Press "Enter" to skip to content

БЕШАРИҚНИНГ МИРИШКОР ФЕРМЕРИ

Икромали Йигиталиев раҳбарлик қилаётган “Йигитали пахтакор замини” фермер хўжалиги Бешариқ туманидаги кўзга кўринган, уруғчиликка ихтисослашган пахта-дон етиштирувчи хўжаликлар сирасига киради. Фермер деҳқон фарзанди, ер билан «тиллашган» миришкорлардан.

Хўжалик ҳар йили белгиланган режаларни ошириб бажаради. 4 гектар ерда тут плантацияси, 1 гектарида боғ ташкил этилган, 13 сотихдаги иссиқхонада лимон, апельсин, мандарин етиштирилмоқда.
Бу йил 42 гектар майдонга чигит қадалди. Қиш ичи сифатли яхоб берилиб, шўри ювилган майдонларда чигит қийғос униб чиқди. 34 гектардаги буғдой майсалари кўзни қувонтиради. 1 гектар майдондаги ўрик, шафтоли, бодом, гилос ҳар йили мўл ҳосил бермоқда. Мевалардан, аввало, жамоа аъзолари баҳраманд бўлади, ортгани сотилиб, хўжалик эҳтиёжлари учун ишлатилади. Биргина иссиқхонадан йилига ўртача 35-40 миллион сўм даромад олиняпти.
– Бу йил баҳор кечикди, аммо деҳқон кечикмаслиги керак. Айни кунда буғдойларни озиқлантириш, суғориш, касаллик ва зарарли ҳашаротларга қарши кураш олиб бориш лозим. Ерни алдаб бўлмайди. Олдин ерни тўйдириш керак, кейин ер эгасини, эл-юртни ўн чандон ошириб тўйдиради, – дейди Икромали Йигиталиев.
Фермер ташаббуси билан кўплаб ибратли ишлар, хайр-саховат амаллари ўтказиб келинади. Маҳалла ва қабрис- тонларни ободонлаштириш, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларига ҳомийлик қилиш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш каби эзгу амалларга бош-қош. Маҳаллада соғлом турмуш тарзини ривожлантириш, иқтидорли спортчиларни рағбатлантириш ишларига эътибор бериб келади.

Р. МИРЗАҚУЛОВ.
Т. Маҳкамзода олган суратлар.

Ulashing: