Press "Enter" to skip to content

ЯХШИ НИЯТ МУРОДГА ЭЛТАР

Истанбул миллионлар қалбини забт этган шаҳар. Унинг қадимий, тор, тош кўчаларини кезиш, гоҳ сокин, гоҳида ҳайқириб қирғоғидан тошадиган Босфор кўрфазини кузатиш, минг йиллик обидалар пойида тарихни тасаввур қилиб хаёл суриш… қанчалар оромбахш онларни ҳадя этади сизга.

Истанбул, айниқса, Рўзаи рамазон кунлари янада ўзгача файзлидир. Барча, ҳатто олис юртлардан келган сайёҳлар ҳам бу қутлуғ ой ҳурмати оҳиста сўзлайдилар, кулиб боқадилар, бир-бирларига иззат кўрсатадилар. Миноралардан азон овози эшитилгач эса ирмоқлар уммонга шошгандек масжид дарвозалари томон оқадилар. “Оллоҳнинг уйи”га қадам боссангиз, мушки анбарлар ҳиди уфуриб турган меҳробдан таралаётган Қуръоннинг қироатли каломи сизни сеҳрлайди. Беихтиёр ундан вужудингиз эриб, қалбингиз ҳузур топади. Сиз илоҳий ҳукмлар асирига айланасиз. Ҳар бир қалб борки, шундай кечинмалар илинжида яшайди, унга интилади. Биз ҳам кўпдан буён Аё София масжидида жума намозини ўқиш, Кўниё шаҳридаги Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратлари зиёратгоҳида бўлиш орзусида эдик. Яратганнинг марҳамати ила шундай онлар насиб этди.

Аё София: Эрдўғон билан жума намозида

Истанбулнинг қоқ марказидаги Аё София номи билан аталувчи масжид жаҳон архитектурасининг такрорланмас буюк намунасидир. Уни айрим олимлар “саккизинчи мўъжиза” деб ҳам атайдилар. Чунки ундаги мураккаб меъморий ечимлар сири ҳалигача ҳайратланарли. Ахир ўн беш аср муқаддам инсон ақли ва қўли билан бу қадар ҳашаматли, улкан, баланд, қуббалар кесими (диаметри) ҳозиргача энг узун бўлган иморатни қуриши мумкинлигини тасаввурга сиғдириш мушкул. Лекин шундай бўлган. Тарихчиларнинг ёзишича, у 532-537 йиллар давомида ўн минг қурувчи иштирокида қимматбаҳо мармар тошидан бунёд этилган. Ўшанда у Византия империяси пойтахти Константинополнинг рамзи, куч-қудратининг ифодаси дея талқин қилинган. Замонасининг қурилишга масъул хазинабони эътироф этишича, Аё София ибодатхонаси қурилишига 130 тонна (320 минг фунт) соф олтин харажат қилинган. У ҳозирга қадар ҳам дунёнинг энг қиммат ибодат иморати бўлиб қолмоқда.
Аё Софиянинг 9 та кириш йўлаги бўлиб, уларнинг биттаси асосий ҳисобланган ва ундан фақат дастлаб императорлар, кейин султонлар кирган. Иншоотга қуёш ёруғлиги куннинг барча вақтида бирдек тушиб туриши учун 214 та деразалар ўрнатганлар. Ўртадаги гумбаз кенглиги 31 метр, баландлиги 55,6 метрни ташкил қилади. Ўнлаб ғоят ноёб мармар яхлит тошлардан йўнилган устунлар бинога ўзгача маҳобат бахш этади.
Аё София 537 йилда христианларнинг православ йўналишидаги Константинополь бош ибодатхонаси сифатида очилган ва тўққиз аср хизмат қилган. 1453 йилда шаҳар Усмоний турклар томонидан эгаллаб олингач, султон Меҳмед II фармони билан у масжидга айлантирилади. Шу йилларда Аё Софиянинг тўрт томонига шарқона услубда миноралар ҳамда саҳн тўрида, каъба томонида меҳроб қурдирилган.
Султон Меҳмед II зиёли султонлардан бўлган, деб ёзади тарихчилар. Шунинг учун ҳам православ ибодатхонасининг ички безаклари (хоч, Исо пайғамбар ва бошқа иконалар)ни ўчиртириб ташламаган. Ўша пайтда уларнинг устидан юпқа сувоқ тортиб қўйганлар. 1935 йилга келиб, яъни орадан беш йил ўтгач, Туркия Республикаси раҳбари Мустафо Камол Отатурк қарори билан Аё София масжиддан музейга айлантирилади. Қуббалар ва ён деворлардаги безакларнинг сувоғи тозаланиб, яна қадимий ҳолатга келтирилади. Аммо бу қарор аҳоли ўртасида ҳамиша мунозарали бўлиб келган. Ниҳоят орадан 86 йил ўтгач, 2020 йил июнь ойида Туркия Республикаси Президенти Раджаб Тоип Эрдўғон Аё Софияга яна мамлакатнинг бош масжиди мақомини берди. Энди православ динига мансуб суратлар, икона ва безакларни Қуръон оятлари ёзилган лавҳалар билан тўсиб қўйдилар. Шундан буён Аё София ислом оламининг энг йирик масжидларидан бири сифатида мусулмонларга хизмат қилмоқда.
Рамазоннинг бир неча шукуҳли кунлари шу ерда беш маҳал ибодатда бўлиш насиб этди. Бир гал эса, бу 15 апрель куни, жума намозига мамлакат раҳбари Раджаб Тоип Эрдўғон жаноблари ҳукумат аъзолари билан кириб келдилар ва биргаликда ибодатда бўлдик. Намоз ўқиб бўлингач, Туркия Президенти Аё Софияга келган мусулмонларни Қуръон нозил бўлган ой билан муборакбод этди.

Кўниё: Мавлоно Румий ҳазратлари зиёрати

Дунё файласуфларининг файласуфи, шоирларининг шоири, исломнинг буюк уламоси… каби рутбаларга эришган Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратлари гарчи келиб чиқиш борасида туркий илдизларга пайванд бўлсалар-да, ижодлари асосан форсийда эди. Ўзбек халқига беқиёс хизмат кўрсатган Жамол Камол, Шоислом Шомуҳамедов каби шоир ва олимлар ҳазрат Румий ижод намуналарини ўзбекчалаштирдилар. Ва биз ул улуғ зотни яқинроқ таний бошладик.
Мавжуд манбаларда таъкидланишича, Жалолиддин 1207 йилда ҳозирги Афғонистон ҳудудидаги Балх шаҳрида замонасининг бу-юк олими Баҳовуддин Валад оиласида дунёга келган. У бир жаҳатдан Хоразмшоҳларга туташ бўлиб, бувиси шоҳнинг қизи эди, деб ёзадилар тарихчилар.
Валадлар оиласи турли сабабларга кўра Осиёни кезади, ҳаж қилмоқ ниятида Маккага боради, кейинроқ Нишопурга келиб яшайдилар. 1230 йилда салжуқийлар салтанати Кўниё шаҳрини пойтахтга айлантириб, унга атроф минтақаларидан олим-у шоирлар, дин уламоларини йиғадилар. Шу тариқа Баҳовуддин Валад оиласи Кўниёга кўчиб ўтади. Ва у бу ерда мадрасалар очиб дарс беради, унинг воизлигига султонлар ҳам тан бергани, ўнлаб, минглаб одамларни сўз қудрати билан ўз ортидан эргаштира олган қобилият эгаси бўлгани тарихга битилган. Жалолиддин шахсини шакллантиришда, шубҳасиз, оила муҳити, отаси муҳим ўрин тутган.
Жалолиддин инсоний фазилат ва қусурлар, одам ва Яратган ўртасидаги яширин муносабат, Оллоҳ ишқи фалсафасини ривожлантирди. Унинг шеър, рубоий, девонлари чегара ва замон билмай кенг тарқалди. Наинки форсий, туркийгўй алломалар ҳам уни устоз деб тан олганлар. Унга мавлонолик унвонини берганлар. Ҳатто Алишер Навоий ҳазратлари ҳам Мавлоно Жалолиддин Румийни “устозлар устози”, Абдураҳмон Жомий ҳазратлари эса “У пайғамбар эмас, аммо пайғамбарлик китоби бор” деб улуғлаган эканлар.
Мавлоно Жалолиддин Румийга бўлган чексиз муҳаббат, ҳурмат туфайлидир, уларнинг ижод намуналари авлоддан авлодга асрлар оша бугунги кунгача етиб келган. Олимлар, шоирлар қуйидаги асарларни алоҳида таъкидлайдилар ва ўзбекчалаштиришга ҳаракат қилганлар.
1. “Девони кабир», ғазал ва рубоийлар тўплами, Шоислом Шомуҳамедов таржимаси мавжуд.
2. “Маснавийи маънавий”, тасаввуфий-ишқий асар. Жамол Камол ва Асқар Маҳкам томонидан бир қисми таржима қилинган.
3. “Фийҳи ма-фийҳи” (“Ичингдаги ичингдадир”), фалсафий суҳбатлар тўплами, ўзбек тилида чоп этилган.
4. “Мавоизи мажолиси сабъа”, ўгит ва панд-насиҳатлар.
5. “Мактубот”. Румий ҳазратларининг замондошларига ёзган мактублари тўплами.
Биз бу мақолада Мавлоно Жалолиддин Румий ижодини таҳлил қилмоқчи эмасмиз. Бунга маънавий ҳаққимиз ҳам йўқ. Зеро, ҳазрат мероси ҳақида сўз айтмоқ учун ўша замон ва адабиётига оид юзлаб китобларни мутолаа ва таҳлил қилган олим бўлмоқ жоиз. Мақсадимиз Ҳазрат Румийнинг мантиқ ва фалсафа оламида тенгсиз буюклигини яна бир бор эслатмоқ ва ул зотга замондошлари кўрсатган эҳтиромни тилга олмоқдир.
Шундай қилиб, Кўниё ҳақида. Шаҳар Туркиянинг Онадўли воҳасида жойлашган. У гарчи Х асрдан буён шу номда аталаётган бўлса-да, тарихи жуда йироқ – етти минг йил аввал ҳам бу ерда одамлар тўп бўлиб яшаганлиги археологлар томонидан исботланган. Сўнгги икки минг йиллик бошларида бу ерлар Рим ва Византия империясига қараган. 1070 йилга келиб салжуқийлар уни босиб оладилар ва ўша пайтда ҳам илм-маърифат, адабиёт маркази бўлган Кўниёни ўзларининг пойтахтлари деб эълон қиладилар. Кўниё бир муддат (1322 й.) қорахонийлар, сўнгра Усмонли турклар салтанати (1420 й.) пойтахтига айланган. Умар Хайём, Мавлоно Жалолиддин Румий, Шамсиддин Табризий каби алломалар туфайли шаҳар номи ҳозиргача оламга машҳур.
Кўниёда улуғлар ва турк султонлари номи билан боғлиқ тарихий обидалар жуда кўп. Лекин бу ерга келувчи сайёҳ ва мухлислар аввало Мавлоно Жалолиддин Румий мақбараси зиёратига шошадилар.
Румий ҳазратларига бўлган юксак ҳурмат рамзи сифатида салжуқийлар султони устоз вафотидан сўнг пойтахт Кўниёнинг марказидаги боғгача ҳашаматли мақбара қурдиради. Атрофи ҳамон гулзор ва ноёб дарахтлар билан ўралган қуббадор улкан иншоотни халқ “яшил мақбара”, деб ҳам атайди. Сабаби, ҳазрат Румий қабрлари устидаги гумбаз яшил рангда ва ички деворлар ҳам яшил кошинлар билан безатилган.
Мақбара рамзий тўрт қисмдан иборат. Киравериш деворларига Қуръондан фотиҳа ояти яшил кошинларда акс этади. Бу ерни қироатхона дейдилар. Зиёратчилар ҳазрат ва мақбарага дафн этилган яқинлари ҳақига шу ерда дуои фотиҳа қиладилар.
Иккинчи қисмда Румийнинг оила аъзолари, фарзанд ва бошқа яқинлари дафн этилган.
Учинчи, асосий қисм ўта ҳашамдор безатилган. Бу ерда оталари, оналари ва Мавлоно Жалолиддин Румийнинг қабрлари бор. Атроф девор олтин сувида ёзилган Қуръоннинг муқаддас каломи билан безатилган. Биз шу ерда яна бир бор дуога қўл очдик.
Румий ҳазратларига бўлган беқиёс эътиқод туфайли Усмоний султонлари барвақт вафот этган бир неча тахт вориси — шаҳзодаларни Мавлоно қабри пойига дафн этганлар.
Румий ҳазратлари атомни ихтиро қилганлари йўқ. Буюк Хитой девори ёки Тожмаҳални қурмаганлар. Аммо уларнинг номлари ўша ихтирочи-ю, дунё мўъжизаси деб аталмиш иншоотларни қурганлардан юксакда. Қандай қилиб, дейсизми? Сўз, калом, мантиқ, шеърият, эътиқодлари туфайли мана, саккиз асрдирки, Мавлоно Жалолиддин Румийни муборак номлари дунё аҳлининг қалбида, ул зот битиклари тилдан тушмайди. Сўз қудрати атомдан-да кучли эканининг яна бир исботи бу.

КЎНГИЛ ТАХТИНИНГ ЭГАСИ БЎЛГАН ДАРВЕШ

Ҳаётда барча мўъжизалар яратганнинг ихтиёри билан бўлади. Шамсиддин (баъзи манбаларда Шамс дейилган) Табризий мадрасада устози саволига билганларини билимдонлардек сўзлаб беролмайди. Шунда устози ҳали вақт келиб оламга машҳур инсон унинг шогирди бўлишини башорат қилган экан.
1185 йилда Табризда туғилган Шамс ялангоёқ, жулдур кийимда дарвешона ҳаёт кечиради ва кўп ўлкаларни кезади. Тарихда битилишича, 1243 йилда Кўниёга келиб қолади ва тақдир уларни Жалолиддин Румий билан учраштиради. Биринчи тўқнашув ва тортишув уларнинг мустаҳкам устоз-шогирд, чинакам дўстга айлантиради. Ўша замон олимлари, икки буюк аллома шогирдлари уларнинг биринчи суҳбатлари қирқ кун давом этган, деб ёзган эканлар. Шундан сўнг ялангоёқ, устида қора жулдур чакмон кийган дарвешни Румий бир умр устоз деб қалбини тобе қилган. Шамсиддин Табризий аввало ҳаёт илмининг билимдони, файласуф, мантиқда тенги йўқ олим эди. Шунингдек, у кимё, фалакиёт, математика соҳасида етук илм эгаси бўлганини ёзган шогирдлари.
Табриз дарвешона ҳаёт кечиргани учун ҳам бизгача келган фалсафий асарлари, фикрлар тўпламини ўзи ёзмаган, балки шогирдлари устоздан эшитган гапларини қоғозга битиб, жамлаб борганлар, дейдилар тадқиқотчилар.
Румий ҳазратларининг ҳаёт тарзи ва ижоди ҳам икки босқич, икки фаслга бўлинади. Шамс Табризий билан учрашгунча ва ундан кейинги давр. Мавлонога ҳақиқий машҳурлик ва эътироф унинг Табризий билан танишганидан кейинги ҳаёти ва ижодига тааллуқлидир, деб таъкидлайдилар румийшунослар. Дарҳақиқат, Мавлононинг ўзлари ҳам буни: “Шамс Табризий бир подшоҳ каби кўнгил тахтига ўтиргандир. Менинг шеърларим худди қуллардек, унинг ҳузурида саф тортиб туради”, дея тасдиқлаганлар.
Кўниёга сафаримиз чоғи ул улуғ зотнинг ўзлари каби камтарона мақбараларини зиёрат қилдик. У Мавлоно Жалолиддин Румий мақбарасидан чамаси ярим чақирим жанубда, бугун Табризий номи билан аталаётган боғчада жойлашган.
Рамазоннинг муқаддас бир неча кунларини шу улуғлар зиёратида ўтказиш насиб этганига Яратганга беадад шукроналар бўлсин.
Муҳаммаджон
ОБИДОВ.
2022 йил, апрель.
Истанбул-Кўниё.

Мавлоно Жалолиддин Румий ҳикматларидан:

Иймон намоздан яхши-роқдир. Чунки намоз беш маҳал фарз, иймон эса ҳар доим.

Кўчанинг дайди итига хоҳ олтиндан, хоҳ юнгдан тасма тақ, барибир кўча итилигича қолаверади.

Куфр билан иймон, тухумнинг оқи билан сариғига ўхшайди.

Ақллидан келган жафо нодондан келган вафодан яхшидир.

Сабри йўқнинг иймони ҳам бўлмайди.

Қуёшнинг нури ахлатга тушса ҳам айнимайди, чунки у нурдир.

“Сўрасак ҳам бермади”, дема. Сўрашни билмадинг, ҳеч бўлмаса ёлғон гапирма.

Шамсиддин Табризий ҳикматларидан:

Ҳаммаси қалбингга боғлиқ: қалбингни ўзгартир, дунёинг ҳам ўзгарсин.

Баъзан ортингга қараб қўй: шунда қаердан келганингни унутмайсан.

Баъзан узоқлашмоқ керак, яқинлашмоқ учун. Баъзан эсламоқ керак, эсланмоқ учун. Баъзан йиғламоқ керак, очилмоқ учун. Баъзан сукут яхшидир, тингламоқ учун.

Севишни қалб буюрдими ёки ёлғизлик? Рости, севги деганлари нима ўзи? Бир шамни тутатмоқми ёхуд ёнаётган оташга тегинмоқми?

Сўзлар ҳақиқат эмас, бор йўғи оғиздан чиққан товушлардир. Ҳақиқатни англамоқ учун яшамоққа эҳтиёж бор.

Дўст дегани гулдай бўлмоғи керак: ҳам япроғи, ҳам тикани билан.

Қалбингни кин ва ҳасад ила кирлатма. Чунки уларни ювиб кетказолмайсан.

Маъруфжон Йўлдошев
таржимаси.

Ulashing: