Press "Enter" to skip to content

Пенсия ва нафақалар тўлови: 1 ФОИЗЛИ ХАРАЖАТ ДАВЛАТ БЮДЖЕТИДАН САРФЛАНАДИ

Инсон меҳнат қилар экан, ўз келажаги, кексалик даври учун, агар таъбир жоиз бўлса, инвестиция киритади. Шу боис, пенсия таъминоти, нафақалар тайинлаш билан боғлиқ ҳар қандай янгилик ва ўзгариш ҳамюртларимизни жуда ҳам қизиқтиради.

Мамлакатимизда ижтимоий йўналишдаги ислоҳотлар доирасида пенсия ва нафақалар тайинлашда халқчил тизим яратилаётгани эътиборга сазовордир.
Президентнинг 2022 йил 7 апрель кунги “Давлат пенсиялари, нафақалар, компенсациялар ва бошқа ижтимоий тўловларни тўлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. Қарорда бир қатор муҳим ўзгаришларни амалга ошириш кўзда тутилган.
2022 йилнинг 1 май кунидан эътиборан “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, ва “Аёллар дафтари”га киритилганлар ҳамда жиноий қилмиши учун жазони ўтаб озодликка чиққан фуқароларга бериладиган тўловлар ҳар ойнинг бешинчи санасигача молиялаштирилади. Шаҳар-туманларда “Халқ банки”нинг сайёр кассалари томонидан ҳар бир маҳаллага ўз вақтида етказилади.
Бундай дафтарларда турган ҳамюртларимиз, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар, шунингдек, турли сабабларга кўра жиноят содир этиб, бугун озодликка чиққан, инсонпарварлик тамойили асосида афв этилган фуқароларнинг муҳим ҳаётий эҳтиёжи барчамизга яхши маълум. Тўловларнинг ўз вақтида етиб бориши уларнинг кундалик эҳтиёжлари, оилавий ҳаётини тўғри йўлга қўйиб олиши, давлатнинг ишончли ҳимоясини ҳис қилиши ва шу орқали эртанги кунга бўлган ишончи ошишига хизмат қилади.
Янги тартибга кўра, “Халқ банки” томонидан пенсия, нафақа ва моддий ёрдамни фуқароларга нақд пулда етказиш хизматлари учун Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ва давлат бюджетидан банкка 1 фоиз хизмат ҳақи тўлаб берилади. Бу мижозларга пенсия ва нафақалар етказиб беришда сифатли ҳамда тезкор хизмат кўрсатиш имконини беради.
Пенсия, нафақа, компенсациялар ва моддий ёрдам пулини банк карталари орқали олувчиларга ҳар ойлик пенсия ва нафақа пулининг 1 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий қилинади.

Шу йилнинг 1 майидан бош-лаб ушбу тизим амалга оширилса, пенсионерларнинг картасига 1 фоиз миқдорида қўшимча пул келиб тушади.

Агар пенсия ва нафақа банк картаси орқали олинса ва картадаги маблағ нақдлаштирилмай фойдаланилса, 1 фоиз миқдорида бериладиган ушбу қўшимча олинадиган маблағ пенсионер ихтиёрида қолади. Агар пенсионер пулни банкоматдан нақдлаштириб олса, қўшиб бериладиган ушбу маблағ ечиб олинади. Демак, пенсионерлар учун банкоматдан пул ечиб олиш фоизсиз бўлади.
2022 йил 1 сентябргача ҳарбийлаштирилган пенсиялар тизими автоматлаштирилади ва пенсия варақаларини юритиш амалиёти бекор қилинади. Бунинг натижасида аҳолининг ушбу қатлами замонавий ахборот технологиялари воситасида сифатли ва тезкор хизматлардан фойдаланади.

Шу мақсадда хориждан 1 октябргача 1800 та банкомат олиниб келиниб, олис ҳудудларга ўрнатилади. Бу чекка ва узоқ қишлоқларда яшаётганлар учун катта қулайлик яратади. Чунки пластик картадаги пулни нақдлаштириш эҳтиёжи туғилганида уларнинг узоқ йўл юриб, туман марказигача боришларига тўғри келарди.

2022 йил якунига қадар эса банкнинг пенсия ва нафақа олувчи фуқаролар маблағларини масофадан бошқариш имконини берувчи янги мобиль иловаси ишлаб чиқилади. Бу илова орқали масофадан туриб турли амалиётларни бажариш, хусусан, уйдан чиқмай ва бошқа исталган жойда коммунал тўловларни амалга ошириш имконияти яратилади.
Тараққиёт стратегиясининг ижтимоий ҳимоя йўналишида пенсия ва нафақалар миқдорини мунтазам равишда ошириб бориш кўзда тутилган. Бу “Инсон қадри учун” тамойилини тўлиқ рўёбга чиқаришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Зоҳирбек АКРАМОВ,
Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Фарғона вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи.

Ulashing: