожланиб, тобора кенг қулоч ёзяпти.
Ўтган вақт мобайнида қишлоқ ва овуллар, кенг яйловлар ва отарларда бўлиб, маҳаллий халқнинг ҳаёт тарзи, яшаш шароити билан танишилди. Бир пайтлар Орол денгизи ва унга туташ дарёлар, яйловлар одамларга ризқ улашган, даромад манбаи бўлиб келган. Афсуски, табиат қонунларига зид тарзда Амударё ва Сирдарё сувининг сунъий равишда чўлларга бурилиб, пахта майдонларининг кўпайтирилиши оғир экологик ҳалокатга замин яратди. Минтақада чўлланиш ва шўрланиш даражаси кескин ортди. Ўз даврида ҳаёт қайнаган, чорвачилик, деҳқончилик, балиқчилик, шоличиликка ихтисослашган ҳудудлар аҳолисининг турмуши оғирлашди. Кўпчилик бошқа жойларга бош олиб кетишга мажбур бўлди. Қирқ йилдан зиёдроқ вақт давомида Бўзатов икки маротаба тугатилиб, икки марта қайтадан ташкил этилди.

МАҚСАДЛА РМУШТАРАК БЎЛИШИ КЕРАК

Фарғона вилояти ҳокимининг 2021 йил 4 декабрь кунги қарори билан Бўзатов туманида доимий фаолият олиб борадиган “Фарғона — Бўзатов тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш” дирекцияси ташкил этилди. Дирекция учун бино-иншоот сотиб олиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш учун вилоят маҳаллий бюджетидан 3,1 млрд. сўм маблағ ажратилди.

2022 йилги Инвестиция дастури доирасида туманда қиймати 519,9 млрд. сўмлик 36 та лойиҳа амалга оширилиб, 1609 та иш ўрни яратилади. Хусусан:

— саноат йўналишида 178,9 млрд. сўмлик 8 та лойиҳа;
— хизмат кўрсатиш соҳасида 15,6 млрд. сўмлик 23 та лойиҳа;
— қишлоқ хўжалигида 320,2 млрд. сўмлик 23 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиши режалаштирилган.

Натижада 179,4 млрд. сўмлик ишлаб чиқариш қуввати яратилади, 14,6 млрд. сўм миқдорида экспорт амалга оширилади, маҳаллий бюджетга 11,6 млрд. сўм тушум тушиши таъминланади.
Маҳаллабай ишлаш ва камбағалликни қисқарти-риш мақсадида 500 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага 1,6 млрд. сўмлик моддий ёрдам кўрсатила-ди. Тикув машинаси, кичик иссиқхона ташкил этиш, чорва моллари, парранда олиб бериш эвазига 500 нафар ишсиз аҳолининг бандлиги таъминланади.
Қурилиш ва ободонлаштириш йўналишида 18 млрд. сўм маблағ сарфланиб, 2 та мактаб, 2 та боғча, 1 та шифо маскани, 4 та овул, 1 та посёлка фуқаролар йиғини ҳудудларидаги 874 та хонадонларни таъмирлаш, томорқаларига кўчат экиш, кичик иссиқхоналар қуриб бериш, кўчаларни текислаш, шағаллаштириш ишлари олиб борилади.
Бу йил туманда бўш турган ерларни ўзлаштириш, ариқ ва коллекторларни тозалаш, янги сув насос-ларини ишга тушириш бўйича ҳам алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида туман бўйлаб мевали ва манзарали дарахтлар экилди.
Агар муштарак мақсад йўлида бир ёқадан бош чиқариб, астойдил меҳнат қилсак, эзгу ташаббуслар тўлиқ рўёбга чиқишига эришамиз.

Акмалхўжа САИДОВ,
“Фарғона — Бўзатов” дирекцияси директори.

Туманда ўтган қисқа фурсатда

“Яшил макон” лойиҳаси бўйича 270 минг туп мевали ва манзарали дарахтлар экилди;

510 та хонадон таъмирланиб, ободонлаштирилди;

500 та хонадонга 50 минг туп мевали кўчатлар экиб берилди;

185 та хонадонга кичик, 8 та оила учун 24/8 ҳажмда иссиқхоналар қурилди;

20 та хонадон олдидаги бўш турган ерга Олтиариқ тажрибаси асосида узум кўчатлари экилиб, 14 та уй олдига сўриток қилинди;

14 та хонадонда тандир ва ўчоқ қуриб битказилди;

2,6 км йўл текисланиб, шағал ётқизилди;

200 та оилага 5 мингга яқин курка ва товуқ, 60 та оилага қуён, 150 та оилага 300 бош қўй ва эчки тарқатилди;

Паррандачиликни ривожлантириш мақсадида 7 та хонадонга 500 бош жўжа очтириш имконини берувчи инкубаториялар берилиб, наслли жўжа олиш фаолияти йўлга қўйилди;

1 км электр тармоғи янгиланди, 2 та тик қудуқ қазилиб, ичимлик суви чиқарилди;

500 та оилага
моддий ёрдам кўрсатилиб, 500 нафар ишсиз аҳолининг бандлиги таъминланди;

31 март — 1 апрель кунлари Фарғона ва Бўзатов ёшлари иштирокида Бўзатов туманида “Ёшлар форуми” ташкил этилди;

72 нафар бўзатовлик меҳнат фахрийлари, ёши улуғ инсонларнинг “Чимён” санаторийсида дам олишига кўмаклашилди.

ЯШАШ УЧУН ОҒИР ҲУДУД… МИ?!

йни пайтда туманда 198 минг гектар ер мавжуд бўлиб, унинг 15 минг гектари суғориладиган ер ҳисобланади. Атиги 1,5 минг гектар ерда деҳқончилик қилинади. Сув, ишчи кучи ва бошқа ресурслар етишмаслиги туфайли ерлар фойдаланишдан чиқиб кетган. Улкан майдонларни ёввойи ўт босиб ётибди.
Туманда деярли саноат корхоналари йўқ. 75 минг гектар ер чорва яйловлари учун ажратилган. Ерни ёввойи ўтлардан тозалаш, яхши ҳосил олиш мумкин. Бунинг учун сув, маблағ, энг асосийси, астойдил меҳнат қилиш керак. Шу боис, Фарғона вилоятининг оталиқ ёрдами жуда муҳим эди.

«БЎЗАТОВ – ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН ШВЕЙЦАРИЯСИ»

Давлатимиз раҳбари 2021 йилнинг сентябрь ойида сайловолди учрашуви доирасида Бўзатовга ташриф буюрди. Президент қорақалпоқ заминига бу галги ташрифи чоғида яна бир бор одамларнинг дарду ҳасратини эшитди. Самимий мулоқотда муаммоларга биргаликда ечим топишга маслаҳатлашиб олинди.
Юртбоши юзма-юз мулоқотда: “Дарахтларнинг соғломлиги унинг баргларидан билинади. Бўзатовнинг ери тоза, тупроғи унумдор, дориси йўқ. Бўзатов – Қорақалпоғистоннинг Швейцарияси. Мана шу Швейцарияга муносиб бўлиш керак” дея таъкидлаган эди.

Дарҳақиқат, Бўзатовнинг кўркам ва сервиқор дарахтлари, бепоён кенгликлардаги тўқайзорлари, мусаффо ҳавоси ўзгача.
— Президентимиз сайловолди учрашувида “Бўзатовда кенг кўламли янгиланишлар, бунёдкорлик ишларини амалга оширишда бир ўзинглар қийналасизлар, Сизларга Фарғона тажрибаси керак” деган эди, — дейди Бўзатов тумани маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи ўринбосари Ўринбой Қудайназаров. — Шундан сўнг Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Бўзатовга келгач, эртанги кун истиқболи йўлида ҳамкорлик режалари белгилаб олинди. Ҳозир туманимиз Фарғона вилоятига бириктирилиб, ҳудудни ривожлантириш учун биргаликда ҳаракат қилинаётгани халқимизни беҳад қувонтирмоқда.
Аслида кейинги икки йилда Бўзатов одамларнинг кўз ўнгида замонавий қиёфага эга бўлди. Ёшлар маркази, футбол стадиони, минг ўринли маданият саройи қад ростлади. Янгидан қурилган амфитеатр биносида маданий хизмат кўрсатиш ҳамда оммавий байрамлар, кўнгилочар тадбирлар ўтказиляпти. Бердақ боғи ва унинг ёнида инновацион усулда барпо этилган Ёшлар боғи туман маркази кўркига кўрк бўлиб қўшилди. Молия, ғазначилик ва пенсия жамғармалари бўлимлари, бандликка кўмаклашиш маркази, Давлат хизматлари маркази бинолари янгидан қурилди. Яқинда ноанъанавий услубда қурилган “Ҳунармандлар аллеяси”, икки қаватли 120 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим ташкилоти, болалар-ўсмирлар спорт мактаби фойдаланишга топширилди.
Бўзатов тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Қайрат Полибековнинг маълум қилишича, бугунги кунда ҳудудда экотуристик маршрутларни кўпайтириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилган. Шу мақсадда чинор, мирзатерак, оқ терак, оқ ва қора тол, жийда дарахтлари аллеялари ташкил этиляпти. Фарғона вилоятининг Қува тумани тажрибаси асосида ноёб манзарали ва мевали дарахтлар экилмоқда.

СУВ – ҲАЁТ-МАМОТ МАСАЛАСИ

Ғайратжон Марказий Фарғона ерларида ўсиб-улғайди. Меҳнат фаолияти ҳам бевосита шу ҳудудлар билан боғлиқ. Шу сабабли Бўзатовнинг дашту биёбонлари об-ҳавоси, тупроқ-иқлим шароити, табиат инжиқликлари унга бегона эмас. Аммо янги шароитга мослашиш, айниқса, мусофирчилик қийинчиликлари, оиладан узоқда яшашга кўникиш ҳеч қачон осон бўлмаган.

2021 йилнинг декабрь ойидан буён Ғайратжон агар таъбир жоиз бўлса, соғинчларга айланган ҳаётнинг бирда шодумон, бирда қайғули кунлари қуршовида яшамоқда. Чунки Фарғона билан Бўзатов ораси қарийб бир ярим минг чақиримлик йўл. Тиғиз иш вақтидан ортиб, баъзан ойлаб ота юртга бориб-келишга вақт топилмаяпти.
Баъзан уч фарзандининг кенжаси – энди уч ёшга кираётган эркатой ўғли билан телефонда гаплашиб, юраклари соғинчга тўлади. Тўнғичи Алишер шифокор бўлиш орзусида кимё-биология фанларини қунт билан ўқиётганини эшитиб севинади. Шундай лаҳзаларда кўзининг оқу қоралари ёнида бўлгиси келади. Аммо ишонч масъулияти, касбига бўлган меҳр барчасидан устун туради. У оилада шундай тарбия-ланган.
Чўл ҳавоси жуда инжиқ. Эрталаб шамол чанг-тўзон кўтариб, тушликда қуёш ажиб жилва қилади, кечга бориб шаррос ёмғир қуйиши мумкин. Ёввойи тўқайзорлар атрофида янги ерлар ўзлаштирилар экан, одам бўйи ўсиб кетган юлғинлар, саксовуллар узоқ йиллик сукунат олами бузилаётганидан безовта тўлғонади. Қирғовуллар самода чарх уриб, қадрдон маконини ҳимоя қилишга уринади. Чиябўри, тулки, илонлар одам исини сезиб, унинг хатти-ҳаракатини синчковлик билан кузатади.
— Сув – Бўзатовда ҳаёт-мамот масаласи, — дейди “Сирдарё-Сўх” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси мутахассиси Ғайратжон Рустамов. – Чунки туман ерларига Амударёдан навбати билан сув олинади. Бўзатовнинг аксарият ҳудудлари ери икки-уч тумандан ўтиб келувчи сув билан суғорилади. Беҳаловат кунлар, уйқусиз тунлар ҳар қандай одамнинг тинка-мадорини қуритади. Лекин ишонч, масъулият ҳар куни янги куч топиб, тинимсиз меҳнат қилишга ундайди.
“Рамз Бўзатов боғи” МЧЖ (Бешариқ тумани) томонидан 407 гектар ер ўзлаштирилиши режалаштирилган бўлиб, тинимсиз меҳнат туфайли икки ярим-уч ойда 304 гектари ўзлаштирилди. Қор-қировли кунлар, тунда ҳам Фарғонадан олиб келинган 4 та юқори унумли техникалар тиним билмай ишлади.
Фарғона вилояти маҳаллий бюджети маблағи ҳисобидан 35 км масофадан сув олиб келинди. Бунинг учун ўн йиллар давомида фойдаланилмай ётган ариқлар тозаланди. Шу кунларда 30 гектар ер суғорилиб, маккажўхори экишга тайёрланди.
Германиядан 80 миллион сўмлик серҳосил маккажўхори уруғи олиб келинди. Шунингдек, янги ўзлаштирилган ерларга соя, картошка экиляпти.
“Рамз Бўзатов боғи” МЧЖ раҳбари Рамзбек Раимов ва ирригация соҳасида тажрибали мутахассис Ғайратжон Рустамов шу ерда танишиб, қийинчиликларда биргаликда тобланишди, қадрдон дўст тутинишди. Икковлонни суҳбатга чорласангиз, кечалари бошларига тунчироқни қўндириб, телефон орқали ўзаро гаплашиб, узоқ масофалардан оби-ҳаёт манбаи бўлган сув олиб келишганини ўзгача мароқ билан сўзлаб беришади.
— Дўстимнинг маслаҳати билан ерларни экин экишга тайёрлашда лазерли текислаш қурилмасидан фойдаланяпмиз, — дея ўз ишини моҳирона бажариб, замонавий
техникани маҳорат билан бош-қараётган ота-болаларга ишора қилади Рамзбек. — Юқори унумли техникада барча жараён компьютерлаштирилган. Трактор кабинаси ёзда салқин, қишда иссиқ. Механизатор юмушларни ҳеч бир қийинчиликсиз бажаради.
Яхши ният билан сув бўйла-рига Фарғонадан тол новдалари олиб келиб экилди. Буни қарангки, улар тез орада барг ёзиб кўкарди. Яқин келажакда ушбу толлар соя-салқини, майин шабодасида мумтоз қўшиқлар тинглаб, дам олиш, ҳордиқ чиқариш мумкин бўлади.
— Агар сув муаммоси ҳал этилса, Бўзатов гуллаб-яшнайди, боғу бўстонга айланади, — дейди исми жисмига монанд тиниб-тинчимас Ғайратжон. — Туман аҳли экин экиб, деҳқончилик қилишни жуда соғинган. Эзгу ташаббуслар яқин келажакда маҳаллий аҳолининг бой-бадавлат яшашига хизмат қилади.
Бўзатовда ҳамма Ғайратжонни танийди. Шу сабабли кўча-кўй-
да, янги ўзлаштирилаётган ер-да, томорқасида уни кўрганда катта-ю кичик унга ўзгача илтифот кўрсатади:
— Қайрат аға, Қарақалпақстан Республикасиндағи ен актив парғоналик. Жумислар жахсими? Овулимизга қўнақ бўлиб келингиз, кутип қаламиз.

АЙТГАНЧА…

Президент ўтган йили Бўзатовга ташриф буюрганида сув таъминотини яхшилаш, фойдаланилмаётган ерлардан, томорқалардан самарали фойдаланиш юзасидан мутасаддиларга бир қатор топшириқлар берган эди.
Ҳозирда Амударёнинг ГК-900 қисмида секундига 3 метр куб сув чиқариш имконига эга насос агрегатини ўрнатиш ишлари олиб бориляпти. У ишга туширилиши натижасида Бўзатов тумани ҳудудидаги 76,9 км оралиқдаги “Еркиндарья” хўжаликлараро канали бўйлаб жойлашган 1,5 минг хонадоннинг 210 гектар томорқа майдонлари, 50 дан ортиқ қишлоқ хўжалиги корхоналарининг 2,8 минг гектар экин майдонлари, 3,5 минг гектар яйлов майдонларини суғориш бўйича муаммолар бартараф этилади.
2021 йил бошида аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш кўрсаткичи атиги 30 фоиз бўлган бўлса, ҳозирги кунда 74 фоизга етказилди.
Ичимлик сув таъминоти Бўзатовда энг муҳим ҳаётий масала эканлиги инобатга олиниб, “Аспантай”, “Еркиндарья”, “Кусханатов”, “Кўксув” овул фуқаролар йиғинларидаги сув тармоқларида таъмирлаш ишлари олиб борилди ҳамда сувни чучуклаштирувчи иншоотлар қурилди.

ДАШТУ ДАЛАЛАРДАМЕҲНАТ СИМФОНИЯСИ

Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан олим ва мутахассисларга Бўзатов туманида ҳудуд тупроғига мос навлар яратиш, пахта, соя, картошка, мева-сабзавотлардан мўл ҳосил олиш, кейинги босқичда чорвачиликни ривожлантириш бўйича режалар ишлаб чиқилди.

Халқ депутатлари Бўзатов туман Кенгаши сессиясида қишлоқ хўжалиги йўналишида 17 нафар ташаббускорлар учун талаб этиладиган 3 минг 751 гектар гектар ер майдони ажратиш маъқулланди. Шундан:
— пахтачилик кластери ташкил этишга – 2057 гектар;
— чорвачилик ва чорвачиликни ривожлантириш учун – 749 гектар;
— узумчилик йўналишига – 16,6 гектар, боғдорчилик ва полизчилик учун – 916 гектар, иссиқхоналар ташкил этишга – 13 гектар.
Бу йил 1232 гектар ер ўзлаштири-лиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунгача 1 минг 500 гектар (режага нисбатан 122 фоиз) ўзлаштирилди.
“Yaypan univer cluster” МЧЖ пахтачилик кластери ташкил этилиб, туман сессиясида кластер мутахассислари танлаган 2057 гектар ер майдони кўриб чиқилди. Кластер корхонаси томонидан ҳозирги кунга қадар 1100 гектар ер ўзлаштирилиб, 60 гектарига чигит, 90 гектарига соя, 10 гектарига картошка экилди.
— Кўкшеил ҳудудидаги узоқ йиллар фойдаланишдан чиқиб кетган ушбу ерлар юлғунзор эди, — дейди кластер корхонаси иш бошқарувчиси Қаҳрамонжон Имомназаров. – 2022 йилнинг январь ойида Фарғонадан барча турдаги энг юқори унумли янги техникалар олиб келиниб, иш икки сменада ташкил этилди.
Олимлар билан маслаҳатлашиб, илмий жиҳатлари ўрганилган ҳолда тупроқ-иқлим шароитига мос “С-4727” пахта нави танланди. Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, мазкур навдан биринчи йилнинг ўзида гектаридан ўртача 32-35 центнер ҳосил олиш мумкин. Асосий мақсад – шу йилнинг ўзида ҳар гектар ердан 40 центнердан сифатли ҳосил олишга қаратилган.
Бир майдонда бир пайтнинг ўзида техникалар ёрдамида учта жараён – ерни ағдариш, бороналаш, мола қилиш ишлари бажарилиб, чигит экилди. Чунки маҳаллий иқлим шароити шуни талаб қилади. Барча юмушлар бир кунда бажарилмаса, тупроқнинг нами қочиб уруғни униб чиқиши кечикади.
— 2021 йилнинг декабрь ойида келганман, — дейди 15 йиллик тажрибага эга механизатор Нўъмонжон Пирхонов. — Қадрдон тракторим ҳам темир йўли орқали Фарғонадан олиб келинди. Бу ерда меҳнат қилиш бироз оғир. Лекин амалласа бўлади. Ўтган даврда бу ернинг тупроқ, иқлим шароити, об-ҳавосини жуда яхши ўрганиб олдим. Мумтоз қўшиқлар чарчоқни, соғинчли туйғуларни унутишга ёрдам беради.
Кластер корхонасида маҳаллий аҳоли вакилллари учун ҳозирча 70 та янги иш ўринлари яратилди. Хўжааҳмед Обутов Еркиндарья касб-ҳунар коллежини тугатиб, иш йўқлиги боис Россияда ишлаб юрарди. Бу йил хорижга кетишга эҳтиёж қолмади. Оиласи бағрида, фарзандининг ёнида меҳнат қилаётгани, доимий даромад манбаига эга бўлганидан мамнун.
Шамшиддин Хўжамуротов ҳам Қозоғистонда мавсумий юмушларда ишлаб юрарди. Кластер ташкил этилгач, биринчилардан бўлиб ишга кирди. Турмуш ўртоғи, икки фарзанди биргаликда пахта майдонидан ижарага ер олиб, оилавий пудрат асосида ишлашни мақсад қилишган.
— Бу ерларни беш қўлдай биламан, — дея суҳбатимизни давом эттиради 35 йиллик механизатор Есенбай Ержанов. — 2000 йилларгача Бўзатов қишлоқ хўжалиги соҳасида Қорақалпоғистонда энг олди туманлардан бири эди. Шоли, маккажўхори, қисман пахта экилиб, яхши ҳосил олинарди. Кейин сув муаммо бўлиб, ерлар қаровсиз қолиб кетди.
Ербулан Еримбетов Кўкшеил аҳолиси дала меҳнатини соғингани, шунинг учун кластер корхонаси уюштирган ҳашарларда юзлаб одамлар ўз ихтиёри билан қатнашаётганини мамнуният билан таъкидлайди.
— Астойдил қилинган меҳнат самараси сифатида илк ҳосил нишоналари бўй кўрсатди, — дея кластер корхонаси мутахассиси Козимжон Сиддиқов бизни қўшни дала майдонларига етаклади. — Бир текис униб чиққан ғўза ниҳол-ларини суюкли ёримнинг сочларини силагандек авайлаб-асрайман. “Санта” навли картошка, Тошкентдан келтирилган соя уруғи ҳам бенуқсон ундириб олинди. Тажриба тариқасида қовун ҳам экиб кўрмоқчимиз.
— Козимжон янги куёв, — дея ҳа-зиллашишди унинг дўстлари. — Ўзи тўқиган “Бўзатовдан Фарғонага 1500 километр” деган ҳазил қўшиғини ҳар куни хиргойи қилади. Кластернинг яна бир мутахассиси “Бўзатовда беш сўм топиш осон эмас” деган ҳазил шеър ёзибди. Шунақа, Бўзатовнинг бепоён дашту далаларида Фарғонача аския, шеърхонлик, севимли куй-қўшиқлар одамни асло зериктирмайди.
Бу – сурурли, шукуҳли меҳнат симфониясидир.

ЭНДИ “БИЗГА БЎЛАВЕРАДИ” ҚАБИЛИДА

ЯШАБ БЎЛМАЙДИ

Ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилаш, “яшил макон”лар барпо қилиш, тадбиркорликни рағбатлантириш, саноатни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш бўйича ишлар қизғин давом этади.

Бугун олдимизда яна бир муҳим довон турибди. Бу – яшаш тарзимиз, ҳаётга муносабатимиз, дунёқарашимизни ислоҳ қилишни талаб қилади. Бир қарашда қийин, лекин уддалаш қийин бўлмаган юмуш.
Шу маънода айтганда, Бўза-товга Фарғона ҳавоси – тоза ҳаво кириб келди. Фарғонача тадбиркорлик, серҳаракат ҳаёт тарзи энг ўткир муаммолар – ишсизлик, камбағалликни комплекс ечимини таъминлайди. Томорқа маданиятини шакллантиради.
Аҳоли бандлиги, даромадини оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш, ишсизлар, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар учун янги иш ўринлари яратишга қара-тилган ташаббусларни қўллаб-қувватлайди. Нуронийларимиз учун муносиб шароитлар яратишга хизмат қилади.
Гапнинг очиғи, аксарият томорқа эгалари шу пайтгача ўз хонадонида иссиқхона ташкил этиш, сабзавот экинлари экиш, мевали боғлар барпо этишга унчалик қизиқмаган.
Туман марказида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Меригул Қабибназарова оиласи томорқасида фақат терак экилган эди. Тераклар кўчирилиб, февраль ойида томорқага редиска, картошка экилди. Кичик иссиқхона қуриб берилди. Редис-кани узиб ейишяпти, бодринг гуллади. Қува туманидан келган миришкор томорқачилар ҳовли атрофини ўраб, эккан мевали дарахтлари барг чиқарди. Катаги билан 5 та қуён, қўра қурилиб, 2 та қўй берилди. Яқинда қўйлари туғиб, тўртта бўлди.
Оила соҳиби кўп йиллар мактабда ўқитувчи, директор бўлиб ишлаб, нафақага чиққан. Лекин томорқадан фойдаланиш борасида ҳафсаласи бўлмаган.
— Деҳқончилик қилиб, ўз қўлимиз билан узиб есак бўларкан-ку! – дейди оила бекаси. – То-морқа юмушлари соғлом бўлиш учун яхши имконият экан. Қуёнларим, қўйлар оиламиз аъзосига айланди. Бунинг учун фарғона-ликларга ҳар қанча раҳмат айтсак арзийди.
“Кусханатов” овул фуқаролар йиғинининг бўш турган биносида Марғилон шаҳри тажрибаси асосида тикувчилик цехи ташкил этилди. 10 та замонавий тикув машинаси ўрнатилиб, 10 нафар хотин-қизлар иш билан таъминланди. Цехда болалар ва аёллар кийимлари тикиляпти. Шу маҳаллада яшовчи уста-чевар Дилбар Нурлипесова ўқув маркази фаолиятини йўлга қўйди. Эндиликда ҳудуд ёшлари касб-ҳунарга ўқитилади.
Шунингдек, оилаларнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш мақсадида уй-рўзғор буюмлари, ошхона жиҳозларигача таъминланишига эътибор қаратилди. Тиббиёт, таълим соҳасидаги муаммоларни бартараф этишга кўмаклашилмоқда. Аҳолининг асосий даромад манбаи бўлган чорвачиликни ривожлантириш, қорамол, эчки боқишни кўпайтириш мақсадида алоҳида режа-тадбирлар белгиланди. Буларнинг барчаси ҳаётбахш ислоҳотларнинг амалдаги яна бир тантанасидир.

Индира ПОЛИБЕКОВА,
Бўзатов тумани маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи.

О, СЕНИНГ ЁШЛИГИНГ МЕНДА БЎЛСАЙДИ!

Бугун туман ёшларига ўқиш, спорт билан шуғулланиш, маданий ҳордиқ чиқариш учун барча шароитларни муҳайё қилишга ҳаракат қилиняпти. Кейинги бир йилда қад ростлаган таълим, маданият ва спорт масканлари, хиёбонлар, Ёшлар боғи шулар жумласидандир.

— Йигит-қизларимиз жуда ҳам интилувчан, — дейди Бўзатов касб-ҳунар мактаби ўқитувчиси Мухтор Полибеков. — Келажагимиз ворислари таълим даргоҳида 6 та йўналишда касб-ҳунар ўрганишади. Айни пайтда компьютер инжиниринги, механизация, чорвачилик, тикувчилик каби йўналишларда 170 нафар ёшлар ўқияпти.
Байрамгул Есенмуратова ўтган йили Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиалини тамомлади. Ҳозирги кунда “Фарғона-Бўзатов” дирекциясида ишлаб, интенсив боғлар, иссиқхоналар яратиш устида илмий изланишлар олиб бормоқда.
Сулувхон Қаландарова қарийб 20 йил кутубхонада фаолият кўрсатиб, туман ёшлари, ўз фарзандлари китобхон бўлиб улғайиши учун ҳаракат қилди. Тўнғич қизи ёш тадбиркор сифатида катта ютуқларга эришаётган бўлса, икккинчи қизи Дилфуза Бозорбоева оғир атлетика бўйича Ўзбекистон, Қорақалпоғистон чемпиони. Ўтган йили Қорақал-поғистон давлат университетига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди.
— “Кусханатов” ОФЙдан ўтган йили ўнга яқин ёшлар олий таълим муассасалари талабаси бўлди, уларнинг уч нафари ҳудудлар учун ажратилган имтиёзли квота ўрни асосида ўқишга кирди, — дейди Сулувхон опа. – Шу маҳаллада яшовчи Кунсулув Саттинова чин етим, тоғасининг қўлида тарбияланди. Ўтган йили Қорақалпоғистон давлат университетига ўқишга киргач, тадбиркорларимиз ҳомийлик ёрдами сифатида контракт тўловини тўлаб беришди.
“Ҳунармандлар аллеяси”да ўнлаб бўзатовлик ёшлар доимий иш ўрнига эга бўлди. Бу ерда табиий матолардан тикиладиган қорақалпоқ миллий либослари, оёқ кийимлари, уй-рўзғор буюмларини топиш мумкин. Қувватбой Бекназаров фото-видео хизматларини йўлга қўйди.
Ака-ука Азамат Тўрамуратов ва Юсуп Рейимбоев қудратли техникалар ёрдамида 20-25 йил давомида юлғунзор бўлиб ётган ерларни ўзлаштириш жараёнида фаол иштирок этишяпти. Икковлон болалигидан отаси Турдибой Тўрамуратов ёнида юриб тракторчилик касбига меҳр қўйишган. Шу боис ёш бўлишларига қарамай ҳар қандай техникани маҳорат билан бошқаришади.

МЕҲР-ОҚИБАТГА ҚЎЙИЛГАН ҲАЙКАЛ

Бўзатовликлар одатда катта-ю кичикка бирдек сен деб мурожаат қилади ва бу водийликларга бироз қўполдек туюлади. Аммо туман аҳли ўзига яраша меҳмондўст, меҳр-оқибатли. Хушомадни ёқтирмаслиги, юзингизга очиғини айтишга ўргангани ҳам айни ҳақиқатдир.

Кенг яйловларда чорва моллари подалари уюр-уюр бўлиб ўтлаб юради. Одамлар хонадонларини баланд деворлар билан ўрашга ўрганмаган. Бир қарашда турмуш тарзи оддий. Аммо меҳмон келса, борини дастурхон қилиб ёзади.
Фарғоналик журналистлар туманнинг ўнлаб хонадонларида меҳмон бўлиб, юзлаб инсонлар билан суҳбатлашдик. Қорақалпоқ халқининг ўзига хос қадрият ва анъаналари, урф-одатлари ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлдик.
— Халқимиз азалдан меҳмонга юксак ҳурмат-иззат кўрсатади, — дейди “Бўзатов” шаҳарча фуқаролар йиғини раиси Жугинис Жуманазаров. — Шаҳарчадаги 1115 та оилада 5473 нафар аҳоли истиқомат қилади. Фарғоналиклар ташрифи бизга жуда хуш ёқди. Уларнинг ёрдамида ҳудуддаги 53 та оилага қўй, 10 та оилага қуён тарқатилди, 24 та хонадон томорқасига иссиқхона қуриб берилди. Паррандачиликни ривожлантириш мақсадида 10 дан ортиқ оилага 500 тагача жўжа очириш имконини берувчи миниинкубаториялар тарқатилди. Кўчадаги бўш ерларга Олтиариқдан олиб келинган “келин бармоқ” навли узум экилди.
Раис ҳамроҳлигида хонадон эгалари билан суҳбатлашдик. Хайрлашув чоғида оила бекалари қўлимизга ертандирда янги ёпилган иккита нон тутқазади.
— Удумимиз шунақа, — дейди Жугинис оға майин жилмайиб. — Бизда нондек азиз бўлгин деган мақсадда меҳмонга шундай илтифот кўрсатиш удумга айланган. Олаверинг, акс ҳолда хонадон соҳиблари хафа бўлишади.
Кўкшеилда поездга қўйилган ҳайкал бор. Шу ерлик нуронийларнинг айтишича, Иккинчи жаҳон уруши йилларида фронтга юк олиб кетаётган поезд шу ерда бузилиб қолган. Овул одамлари туну кун ёрдам бериб, поездни тузатишган ва манзилига кузатиб қўйишган. Шунинг учун кейинчалик ана шу ҳайкал бунёд этилган экан.
Бу маскан орқали поездлар қатнамай қўйганига анча йиллар бўлди. Аммо қорақалпоқ халқининг меҳр-оқибати тимсоли бўлган мазкур ҳайкал ҳали ҳам савлат тўкиб турибди.

АМУДАРЁ ЭТАКЛАРИДА БЕШАРИҚ ҚОВУНЛАРИ

“Кусханатов” массиви Амударё этагида жойлашган. Ўн чақиримдан кўпроқ масофада дарё суви қорақалпоқ диёрининг асрий қишлоқ ва овулларига ризқ-насиба улашиб, турли ирмоқларга бўлиниб оқади.

Шу ҳудудда Бешариқ туманидаги 4 та ғаллачилик кластерлари томонидан 32 гектар ер қовун экиш учун тайёрланди. Қорақалпоқ диёрида жорий йилда қовун етиштириш бўйича ўзига хос тажриба ўтказилиб, экспорт имкониятлари ўрганилади.
— Массивга сув чиқарилди, ер ҳозирлаб қўйилди, — дейди механизатор Турдибой Тўрамуратов. — Ҳозир ушбу ҳудудга тупроқ-иқлим шароитига мос тушадиган қовун навлари ўрганиляпти. Еримиз жуда ҳам унумдор, қовундан яхши ҳосил олишга ишонамиз.

ЗАМОНАВИЙ ТИББИЁТ МАСКАНИ

Туманда замонавий тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида муаммолар етарли. Одамлар оддий муолажа учун ўнлаб чақирим йўл босиши керак. Марказий шифохона ва ҳудудларда тор доирасидаги шифокорлар етишмайди.

Айни жиҳатларни инобатга олиб, Фарғона вилояти ҳокимлиги “Еркиндарья” ОФЙ йиғинида жойлашган қаровсиз аҳволдаги қишлоқ шифокорлик пунктида мукаммал таъмирлаш ишларини олиб бормоқда. Яқин вақт ичида йиллар давомида эътибордан четда қолган шифо маскани замонавий кўриниш ва шароитларга эга бўлади.
— Фарғоналик қурувчилар билан ёнма-ён ишлаб, шундай хайрли ишга ҳисса қўшаётганимиздан хурсандман, — дейди мазкур овулда яшовчи Муҳаммедали Мирзамбетов. – Шу кунларда бино томи янгитдан ёпилади. Кейин пардозлаш ишларига киришамиз. Хуллас, яқин кунларда бу ерда яшовчилар малакали тиббий хизматдан фойдаланишлари мумкин.

БОЛАЛАРНИНГ ШОДОН КУЛГИСИ

Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан олиб борилган ўрганишлар жараёнида “Кусханатов” ОФЙ йиғинида болаларни боғчага қамраб олиш кўрсаткичи яхши эмаслиги аниқланди.

Боиси ҳудуддаги давлат мактабгача таълим ташкилоти абгор ҳолга тушиб қолган бўлиб, ота-оналар муассасага фарзандларини жўнатишга ҳам қўрқишар эди.
Эзгу ташаббуслар доирасида ҳудуддаги эски боғчани капитал реконструкция қилишга киришилди. Шу мақсадда ичимлик суви тармоғи янгиланди, ҳудудни ободонлаштириш мақсадида мевали ва манзарали дарахтлар экилди, асосий ва қўшимча бинолар муҳташам кўринишга келтирилмоқда.
— Тўрт нафар набираларим бор, — дейди меҳнат фахрийси Бахтбай Даупиев. – Уларга яратилаётган бундай шароитлар албатта ўз самарасини беради. Маънан ва жисмонан баркамол авлод тарбияланади. Шу ишлар ташаббускори бўлган Президентимиз Шавкат Мирзиёевга чексиз раҳматларимизни айтамиз. Юртимизда шундай яхши юмушлар бардавом бўлаверсин.

ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ВА ТОМОРҚА
ХЎЖАЛИГИ – “ЎСИШ НУҚТАСИ”

Ўтган қисқа фурсат ичида ҳудуддаги 750 га яқин хонадонлар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, хизмат кўрсатиш ва томорқадан самарали фойдаланиш “ўсиш нуқтаси” сифатида белгиланди.

Кам таъминланган, эҳтиёжманд, ишсиз, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган аҳоли қатлами алоҳида тоифалар бўйича рўхатга олинди. Шу асосда шаҳарча фуқаролар йиғинининг “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.
Ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган 25 та оилага тижорат банкларидан имтиёзли кредитлар олиб берилди. Шаҳарча марказида, “Ҳунармандлар аллеяси”да ўнлаб истиқболли бизнес-лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича келишиб олинди.
Шаҳарча кўчаларида Олтиариқ тажрибаси асосида узум токла-ри ташкил этилган бўлса, аҳоли томорқаларига Қува туманидан келтирилган мевали кўчатлар экилди. Умуман олганда, Фарғона вилоятидан келган дўстларимиз ёрдамида ҳар бир оила томорқасидан фойдаланиш борасида маҳорат дарслари ўтказилди. Томорқалари ва узум токлари остига эртаки картошка, редиска, булғор қалампири, карам, турли кўкатлар экилиб, халқимиз аллақачон илк ҳосилдан баҳраманд бўлмоқда.
Қутлимурод Жонибеков оиласида 4 киши истиқомат қилади. Фарғоналиклар томонидан қурилган иссиқхонага помидор экилди. Кўчадаги сўриток тагида бодринг, булғор қалампири парваришланяпти. Ўз навбатида, вилоят аҳли томонидан берилган икки бош қўй, беш юз та жўжа боқишга мўлжалланган миниинкубаторий оила аъзоларини муқим даромад манбаи билан таъминлайди.
Рейимбай Исмамуратов оиласи ҳам Фарғона тажрибаси бўйича паррандачилик тармоғини йўлга қўйди. Ҳозирги кунда хонадонда водийдан келтирилган 1000 тага яқин жўжалар боқиляпти. Шу тариқа мазкур юмуш орқали хонадон бекаси, икки нафар қўшни аёлнинг доимий бандлигини таъминлашга эришилди.
Абдухайр Абдукаримов томор-қачиликка жуда қизиқади. Олтиариқдан келтириб экилган узум
кўчатларини меҳр билан қара-япти. Олтиариқлик миришкорлар ўзлари олиб келган бетон таянч устунларни шундай қулай тартибда жойлаштиришдики, узум ҳосилга киргунга қадар унинг остидан бемалол қўшимча экинлардан даромад олиб туриш мумкин. Ҳозир кунда узум токи тагида булғор қалампири, бақлажон илк ҳосил нишоналарини кўрсатиб қолди.
Бу каби хонадонларнинг кўчадаги бўш ер майдони қуриб-қақшаб, ахлат уюми йиғилиб ётарди. Энди кўрган кўзни қувнатадиган даражада обод ва кўркам жойга айланиб бормоқда. Энг асосийси, томорқадан самарали фойдаланиш борасида ҳар бир хонадонда иштиёқ, ғайрат-шижоат пайдо бўлди.
Ҳар бир оилада тадбиркорлик кўникмаси шаклланиб бораётгани энг катта ютуғимиз.
Нурлан ЖАНДУЛЛАЕВ,
“Бўзатов” шаҳарча фуқаролар йиғини бўйича ҳоким ёрдамчиси.

Газетанинг махсус сонини Муҳаммаджон ОБИДОВ ва Ботир МАДИЁРОВ тайёрлади.
Суратларни Муқимжон ҚОДИРОВ олган.

Ulashing: