Press "Enter" to skip to content

ЎЗБЕКИСТОН – ТУРИЗМ САЛОҲИЯТИ УЛКАН ЮРТ

Буюк Британиянинг “Гардиан” газетаси, умуман айтганда, ўндан ортиқ хорижий нашрлар Ўзбекистонни дунёда охирги йиллардаги энг яхши туристик йўналиш, деб тан олган. Бутунжаҳон туризм ташкилоти эса туризм соҳасида энг тез ўсаётган мамлакатлар рўйхатида юртимизга 4-ўринни муносиб кўрган. Жаҳон туризм бозорида рақобат кучайган бир пайтда жаранглаётган бундай таъкидлардан ғурурланмай бўлмайди, албатта.

Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон – туризм салоҳияти улкан юрт, ундан оқилона фойдаланиш эса ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир. Мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутадиган бу тармоқни янада ривожлантириш учун барча шарт-шароит мавжуд. Бу истиқболли тармоқни тубдан ислоҳлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар 2016 йилда бошланган бўлишига қарамай, “миллий иқтисодиётимизнинг стратегик йўналишларидан бири”, деб аталаётган бу соҳада ҳали қилинадиган ишлар, ечилиши лозим бўлган муаммолар талай.
Буни 26 апрель куни Президент Ш.Мирзиёев раислигида ўтказилгган видеоселектор йиғилиши ҳам кўрсатди. Туризм соҳасини янада ривожлантириш масаласига бағишланган анжуманда мамлакатимизда ички туризм бозорини кенгайтириш, туризм объектларини кўпайтириш ҳамда музейлар фаолиятини такомиллаштиришга асосий эътибор қаратилди.
2022 йилда мамлакатимизга келаётган хорижий туристлар сонини кам деганда 10 миллионга етказиш мақсад қилиб қўйилган бўлиб, йиғилишда 186 та халқаро ва маҳаллий фестиваллар ташкил этиш орқали жорий йилда камида қўшимча 1 миллион хорижий ва 5 миллион нафар ички туристларни жалб қилиш мумкинлиги қайд этилди. Шуни ҳисобга олиб, Туризм ва маданий мерос вазирлигига ҳудудларда турли фестиваллар, шу жумладан, Фарғонада Туркий халқлар ёшлари фестивалини, Маданият вазирлигига эса “Наврўз” ашула ва рақс ансамбли концертини уюштириш топширилди.
Пандемиянинг чекиниши сабабли май ойида хорижлик меҳмонлар сони (шу жумладан, энг аввало, Россия Федерация- сидан) кўпайиши кутиляпти. Дарҳақиқат, йиғилишда туризм соҳасида пандемиягача бўлган кўрсаткичларни тиклаш энг устувор вазифалардан бири эканлиги таъкидланди. Шунинг- дек, йил якунига қадар ҳар бир вилоятда туристлар учун жозибадор бўлган қиймати камида 20 миллион долларга тенг йирик лойиҳани амалга оширишга киришиш лозимлиги уқтирилди. Хусусан, Фарғонада “Фарғона парки” тематик боғини ташкил этиш лойиҳасига қўл уриш вақти келганлиги айтилди.
Бундан ташқари, шу йили мамлакатимиз туризм магистрали бўйлаб 31 та туман ва шаҳар ҳудудидан ўтадиган йўл бўйида автотураргоҳ, кемпинг, автосервис, овқатланиш, ёқилғи қуйиш каби шохобчаларни қамраб олган биттадан карвонсарой барпо этиш вазифаси қўйилди. Бу ишларга бир ой муддатда 1 триллион сўм миқдорида кредит ресурслари ажратилади. Йил охирига бориб қўшимча 100 миллион доллар жалб этилади.
Фарғона тумани, жумладан, Садкак қишлоғининг ҳам туризм салоҳияти юқори, лекин ундан талаб даражасида фойдаланилмаяпти. Йиғилишда бу каби бошқа қишлоқлар имкониятларидан тўлиқ фойдаланиб, инфратузилма муаммоларини ҳал этиш лозимлиги таъкидланди.
Айни пайтда ички туризмни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор бериляпти. 2022 йилдан бошлаб барча давлат ташкилотлари ходимлари учун йилига бир маротаба Ўзбекистон бўйлаб саёҳатга чиқиш харажатларининг 20 фоизини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қоплаш амалиёти қўлланилади. Бундан ташқари, 1 сентябрдан эътиборан Ўзбекистонда туристик кешбэк киритилади, яъни мамлакатимиз бўйлаб саёҳатга чиқадиган ватандошларимизга меҳмонхонада турганлик ва транспорт харажатларининг бир қисми қайтариб берилади. Хусусан, транспорт чипталари нархининг 15 фоизи, меҳмонхона харажатининг 20 фоизи, музей ва бошқа маданият объектларига чипта нархининг 50 фоизи қайтарилади.
Шу билан бир вақтда Юртбошимиз катта байрамлар ва фестиваллар ўтказиладиган даврда аҳолига мақбул шароитлар яратиш мақсадида қўшимча авиа, темирйўл ва автобус қатновини ташкил этиш зарурлигини қайд этди. Режага кўра, Наврўз, Мустақиллик байрами, Янги йил айёми, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари кунлари авиабилетлар нархи 50 фоизгача пасаяди. Бу чораларнинг ички туризмнинг ривожланишига туртки бўлишига шубҳа йўқ. Ўзбекистон шаҳарлари бўйлаб саёҳат фуқароларимизда юртимизга бўлган меҳр-муҳаббатни янада ошириб, фахр ҳиссини уйғотишини қайд этиш ортиқча бўлса керак. Шу ўринда Президентимизнинг “…Савицкий, Термиз археология, Ўзбекистон давлат санъат музейларига бутун дунёдан одамлар келади, лекин аҳолимизни бу маданият масканларига бориши тизимли ташкил этилмаяпти”, деган гапларини келтириш ўринли.
Фарғона вилоятида учта турис- тик марказ – Қўқон, Марғилон шаҳарлари ва Риштон тумани бор. Нуфузли халқаро фестиваллар ўтказилаётган бу шаҳарларда туристик инфраструктурани ривожлантириш, жумладан, катта-кичик меҳмонхоналар қурилишига жиддий эътибор берилмоқда. Вилоятда эндиликда учта туристик қишлоқ ташкил этилади – Фарғона туманидаги Водил ва Аввал ҳамда Олтиариқ туманидаги Қизилтепа қишлоқларида. Бу сўлим масканларда туристик инфратузилмани ривожлантириш биринчи навбатдаги вазифадир.
Туризм қишлоқлари ҳақида гапира туриб, давлатимиз раҳбари 1 июлдан бошлаб туризм қишлоқларида меҳмон уйлари, овқатланиш ва савдо шохобчалари, кўнгилочар жойлар ташкил этган тадбиркорлар уч йил давомида айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқни 1 фоиз ставкада, мол-мулк, ер, сув солиқларини ҳисобланган суммадан бор-йўғи 1 фоизини тўлашларини маълум қилди. Бундан ташқари, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида бундай қишлоқларда меҳмон уйлари ташкил этишга 50 миллион сўмгача, ўтов ва экоуйлар мажмуасига 300 миллион сўмгача кредитлар берилишини айтди. Туризм қишлоқларида яшовчи 200 нафар йигит-қиз ҳар йили туризм техникумларида бепул, бюджет ҳисобидан ўқитилади. Бу, маҳаллий кадрлар етишмовчилигига барҳам берилишига кўмаклашади, албатта. Дарҳақиқат, бизда йўлларимиз сифатининг пастлиги ҳамда гид ва экскурсоводларнинг танқислиги каби муаммолар ҳам бор.
Йиғилишда ҳокимларга туризм қишлоқларида йўл, электр энергияси, ичимлик суви, алоқа тармоқларини яхшилаш топширилди. Бу тадбирларга республика бюджетидан 250 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратиладиган бўлди.
Президент республика музейларида ўтказилган текширишларда уларнинг 14 тасида 3 мингдан зиёд нодир ва ноёб маданий бойликлар талон-торож қилинганлигини айтиб, “Бундан буён музейлардаги шароитларга вилоят ҳокимлари жавобгар бўлади”, деди. Баъзи музейлардаги маданий бойликлар қалбакиларига алмаштириб қўйилганлиги аниқланганлиги, 30 йилда маданий мерос объектларига етказилган зарар миқдори 4 триллион сўмдан ошиб кетганлигини маълум қилди.
“Санъатни халққа яқинлаштириш” дастури доирасида ҳудудларда музейларнинг сайёр кўргазмалари ташкил этилиб, янги музейлар, шу жумладан, хусусий музейлар яратилади. Бу мақсадларга 50 миллион доллар миқдорида маблағ йўналтирилади.
Президент туризмни сифатли транспорт-логистика хизматларисиз ривожлантириб бўлмаслигини айтиб, Фарғона – Бухоро – Фарғона, Фарғона – Урганч – Фарғона йўналишида авиақатновларни йўлга қўйиш топшириғини берди. 1 октябрга қадар янги “Силк авиа” авиакомпанияси ташкил этилади. Улар маҳаллий қатновларга мўлжалланган бўлади.
Йиғилишда мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган бошқа чора-тадбирлар ҳам белгиланди.
Тамара ТОШМАТОВА.
Муқимжон ҚОДИРОВ
олган суратлар.

Ulashing: